Аллергик хасталиклар кўпинча мавсумий хусусиятга эга. Масалан, баҳорда дарахтлар гуллаши, ёзда ўсимликлар чанг зарралари ва қуёшнинг ультрабинафша нури, кузда ёмғирдан кейин ҳавога кўтариладиган замбуруғ споралари баъзиларда аллергик реакцияларни юзага келтириши мумкин.
Бундан ташқари, ҳайвонлар юнги, уй чанги, қатор озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар, косметик ҳамда кимёвий воситалар акс таъсир қиладиган инсонлар ҳам бор.
Хўш, қиш фаслида аллергияга мойил кишиларда қандай патологиялар кўп кузатилади?
Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова шу ҳақда маълумот берди.
— Ҳаво ҳарорати пасайиши билан айрим инсонларда тез-тез акса уриш, лаблар қуриши, кўкариши, кўз ёшланиши, тошмалар тошиши, қичишиш каби ҳоллар кузатилади, — дейди мутахассис. — Иссиқ жойга киргач эса ғайритабиий аломатлар камаяди.
Бу — совуқ оқибатида пайдо бўладиган аллергияга хос симптомлар. Яъни тананинг паст ҳарорат таъсирига ҳаддан ташқари сезгирлиги белгиси. У кўпроқ аёллар ва болаларда кузатилади.
Мазкур касаллик, аввало, иммунитет тизими заифлигини ифодалайди. Бундай инсонлар совуқ билан юзлашганда, организм ноёб патологик оқсил — криоглобулин ишлаб чиқара бошлайди. У иммунитет ҳужайралари томонидан бегона унсур сифатида қабул қилиниб, ҳужумга учрайди. Бу жараёнда фаол ишлаб чиқариладиган гистамин моддаси аллергик реакцияга сабаб бўлади.
Хасталик турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлади: эшакеми, ринит, конъюнктивит, дерматит, астма... Ҳатто оғир ҳолатларда баъзи беморларда Квинке шиши ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Улар орасида энг кенг тарқалгани эшакеми бўлиб, танада пуфакчалар пайдо бўлиши билан тавсифланади.
Совуқдан аллергия белгилари изғирин ҳарорат таъсиридан 3-5 дақиқа ўтгач пайдо бўлади ва аломатлар 1-2 соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин. Касалликнинг ўткир ва сурункали шаклида қўл, юз, ёноқ ва оёқларларда кучли қичишиш юзага келиб, сўнгра терида қизил доғ ва пуфакчалар ҳосил бўлади.
Баъзан титроқ, умумий ҳолсизлик, юрак уриши тезлашиши ва бўғимларда оғриқ кузатилади. Нафас қисиши, тахикардия, қон босими пасайиши, кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи безовта қилиши мумкин.
Ўткир респиратор вирусли касалликка чалинган, аллергияга наслий мойиллиги бор, ошқозон-ичак йўллари ва жигар хасталикларидан азият чекаётган беморларда совуққа сезгирлик кўпроқ кузатилади. Баъзан аллергиянинг мазкур турини тумов ва ринит билан адаштириб юбориш ҳолатлари ҳам учрайди. Шу боис бундай вазиятда, албатта, аллерголог мутахассисга мурожаат қилиш лозим.
— Ҳаво ҳарорати кескин пасайганда баъзи беморларда совуқдан аллергия кузатилиши мумкин. Бу терида қизариш, шиш, пуфакчалар, қичишиш, кўз ёшланиши каби аломатлар билан намоён бўлади.
Хасталикнинг айнан паст ҳарорат таъсирида юзага келаётганини уй шароитида ҳам синаб кўриш мумкин. Бунинг учун қўлингизнинг билак қисмига муз бўлакчасини қўйиб, 5-10 дақиқа ушлаб турасиз.
Агар шу вақт давомида билагингизда қаварчиқ пайдо бўлса, қичишиш, қизариш ёки ачишишни сезсангиз, демак, сизда совуқдан аллергияга мойиллик бўлиши мумкин. Аммо аниқ ва якуний ташхисни аллерголог-иммунолог қўяди.
Шифокор кўрсатмасига кўра, махсус синамалар топширилади. Қон таҳлили орқали беморда эозинофиллар ва иммуноглобулин Е миқдори қисман ошиши тасдиқланса, тегишли даво муолажалари белгиланади.
Шунга қармай, бу турдаги аллергияга мойиллиги бор кишилар совуқдан ҳимояланишлари керак.
Аввало, совуқ кунларда қалин кийининг! Қўлқоп, бош кийими, шарф ва иссиқ пайпоқлардан фойдаланинг!
Изғирин ҳароратда кўчага чиқишдан аввал шифокор тавсия этган ҳимоя кремлари ва махсус малҳамларни қўлланг!
Совуқ ичимлик ва егуликлар истеъмол қилманг!
Совуқ сувда чўмилманг! Ювиниш чоғида қаттиқ мочалкалардан фойдаланманг!
Иммунитетни мустаҳкамловчи маҳсулотлар, дармондорилар, темир, кальций, цинк, калий, селенга бой таомлар тановул қилинг!
Асал, мураббо, спиртли ичимликлар, аччиқ, шўр егуликлар, қизил рангли мевалар, бўёқ қўшилган маҳсулотлар, балиқ ва от гўштидан тайёрланган таомлар, ёнғоқ, ерёнғоқ, писта каби қуруқ мевалар, турли ўтлардан дамламалар истеъмол қилмай турганингиз маъқул. Чунки уларда аллергик хасталик қўзғатувчи хусусиятлар мавжуд.
Шунингдек, аллергияга мойил кишилар шифокор тавсиясисиз сульфаниламидлар, антибиотиклар, талваса (судороги), яллиғланиш ва силга қарши препаратлар ҳамда турли витаминлар қабул қилиши мумкин эмас.
Ҳозирги кунда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт марказимизда ушбу касалликка аниқ ташхис қўйиш баробарида, уни самарали даволаш йўлга қўйилган.