Тил — миллатнинг ўзига хослигини кўрсатувчи энг асосий восита. Ўтган йиллар давомида ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ошириш йўлида кўплаб амалий ишлар қилинди. Хусусан, 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Бугун Вазирлар Маҳкамасида бевосита тил масалалари билан шуғулланувчи департаментнинг ташкил қилингани, қолаверса, ҳар бир ташкилот ва идора раҳбарининг айни давлат тили ҳақидаги қонунга риоя этилишида кўмаклашувчи маслаҳатчилар лавозими жорий этилиши биз юқорида таъкидлаган амалий ишлардан бир намунадир. Устоз ижодкорларнинг тил ҳимоясига бағишланган, давлат тилининг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи асарларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиши ҳам қувонарли, албатта. Ана шундай оғир, аммо жуда шарафли вазифани елкасига олиб, тил тарғиботи йўлида янги йўлни бошлаб берган устозларимиздан бири ҳеч шубҳасиз Эркин Воҳидовдир. Қуйида ўзбек тилининг жонкуяр ҳимоячиси, фаол тарғиботчиси бўлган устозимиз Эркин Воҳидов ҳақида кўнглимдаги гапларни ёздим.

Тангри Таолога ўзбек халқининг қайсидир ҳислати маъқул тушган бўлса керак, толеига Эркин Воҳидовдек буюк шоирни, мутафаккирни, тенги йўқ сўз заргарини туҳфа қилди. Мен ўзбекнинг оддий бир ҳавасманд ижодкори сифатида шукурлар қиламанки, ўқувчилик кезларим дарслигимда суратини кўрганим, шеърларини ёд олиб имтиҳонларда “беш” олганим инсоннинг назарига тушдим, меҳрини қозондим.

Қизиқ бир ҳолатни кўп кузатганман, журнал ёки газетда бирор ижодкорнинг суратини илк бор кўрганингдаёқ кўнглингда қандай таассурот уйғонса, кейинчалик ўзи билан кўришган пайтингда ҳам ҳақиқатан тасаввурингга мос инсон эканлигига гувоҳ бўларкансан. Гоҳида шундай бўладики, баъзи кишилар ўқишли асарлар ёзган тақдирда ҳам, суратини кўрган пайтингда қандайдир нохуш кайфият уйғонади, негадир кўнгил ғаш тортаверади. Худди шунақа ижодкорлар билан кейинчалик бирга ишлашга, сафарларда шерик тушишга, баъзилари билан қўшни бўлиб яшашга тўғри келгач, бу фикримга яққол амин бўлганман. Аммо Эркин Воҳидовнинг ёруғ юзи, ўзига ярашган салобати, теран нигоҳини суратларида ёки телевизионда илк бор кўрган пайтимдаёқ яхши инсон эканлигига ишонч берувчи кайфият пайдо бўлган. “Эркинжон чиққан газетанинг ўша саҳифаси нур таратиб туради”, дерди устоз Йўлдош Сулаймон.

Кейинчалик Эркин Воҳидов билан яқин ҳамсуҳбат бўлиб, бетим қотиб, унча-мунча гапни бемалолроқ айтадиган бўлганимда, ўша биринчи таассуротимни эслаб, устозга сўзлаб бердим. У киши, ўзига ярашган алфозда, бошларини озгина орқага ташлаб, кулиб, “Ҳа, суратда одамнинг кўнгли акс этади, буни илғаган илғайди. Лекин баъзи инсонлар суратга тушишни қотиради, бир қарашда покдомон, фаришта бўлиб кўринади, – деди ва жиддий тортиб, мисол тариқасида Сталинни эслади, – унинг расмига одамлар маҳлиё эди, ҳалигача уйининг тўрида асрайдиганлар бор, лекин улар у одамнинг қандай разил, ваҳший бўлганини тасаввурига ҳам сиғдиролмайди”, деди ва яна кулимсиб қўшимча қилди: “Бунақа нусхалар бугун ҳам учраб туради”.

Улуғлар ҳақида гап кетганида баъзилар “гуруч баҳона сув ичиб қолайлик” деган мақсадда ўзининг шахсиятини тарғиб қилиб қолади, шунга хушёр бўлиш керак дейишади. Лекин, буюк шахслар тўғрисида кўзинг билан кўриб, ўз қулоғинг билан эшитганларингни ёзмасанг, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган олди-қочди ҳангомага айланиб кетиши ҳам ҳеч гапмас.

Алқисса, устоз билан биринчи кўришувим бундоқ бўлган. “Қўнғироқ” номли мақоламда бу ҳақда эслаганман, талабалик пайтимда Тошкентга “шеър тарқатгани” келиб, Ҳамза театри ёнидан чиқиб қолдим. Бир пас анграйиб, атрофни томоша қилиб турсам, бирдан, йўл четида машина тўхтаб, кимсан нақ Эркин Воҳидовнинг ўзгинаси тушиб турибди! Худди кутилмаганда бошидан бахт қуши учиб ўтган одамдай ангда қолдим. Кимдир кутиб олиши керак бўлган шекилли, устоз аввал атрофга кўз югуртириб, сўнг ўзларига хос маҳобат билан оҳиста юриб, зинадан бир-бир босиб, ичкарига кириб кетди. Анграйганча қолдим. “Эҳ, нимага дастхат олиб қолмадим, нимага бориб сўрашмадим”, дейман ҳушимни йиғиб олгач. Кейинчалик Эркин акага шу воқеани эслатганимда, ўзига хос лутф билан: “Югуриб бориб, қўлимни ушламабсиз-да, мен Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо бўламан!” демаган экансиз-да, деди. Шу гапдаям икки маъно борлигини қаранг: бўламан – мен ўшаман; бўламан – мен ҳали бўламан...

1991 йил Тошкентга келиб, “Ватан” газетасида иш бошладим. 1994 йил устоз Хайриддин Султонов чақириб, Эркин Воҳидов мени сўраётганини, “Кўнгил” номли китобим маъқул бўлганини, Гулчеҳра опага (Эркин Воҳидовнинг турмуш ўртоғи) Давлат Стандартлаш агентлигига ёрдамчи ходим керак эканлигини айтди. Хайриддин аканинг столида ҳам ўша шапалоқдек китобча турганини кўриб хурсанд бўлдим...

Эртасига қўмитага бордим, телефон қилиб боғланолмадим, анча пайт кутдим. Кейин билсам, опанинг тоблари қочиб касалхонага тушиб қолиб, ишга келолмабди. Шундай қилиб, опага ёрдамчи бўлиш толемизга ёзилмаган экан. Лекин, кейинчалик оилавий борди-келди асносида опага ўғил, Хуршидбек билан ака-ука бўлиб кетдик. Гулчеҳра опам қўли гул уй бекаси бўлиши билан бирга, ҳам сўзга чечан, нозиктаъб шеършунос эканлигига кўп гувоҳ бўлганман. Буюкларни суяб турадиган тоғи бўлади, илҳом берадиган чаманзор боғи бўлади дейишади. Ойбекнинг Зарифахоними, Ҳамид Олимжоннинг Зулфияси, Қаҳҳорнинг Кибриёси ҳақида кўп ҳикоялар бор. Мен ана шундай тимсоллар қаторидда Опанинг қиёфасини ҳам кўраман.

Устоз билан биринчи суҳбатимиздан тортиб, стационардаги охирги учрашувимиз пайтида ҳам ул зот сўзни қанчалик эъзозлагани, тилга қанчалик меҳр ва муҳаббат ила муносабатда бўлганликлари, сўзни ёш боладай, жужуқдай эркалаганликларига шоҳид бўлганман.

Адабий “гап”имиз бор эди. Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Иброҳим Ғофуров, Умарали Норматов, Неъматулло Иброҳимов, Абдуғофур Расулов, Шуҳрат Ризаев, Ҳамидулло Болтабоев, Хуршид Дўстмуҳаммад каби адиб-олимлар иштирокида кун бўйи адабий суҳбатлар бўларди. Суҳбатларда гап Навоийга бориб тақалаверар, сўзларнинг тарихига, ривожига, ҳаракатига тааллуқли мушоҳадалар қизигандан қизирди. Эркин ака менинг “Девону луғати-т-турк”ка қизиқишимни рағбатлантириб, “Шоир одам олим, тилшунос бўлиши керак, шоирнинг илми ширалироқ бўлади”, дерди.

“Алп Эр Тўнга ўлдими?

Эсиз, ажун қалдими?

Ўдлак ўчин алдими?

Эмди юрак йиртилур!” — тўртлигини ўқисам, “Воҳ, мана буни шарҳлаш керак, шеърни қаранг, туркнинг қиличидек кескир, ҳам риторик сўроқ, ҳам одам қайғудан ўз ичига сиғмаётгани ифодаси! Мана шу ҳақиқий шеър, воҳ-воҳ”, деб тўлқинланиб кетарди.

Алишер Навоийнинг “Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин, Билким, гуҳаре шарифроқ йўқ ондин”, байтини келтириб, устоз: “Навоий ҳазратлари икки маънога ишора қилади, биринчиси, “Ҳайвонга тил ато этилмади, фақат овоз берилди”, иккинчиси, “Инсонни ҳайвондан жудо қилган жиҳат – тилнинг назокати, гўзаллиги, латофати, сўзни ишлатиш маҳорати. Инсон бўла туриб тилни тўғри ишлата олмаса, ҳайвондан фарқи бўлмайди, тил латофатига эга бўлиши — инсонни ҳайвонсифат одамдан фарқлайди”, деган маънони ҳам ифодалайди...”

Бир куни Эркин ака Абдулла Қаҳҳорнинг “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?” деган гапини эслаб, “Агар тил қоидасини бузиб, булғаб, оёқости қилаётганлар жаримага тортилганда, биздан кўра бой давлат бўлмасди, бунча пулни қаёққа қўйишни билмай қолардик”, деб лутф қилганди...

“Тил учун фақат Тил қўмитаси ёки бошқа масъул идоралармас, халқ курашиши керак, чунки бу бир ташкилотнинг эмас, халқнинг бойлиги”, – деб таъкидларди. “Сўз латофати” китобида ёзганидек: “Она тили умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун кайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир”.

Эркин аканинг:

Эл – устозим, мен эса – толиб,

Сўз дурларин термоқдир ишим.

Одамларнинг ўзидан олиб,

Одамларга бермоқдир ишим, – деган мисралари ўзларининг ҳаёт шиорларидай жаранглаб, яшаш принципига айланган эди. Эркин ака охирги пайтларидаям тилнинг гўзаллигига суяниб, шундан завқ-шавқ, қувват олиб яшади. “Сўз латофати” китобидаги ҳикматларининг жуда кўпларини ўша суҳбатларда бизга гапириб, пишитиб олганди.

Даҳоларнинг ҳикмати шундаки, одамлар билган, аммо идрокига етмаган мулоҳазаларни содда қилиб тушунтириб қўяди. Қаранг, қарсак билан чапакни қандай шарҳлаяпти: “Кафтни кафтга уриш – олқиш белгиси. Чиққан товуш чапилласа чапак, қарсилласа қарсак бўлади. Агар биров ғафлатда, ангда, бирор нарсадан ғофил қолса, чапак чалганча қолди, дейилади”. Ёки узум ҳақидаги фикрларига эътибор қилинг: “Узум едим, “узум” дедим, билсам, токдан узиб едим, дегандек, ўз кўлим билан ишкомдан узум узатуриб, бу сўзнинг узмоқдан олингани хаёлимга келган эди. Ахир унган нарсани унум, ғуж ўсган мевани ғужум, жамият тузилишини тузум, чўғнинг қўридан колган кулни қурум деймиз. Оғизга солиб ютганимиз ютум, томоқдан қулт этиб ўтган сув қултум бўлганидек, ишкомдан узиб еганимиз узум бўлади-да, дея ўз содда кашфиётимдан суюнган эдим..”

Эркин аканинг тилга бўлган муносабати ҳақида сўз кетганда, яна бир жиҳатга эътибор қилишни истардим. Тилимизни яхши кўрадиган акаларимиз, дўстларимиз, худога шукур, кўп. Лекин уларнинг қарашларида баъзида маҳдудлик, чекланиш жиҳатларини ҳам кўрамиз. Масалан, кимдир форсча сўз керакмас, дейди. Кимдир арабчани, кимдир туркчани-да ишлатишга қарши, ўзбек тили “соф” бўлиши тарафдори. Эркин ака айтардиларки, “Тилимиз шаклланган муҳит, жуғрофий ҳудуд форсий, арабий ва туркий дарёлардан сув ичган, шунинг учун ҳам ифода имконияти кенг. Шунақа товланишлар борки, бошқа туркий тилларда топилмайди бу. Қодирий тилини, Бобур тилини кўринг, сўзнинг қандай гўзал ифода топишига эътибор қилинг. Халқона сўзларни айтмайсизми. “Қани, ўзларидан бўлсин”, деган ифодани қайси тилдан топиш мумкин?”

Бугунги умумлашув даврида дунёдаги ҳеч бир фаол тил хориж сўзларидан ўзини бутунлай муҳофаза қила олган эмас. Инглизми, японми, туркми, ҳаммасида ҳам минглаб, ўн минглаб бошқа тиллардан кириб келаётган сўзлар борлигини кузатиш мумкин.

Дарҳақиқат, Эркин ака тилга нисбатан жуда бағрикенг эди. “Тилимиздан бошқа сўзларни ҳайдаб чиқарамиз, дейиш нотўғри, чунки халқимизнинг қон-қонига сингиб бўлган байналмилал, интернационал сўзларни ҳам қабул қилишимиз керак. Дин нуқтаи назаридан, арабча ҳам тилимиз ҳисобланади. Яқин ҳамкорликда бўлиб сингишиб кетгани учун форс тилиям ўзимизнинг тилимиз”, дерди. “Сўз – забаржад, зўр – гавҳар, олтин...” Шу ифоданинг ўзида ҳам учта тилдан фойдалангани тилга бўлган муносабатини англатади. Эркин аканинг гапларидан хулоса қиламанки, Темур бобомиз дунёни қандай босиб олиб, эга чиққан бўлса, биз ҳам уларнинг тилларига қайсидир маънода эгамиз. Навоий бобомиз форс тилиниям, араб тилиниям мукаммал ўзлаштириб, бизга мерос қилиб қолдирган...

“Мен бутун инсониятни, коинотни яхши кўраман, жонимни фидо қиламан”, дейишимиз мумкин. Лекин бу севгимиз халққа наф келтирмаса, баландпарвоз гаплигича қолаверади. Эркин ака шу маънода ўз халқининг адабиётига, тилига чексиз садоқати, муҳаббати  ярақлаб кўриниб турадиган, гўзалликни ардоқлайдиган, дунё тилларини ҳурмат қиладиган кенгюрак инсон эди. Агар киши ўзини ҳурмат қилмаса, бошқалар ҳам уни ҳурмат қилмайди, ўз тилини ҳурмат қилмаса, бошқалар ҳам унинг тилини ҳурмат қилмайди. Агар инсон ўз халқини бошига кўтармаса, бошқа халқ вакиллари ҳеч қачон бу ишни қилмайди. Эркин ака: “Менга Пушкин бир жаҳону, менга Байрон бир жаҳон”, – дея уларнинг ҳурматларини жойига қўйиб, – Лек Навоийдек бобом бор, кўксим осмон, ўзбегим”, сатрларига бир умр садоқат билан яшаб ўтдилар. Мана шу бағрикенглик, инсониятга бўлган муҳаббат Эркин аканинг ижодида ўз аксини топган. Ғазалларида, шеърларида сўзни ўйнатиб, худди тилла тангани отиб қуёшнинг нурида товлантиргандай ифода жилваларида акс эттирарган. Содда сатрлари билан сўз санъатининг гўзал ва мукаммал намуналарини яратиб кетди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Олий Мажлисда Тил қўмитасига раис бўлиб фаолият олиб боргани ҳам тасодиф эмас. Бу вазифага тилни яхши кўрадиган, ҳурмат қиладиган ва ўзи ҳам ҳурматга лойиқ бўлган инсон бош бўлиши керак эди ва бу жуда тўғри танлов бўлганди. Ўша пайтда бирга ишлаган сафдошлари Эркин аканинг қанчадан-қанча атамаларни ўзбекчалаштириб бергани, ўзбекча қонун тилининг яратилишида қўшган беқиёс ҳиссаларини эслашади. Бунда элсевар бир шахснинг ижоди ва шахси, тили ва дили нақадар бирлигини кўришимиз мумкин.

Эркин аканинг сўзга нисбатан масъулияти, қатъиятига, айниқса бугун катта эҳтиёж сезиляпти. Тил ҳақидаги қонун янги таҳрир топаётган, тилимизга янги имконлар очилаётган бир пайтда Эркин ака берган сабоқлар ҳаммамиз учун ўта муҳим.

Сўз, сўзнинг масъулияти ҳақида кўп гапириш мумкин, аммо Эркин аканинг ҳикматларидан, “Девону луғати-т-турк”даги мақоллардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, сўз ҳақида гапирганда сўзни тежаган, тил ҳақида оғиз очганда тилни вақтида тийган дуруст.

Устозимизнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин!

Зеро, Эркин ака лутф этганидек: “Ўз она тилини севмаган, тил замирида ётган тарихни билмаган, қизиқмаган одам баркамол саналмас. У ким, қайси юрт ва қайси миллатга мансуб эканидан, ўз она тилининг бою камбағаллиги, майин ё дағаллигидан қатъи назар. Ўз тилинг ўз ватанингдек азиз, ўз онангдек табаррук...”

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари