Бу йиғилиш спортни миллат саломатлиги, ёшлар тарбияси, ижтимоий интизом, ватанпарварлик ва давлат нуфузининг узвий қисми сифатида кўриш зарурлигини яна бир бор қатъий кун тартибига олиб чиқди.

Спорт фақат мусобақадан иборат эмас, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён қиладиган катта куч экани қайд этилди. Бу ёндашув бежиз эмас. Чунки соғлом жамиятсиз кучли иқтисодиёт, фаол фуқаролик позицияси ва рақобатбардош инсон капитали ҳақида гапириш қийин. Шу маънода, спорт масаласи бугун давлат ва жамият тараққиётининг стратегик мезонига айланмоқда.

Сўнгги йилларда бу борада улкан ишлар қилинди. Юзлаб спорт майдончалари, иншоотлар, хусусий клублар ишга туширилди, халқаро ареналарда юксак натижаларга эришилди. Бироқ видеоселектор руҳидан аён бўлдики, эришилган ютуқлар билан фахрланишнинг ўзи етарли эмас. Энди натижа билан бирга тизим, ташаббус ва масъулият ҳам янги мезонлар асосида баҳоланади.

Йиғилишнинг энг муҳим хулосаларидан бири шуки, спортга энди фақат оммавийлик эмас, балки реал ижтимоий самараси нуқтаи назаридан ёндашилади. Яъни спорт билан шуғулланувчилар сонининг ўсиши етарли мақсад эмас. Асосий мезон — аҳолининг соғлиғи яхшиланяптими, хасталиклари камайяптими, жисмоний сустлик кўрсаткичи пасайяптими деган саволларга жавоб топишга бориб тақалади. Бу, аслида, жуда катта методологик бурилишдир. Чунки узоқ йиллар давомида кўплаб тизимларда кўрсаткич учун ишлаш кайфияти кузатилган бўлса, энди самара учун ишлаш даври бошланмоқда.

Маҳалла даражасида “саломатлик баланси”ни шакллантириш, “соғлом ҳаёт волонтёрлари” корпусини яратиш, намунали маҳаллаларни рағбатлантириш, тренерларга юқори устамалар белгилаш ҳақидаги ­топшириқлар спортни маъмурий тадбир эмас, реал ижтимоий ҳаракатга айлантиришга қаратилган. Бу ёндашувнинг кучи шундаки, у спортни стадион ёки залдан кенгроқ миқёсга олиб чиқади, кундалик турмуш маданиятига айлантиради.

Видеоселекторда олий таълим тизимига алоҳида урғу берилди. Чунки бугун университет ва институтлар фақат билим берувчи маскан бўлиб қолмаслиги, балки соғлом фикрловчи, жисмонан бақувват, ижтимоий фаол ва мақсадли ёшларни тарбияловчи муҳитга айланиши лозим.

Йиғилишда айрим олийгоҳларда спорт клублари номигагина ишлаётгани, талабалар жисмоний нормативларни топширишда қониқарсиз натижа кўрсатаётгани танқид қилинди. Бу танқид, аввало, спортни ўқув жараёнининг “қўшимча” қисми деб қарашдан воз кечиш кераклигини кўрсатади. Аслида, талабанинг жисмоний тайёргарлиги унинг руҳий барқарорлиги, меҳнат унумдорлиги, ташаббускорлиги ва ҳатто академик фаоллиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Шу маънода, Президентимизнинг барча олийгоҳ ректорларига бир йиллик спорт режасини ишлаб чиқиш топшириғини бергани жуда муҳим. Бу топшириқ қоғозбозлик учун эмас, олий таълим муассасалари ички ҳаётини янгича мезонлар асосида қайта қуриш учун берилди. Бугун ҳар бир ректор спортни фақат жисмоний тарбия кафедраси ёки алоҳида клуб муаммоси деб эмас, бутун таълим муассасасининг ривожланиш стратегияси деб кўриши керак.

Спорт соҳасида Термиз давлат университети тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Демак, истак, ташаббус ва тизим бўлса, олийгоҳ талабаларини кенг қамраб олиш, клублар фаолиятини жонлантириш ва салмоқли натижага эришиш мумкин. Энди бу тажриба ­барча олий таълим муассасалари учун амалий дастурга айланиши зарур.

Мазкур йиғилишдан келиб чиқиб, Андижон давлат чет тиллар институтида ҳам аниқ вазифалар белгилаб олинди. Институт жамоасига йўлланган мурожаатномада бу борадаги устувор йўналишлар очиқ ва қатъий ифодаланди.

Биринчидан, ОТМда ҳар бир талабанинг жисмоний ҳолатини тизимли мониторинг қилиш ва “саломатлик баланси” асосида индивидуал соғломлаштириш ёндашувини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу ёндашув талабанинг жисмоний ҳолатини умумий чақириқлар билан эмас, аниқ ҳолат ва эҳтиёж асосида яхшилашга хизмат қилади.

Иккинчидан, замонавий спорт маданиятини шакллантириш мақсадида очиқ ва ёпиқ майдонларда кросс-фит тўгаракларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу оддий машғулот эмас, балки ёшларнинг чидамлилиги, ўзини енгиш қобилияти ва ирода тарбиясини кучайтирадиган тизим бўлади.

Учинчидан, спортни даромад ва касб манбаи сифатида кўришга қаратилган янги модель институтимиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Спортда ютуққа эришган талабаларни маҳаллалардаги тўгаракларга мураббий сифатида бириктириш, уларга мураббийлик ва ҳакамлик сертификатларини бериш, тушумнинг муайян қисмини бевосита талабанинг ўзида қолдириш ёшлар ташаббусини ­иқтисодий рағбат билан уйғунлаштирадиган мутлақо янги қарашдир. Бундай тизим талабанинг спортга муносабатини ҳам, ўз меҳнатига масъулиятини ҳам кучайтиради.

Тўртинчидан, институтда “Соғлом ҳаёт волонтёрлари” корпусини шакллантириш орқали спорт ва соғлом турмуш ғояларини маҳаллаларга олиб кириш режалаштирилмоқда. Бу ташаббус олий таълим муассасасининг фақат ички ҳаёти билан чекланмай, ижтимоий масъулияти кўламини ҳам кенгайтиради.

Бешинчидан, биз спорт ва илм интеграциясига ҳам алоҳида ёндашмоқдамиз. Халқаро спорт тиббиёти, фармакология, физиология, диетология ва тўғри овқатланишга оид илғор адабиётларни ўрганиш, таржима қилиш ҳамда амалиётга таклиф этиш бўйича махсус лингвистик гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйишимиз мумкин. Бу спортни нафақат жисмоний, балки илмий-интеллектуал ривожланиш омили сифатида ҳам кўришдир.

Бугунги вазият спортга фақат алоҳида соҳа ёки профессионал майдон сифатида қараш даври ортда қолганини кўрсатмоқда. Энди спорт оилада, маҳаллада, мактабда, олийгоҳда, меҳнат жамоасида ва бутун жамият ҳаётида умумий маданият даражасига кўтарилиши керак. Ҳафтада бир кун спорт куни этиб белгиланиши, давлат идоралари ва ташкилотларда ходимлар учун спорт машғулотлари йўлга қўйилиши, ҳатто хусусий секторга ҳам имтиёзлар берилиши айнан мана шу умумхалқ ҳаракати ривожи учун хизмат қилади.

Спортга қизиқадиган, соғлом турмушни қадрият деб биладиган, ўз иродасини тарбиялаган жамият эртасини мустаҳкам қура оладиган жамиятдир. Шу маънода, спорт фақат чемпион тайёрлаш эмас, балки миллатнинг ички қудратини уйғотиш масаласи.

Андижон давлат чет тиллар институти жамоаси бу вазифаларни юксак масъулият билан қабул қилади. Биз учун бугунги вазифа аниқ: хорижий тилни биладиган, дунё билан рақобатлаша оладиган, айни пайтда жисмонан чиниққан, соғлом, интизомли ва юксак мақсадли авлодни тарбиялаш. Чунки тил билиш тафаккур уфқини кенгайтирса, спорт ирода ва ҳаёт қувватини мустаҳкамлайди. Янги Ўзбекистон эса айнан ана шундай ҳар томонлама баркамол ёшлар билан юксалади.

Дилшодбек РУСТАМОВ,

Андижон давлат чет тиллари институти ректори