Юртдошларимиз бир йўла икки умумхалқ байрами — муборак Рамазон ҳайити ҳамда Наврўзи оламни қарши олмоқда.

Шу муносабат билан 5 кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар 4 кун, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар кетма-кет 3 кун дам олади.

Ушбу саналарда мамлакатимиз тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлайди? Қайси шифо масканларида қандай профилактик тиббий хизматлар кўрсатилади?

Аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилди.

Шунингдек, 20 – 23 март кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 20 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Ўз навбатида, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.

Байрамлар муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида "103" хизмати ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 167 та станция, 63 та подстанция ва 1 436 таянч пунктида 2 860 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан бўладиган чақирувлар учун доимий шай ҳолда.

Бундан ташқари, байрам кунлари мамлакатимиздаги барча туғуруқ ва болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.