Бухоролик ёш тадбиркор Зарина Жўраева бундан беш-олти ой илгари ҳам қўлида гулдай ҳунари бўла туриб, шароит йўқлигидан сарсон юрганди. Куни ўтяпти, турмуш ўртоғининг топганини еб, рўзғор ишларини саранжом-саришта қилиб ўтираверай деса, фарзандлари улғаймоқда. Уй-жой керак, рўзғордан бироз орттириб, уларнинг таълим олиши учун шароит яратиш зарур. Шуларни ўйларкан, осмоннинг йироқ, ернинг қаттиқлигидан ўкинарди...
Зарина 1992 йили Бухоро вилоятининг Жондор туманида туғилган. Оилада тўрт фарзанднинг учинчиси бўлган қиз болалигидан меҳнатга эш улғайди. Ўқиди, бироқ мутахассислиги бўйича иш топилмади. Бухоро шаҳрида ижарамаижара сарсон юриб, яна қишлоққа қайтди. Зарина нима қилиб бўлса-да, оилага ёрдам беришни, қўлидан келадиган иш — сартарошлик орқали маҳалла корига ярашни истарди. Шундай кунларнинг бирида маҳалла фаоллари унинг жонига оро кирди. Зарина “Румиш” МФЙ томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилди. Субсидия ажратилиб, керакли жиҳозлар ўрнатиб берилди.
— Ариза билан мурожаат қилган кунимдан йигирма кун ҳам ўтмай менга иш бошлашим учун шароит яратиб беришди, — дейди Зарина Жўраева. — Ҳозир севимли ишим билан бандман. Фарзандларим кўз олдимда, уларни назорат қилиш имкони бор. Бунинг устига рўзғор ишларига ҳам бемалол вақтим бўлади. Илгари маҳалламиздаги келинлар, қизлар туман марказидаги гўзаллик салонларига қатнарди. Энди уларнинг вақти ҳам, нақди ҳам ёнига қоляпти.
Хизматимиз марказдаги сартарошларникидан арзон. Шунинг учун маҳалладошлар ҳам мамнун. Тўғрисини айтсам, ишнинг бу қадар осон кўчишини тасаввур ҳам қилмаган эканман. “Маҳалладагилар айтди-қўйди-да”, деб унча эътибор бермабман. Менга субсидия ажратилганини эшитиб шошиб қолдим, қулоқларимга ишонмадим. Демак, давлатимиз менинг дардимдан хабардор бўлибди, кўмак қўлини узатяпти, деб ўзимда йўқ қувондим.
“Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар” деб бежиз айтмаган донишмандлар. Зарина аввал қўшнилар ва қариндошларга имкониятидан келиб чиқиб хизмат қиларди. Бундай пайтларда ё иши ўзига ёқмас ёки кўп вақт сарфларди. Энди бу муаммолар ортга чекинди. Боз устига, маҳалла қизлари орасидан “шогирдликка олинг”, деб келувчи ёшлар кўпайди. Мадина ва Ситора Зарина опасидан аллақачон иш ўрганишни бошлаб юборди.
Бугун Зарина Жўраева “Ёшлар дафтари”дан чиққан. Эътибор ва кўмак унинг ҳаётини изга солди. У энди катта-катта мақсадларни кўзлайди.
— Авваллари олдимга бирор мақсад қўйсам, “барибир амалга ошмайди” ёки “чорасизман” деб тушкунликка тушиб қолардим. Энди эса бундай қўрқув чекинган. Субсидия ҳаётимни ўзгартирди. Қўлимдан иш келиши мумкинлигини менга исботлаб берди. Келгуси йилларда кредит олиб, ишимни кенгайтирмоқчиман. Менга шогирд бўлиш учун қўшни қишлоқлардан ҳам қизлар келяпти. Бажонидил уларни ёнимга оламан. Токи менга давлатимиз томонидан қаратилган эътибор атрофимдаги қизларнинг ҳам ҳаётда ўз ўрнини топишига яратилган имкон бўлсин. Шунда мен бу ишончни оқлаган бўламан.