Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган. Айни вазифа янгича тартибда бажарилиши кутиляпти. Боиси, ушбу йўналишда мутлақо янги тизим жорий этилмоқда.
Юртимизда ана шу тизимни тубдан янгилаб, доимий ривожлантириб бориш давлат
сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани боиси шунда. Хусусан, аҳолини
суюлтирилган газ билан сифатли ва узлуксиз таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Юртимизда табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудлар мавжуд. Бундай хонадонлар аҳолиси,
асосан, суюлтирилган газдан фойдаланади. Аммо баъзан газ етказиб беришда муаммолар
кузатилмоқда.
Бундан ўн йил олдинги вазиятни кўпчилик яхши эслайди. Суюлтирилган газ билан
боғлиқ муаммолар деярли ҳар бир оилага дахлдор эди. Йиллар давомида янгиланмаган
инфратузилма ортиб бораётган юкламани кўтара олмай қолганди. Айрим хонадонлар газ
келишини ҳафталаб кутишга мажбур бўлган. Айниқса, қиш ойларида муаммо яққол кўриниб
қоларди. Газ баллонларини сотиб олиш у ёқда турсин, уларни топишнинг ўзи маҳол бўлган.
Танқислик аста-секин одамлар ҳаётининг одатий қисмига айланиб қолганди.
Ҳозир бу муаммолардан асар ҳам қолмаган дейишдан йироқмиз. Аммо кейинги
йилларда соҳадаги ўзгаришлар бевосита одамлар турмуш тарзига кириб боргани
рост. Тизим тубдан янгиланиб, табиий ва суюлтирилган газ таъминотида мутлақо
замонавий, рақамлашган ёндашувларга ўтилгани самараси юртдошларимиз ҳаётида
яққол сезилмоқда. Йирик кўламдаги модернизация ишлари сабаб аҳолини газ билан
таъминлаш қамрови ошиб боряпти.
Шунга қарамай, ҳали қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Аҳолига
суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришда баъзи муаммолар сақланиб
қолмоқда. Хусусан, айрим ҳудудларда суюлтирилган газ истеъмолчиларга
белгиланган муддатларда етиб бормаётгани боис, аҳоли зарур манбани автомобилларга
газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур
бўляпти. Бу одамлар учун ортиқча ҳаракат ва харажат дегани. Қиш эшик қоқаётган
бир вақтда шу каби масалаларни ҳал этиш зарур.
Маълумотларга кўра, юртимизда 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта
ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ва
ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб
бериш кўзда тутилган. Айни вазифа янгича тартибда бажарилиши кутиляпти. Боиси,
ушбу йўналишда мутлақо янги тизим жорий этилмоқда.
Шу йил 7 сентябрда давлатимиз раҳбарига аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш
тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимот қилинди. Унда бир қанча йўналишлар
белгиланган бўлиб, асосий мақсад суюлтирилган газнинг одамларга ўз вақтида етиб
бориши, таъминотда узилишларга йўл қўйилмаслигига қаратилган. Давлатимиз раҳбари
қўяётган талаб ҳам шу — айни масалада, энг аввало, аҳоли манфаати устувор бўлиши
зарур.
— Суюлтирилган газ таъминотида босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиляпти,
— дейди энергетика вазири Шерзод Хўжаев. — Бунинг учун соҳага хусусий секторни кенг
жалб этиш ва рақобат муҳитини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Янги
ёндашувни, аввало, Андижон вилоятида пилот лойиҳа сифатида амалга ошириш белгиланди.
Унга кўра, ҳудудда “Ҳудудгазтаъминот” билан бир қаторда хусусий тадбиркорларга
ҳам газни аҳолига эркин нархларда сотиш имконияти берилади. Бунинг учун барча
шарт-шароитлар яратилиб, баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилади,
мақсад соҳада тадбиркорларни кенгроқ рағбатлантиришга қаратилган.
Бу одамларнинг танлов ва хизматдан фойдаланиш имкониятини
ҳам оширади. Масалан, бугунги кунда аҳоли орасида белгиланган нормадан ортиқча
суюлтирилган газ истеъмолига эҳтиёжи бўлса, ўз шахсий автомобилларида газ тўлдириш
шохобчаларига бориб, газ баллонларини тўлдириб, нотўғри тарзда фойдаланиш ҳолатлари
учраб турибди. Ана шундай хавфли ҳолатларга йўл қўймаслик учун керак бўлса ҳар
бир маҳаллада суюлтирилган газ баллонлари сотиладиган, барча техник талабларга жавоб
берадиган хусусий шохобчаларни очиш кўзда тутилган. Соҳага хусусий сектор кириб
келиши эса рақобат муҳитини яратиб, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини
оширади.
Истеъмолчиларда танлов
имконияти бўлади
Гап энди одамлар “уйимизга қачон
суюлтирилган газ етказиб беришар экан”, деб кутиб ўтирмасдан, яқин атрофдаги хусусий
шохобчадан исталганча газ сотиб олиши мумкинлиги ҳақида боряпти. Андижонда бошланадиган
пилот лойиҳа асосий тажрибага айланиши кутиляпти. Лойиҳа доирасида жараёнга камида
иккита хусусий оператор жалб этилади. Улар зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник
ходимларга эга бўлиши керак. Ҳудудларда шохобчалар ташкил қилиниб, суюлтирилган
газни етказиб беришнинг аниқ жадвали бўлади, ҳисоб-китоблар рақамлаштирилиб, тақсимот
шаффофлиги таъминланади.
Истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилади. Одамлар
суюлтирилган газни онлайн буюртма бериши, ўзи истаган вақтда исталган ҳажмда сотиб
олиши каби қулайликлар юзага келади. Бу эса илгари мавжуд бўлган “газ қачон келади?”
каби саволлар ўрнига “буюртмам қачон етказиб берилади?” деган замонавий хизмат моделини
шакллантиради. Асосийси, одамларда танлов имконияти ошади. Масалан, айни пайтда
“Ҳудудгазтаъминот” томонидан асосан 20 килограммли баллонлардан фойдаланилмоқда.
Янги моделда эса тадбиркорларга замонавий газ баллонларидан фойдаланиш, уларни
истеъмолчиларга ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб таклиф этиш имконияти берилади. Рақобат
муҳитида сифат ва тезкор хизмат турлари ортади.
Хусусий секторни жалб қилиш борасида дастлабки тажриба сифатида Андижон вилояти
танлангани бежиз эмас. Бугунги кунда вилоят тадбиркорлари хориждан суюлтирилган
газ харид қилиб, ички бозорда сотмоқда. “Ширин” пунктида бошланган тажриба натижалари
янги ёндашув самарадорлигини кўрсатди. Энди айни тажрибани янада такомиллаштириш
ва натижадорлигини ошириш ишлари давом эттирилади. Янги тажриба босқичма-босқич
бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.
— Тизимда шаффофликни таъминлашдаги муҳим жиҳатлардан яна бири суюлтирилган
газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган бозор механизмларига ўтилаётганидир,
— дейди иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев. — Гап шундаки,
суюлтирилган газ ишлаб чиқариш, импорт, харид ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги
тафовут йилдан йилга ортиб, бюджетдан ажратиладиган субсидияларга талаб кўпаймоқда.
Катта ҳажмдаги мавжуд эҳтиёжни қондириш учун фақат тизимни бошқаришнинг ўзи етарли
эмас. Ресурсларни харид қилишдан тортиб, етказиб беришгача бўлган барча бўғинларни
бир бутун тизим сифатида такомиллаштириш зарур. Шу боис, “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида
“LPG-Trade” МЧЖни ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа
орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.
Жараёнда нарх сиёсати босқичма-босқич тартибга солиниб, эҳтиёжманд оилалар учун
манзилли қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилади. Ижтимоий соҳа объектларининг
эҳтиёжлари учун суюлтирилган газни биржа нархларида етказиб бериш, аҳолига белгиланган
нархда сотиш натижасида юзага келадиган салбий тафовутни республика бюджети маблағлари
ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам кўзда тутилмоқда.
Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар манфаатлари алоҳида эътиборга олинади.
Ягона ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга газ хариди учун субсидиялар
ажратиш белгиланяпти. Бу, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами
учун қўшимча кўмак бўлади.
Янги тизимга кўра, хизмат нархларини босқичма-босқич бозор механизмлари асосида,
етказиб бериш харажатлари ва инфратузилмани ривожлантириш эҳтиёжларини ҳисобга
олган ҳолда шакллантириш режалаштириляпти. Ҳар ким истеъмолга яраша тўлов қиладиган
шундай шароитда, қолаверса, совуқ мавсум сабаб газга талаб ошган вақтда айрим оилалар
учун истеъмол эҳтиёжини қондириш қийинчилик туғдиради. Шу боис, давлат томонидан
ёрдам умумий имтиёз шаклида эмас, айнан эҳтиёжманд оилаларга йўналтирилади. Суюлтирилган
газни импорт қилувчи корхоналар учун биржа савдоларида қонунчилик асосида айрим
имтиёз ва чегирмалар берилиши эса ресурс таъминотини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Шундай қилиб, суюлтирилган газ таъминотида янги босқичга ўтиляпти. Бундан,
аввало, аҳоли манфаатдор бўлиши керак. Белгиланган чоралар натижаси, айниқса, куз-
қиш мавсумида одамларнинг уйи иссиқ, газ таъминоти билан боғлиқ муаммоси бўлмаганида
кўринади. Қолаверса, ушбу йўналишда аҳолига қулай, хавфсиз ва барқарор хизмат кўрсатишни
таъминлаш мақсад қилинган. Истеъмолчи суюлтирилган газни қаердан топишни эмас, уни
қанчалик тез ва сифатли олишни ўйлайдиган, ўзига мосини танлайдиган тизим яратиляпти.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири