Дастлаб, Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Хусусан, вилоятда 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 34,8 триллион сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,4 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,2 бараварга ўсган. Тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 2,5 мартага ортган. 2022 йилда 250 миллион долларлик хорижий инвестициялар жалб этилган (ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 14 бараварга ошган).
Таъкидланганидек, жорий йил январь-июнь ойлари давомида ҳудудий бандлик дастури доирасида 254,2 минг киши доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган.
Хоразм вилоятида эса 2022 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 31,9 триллион сўмни ташкил этган ва 2017 йилга нисбатан 2,6 бараварга, шунингдек, аҳоли жон бошига 2,4 бараварга ўсган.
2017–2022 йилларда инвестиция дастурлари доирасида 22,5 триллион сўмлик 8 700 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилган.
Ушбу даврда туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 19 та йирик савдо маркази, 121 та дам олиш ва соғломлаштириш марказлари ва бошқа туристик объектлар ташкил этилган, туристларга хизмат кўрсатувчи сайёҳлик ташкилотлари сони 5 бараварга ошган.
Муҳокамалар жараёнида сенаторлар амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
Жумладан, Сурхондарёда ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганлиги туфайли вилоятнинг Бандихон, Бойсун, Денов, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Олтинсой, Сариосиё, Шеробод ва Шўрчи туманларини 2021–2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида жами 255 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилмаган.
Хоразм вилоятида 2023 йилнинг биринчи чораги ҳолатига ишсизлик даражаси 9 фоизни ташкил этиб, юқорилигича қоляпти.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларига ажратилган ресурс маблағларидан фойдаланиш даражаси айрим маҳаллаларда жуда пастлигича қоляпти. Хусусан, Хонқа, Ҳазорасп, Шовот ва Урганч туманларининг айрим маҳаллаларида жорий йил январь-июнь ойлари учун ажратилган ресурс маблағларининг ўзлаштирилиши 15-45 фоизни ташкил этган, холос.
Бундан ташқари, тўғридан-тўғри инвестициялар ва хорижий кредитларни ўзлаштириш бўйича жорий йил январь-июнь ойлари учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари Боғот туманида 13 фоиз, Ҳазорасп туманида 38 фоиз ва Урганч шаҳрида 44 фоизга бажарилган.
Мажлисда маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ижроси ҳамда “Ташаббусли бюджет” жараёнларига ҳам эътибор қаратилди.
Хусусан, “Ташаббусли бюджет” тадбирлари доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилишини ўрганиш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар айтиб ўтилди.
Қайд этилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Муҳокама якунида билдирилган фикр ва таклифлар инобатга олиниб, Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.