Ўзбек тилининг давлат тили ҳақидаги мақомини ошириш тўғрисида бот-бот гапириб ётибмизу, ҳалигача тушунган одамнинг ғашига тегадиган ғализ сўзлару жумлалар қўлланилиши давом этяпти. Айниқса, кўзга ташланадиган жойлардаги реклама баннерларида йўл қўйилаётган хатоларга ё кулишинг, ё йиғлашингни билмай қоласан киши.
Олийгоҳларга қабул қилиш масаласи авж паллага кирган айни вақтда метро бекатларига жойлаштирилган Sentral Asian Universitu (SAU) хусусий олийгоҳига чорлов тариқасидаги “Мукаммал табассум унинг ишидир” деган жумлани қайта-қайта таҳлил қилдим. Тўғриси, шу пайтгача табассумнинг мукаммал бўлишини эшитмаган эканман. Хўп, табассум мукаммал ҳам бўлсин дейлик. Шунда ҳам олийгоҳга нисбатан унинг қўлланиши қай даражада тўғри? Шунинг ўрнига “Мукаммал билим ёки таълим унинг ишидир” деган жумла қўлланилса ҳақиқатга яқинроқ бўлмасмиди?
Ойнаи жаҳонда ҳам кир ювиш кукуни тарғиботида “Мукаммал табассум бўлса, мураккаб доғлар билинмайди”, деган жумла жуда узоқ айланди. Лекин бирон бир мутасадди бу нотўғри эканини айтмади, рекламада ўзгариш бўлмади. Пул бўлса чангалда шўрва деганларидек, мана шундай саводсизларча тайёрланган рекламалар истеъмолга кириб кетаверадими? Нега шундай масалаларга масъуллар бунга жиддий қарамайди?
Муножат Мўминова,
"Янги Ўзбекистон" мухбири