Ўзини энг инсонпарвар давлат, деб бутун дунёга жар солган шўро давлати тарих саҳнасига чиққан кунидан бошлаб ундан шармандаларча тушган кунига қадар шундай ғайриинсоний ва ғайримаданий ишларни амалга оширдики, унинг ғарбий чегараларидан шарқий ҳудудларига қадар бўлган жойлар қамоқхоналар ва концентрацион лагерлар билан тўлиб-тошиб кетди. Ўша ҳудудларда зулмдан ва оғир меҳнатдан вафот этган миллионлаб маҳбусларнинг руҳи ҳозир ҳам чинқириб ётибди.
Камина шу даврдаги ўзбек халқи тарихини хаёлан варақлар эканман, мунгли тарихимизнинг “Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг зўрлаб ўрнатилиши”, “Мухторият учун кураш”, “Босмачилик ҳаракати ва унинг тугатилиши”, “Жамоалаштириш кампанияси ва хусусий мулкнинг тугатилиши”, “Советларга қарши ташкилотларнинг тузилиши ва совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши” сингари боблари кўз олдимдан ўтгандек бўлади.
Шўролар давридаги Ўзбекистон тарихининг қайси даврига назар ташламайлик, Москва ўзбек халқининг ер ости ва ер усти бойликларини ташиб кетиш билангина қаноатланиб қолмай, пешқадам вакилларини турли сабабу баҳоналар билан мунтазам равишда қириб келганини кўрамиз.
Ўтган асрнинг 20-йилларидан 90-йилларигача бўлган даврда ўзбек халқи орасидан кимлар ўзини миллат фидойилари сифатида кўрсата олган бўлса, ўшалар биринчи навбатда қамоққа олиниб, отиб ташланди. Кейин уларнинг барча маслакдошлари, ҳатто оила аъзолари ва қариндош-уруғларининг манглайига ҳам “халқ душмани” деган мудҳиш ёрлиқ ёпиштирилди. Халқнинг фахри ва ор-номуси бўлган илм-фан ва маданият арбоблари ҳам мунтазам равишда қирилиб турди.
Афсуски, биз шу вақтгача шўро ҳокимияти йилларида Ўзбекистондан қанча одамнинг отиб ташлангани, қанча одамнинг хоки қамоқхона ва лагерларда қолиб кетганини аниқ билмаймиз. Бу ачинарли ҳол шўро давлатининг қилич ва қалқони бўлган ташкилотлар туфайли юзага келган бўлса-да, унинг шу пайтгача давом этиб келаётганида бугунги жамиятнинг ҳам айбини йўқ деб бўлмайди.
Биз, илм ва ижод аҳли, шунинг учун ҳам куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган тарихий фармойишни катта қувонч ва мамнуният билан кутиб олдик.
Қатағон даври қурбонлари хотирасини эъзозлаш бўйича сўнгги уч-тўрт йил ичида шундай катта ишлар амалга оширилди ва амалга оширилмоқдаки, булар, шак-шубҳасиз, жамиятимизда нафақат тарихий адолатни тиклаш, балки халқимиз дунёқарашини ўзгартириш, ундаги ижодкор ва бунёдкор кучларга қанот бағишлаш, энг муҳими, яшаш ва ишлаш тарзининг ўзгараётган жамият билан уйғунлаштириш ишига тўла хизмат қилади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, чор ва шўро мустамлакачилиги йилларида рўй берган миллий озодлик ҳаракатларида, эрк ва ҳуррият учун курашларда қатнашиб қатағон этилган ота-боболаримиз сони ҳозиргача аниқ эмас. Лекин шу нарса аниқки, чор ва шўро мустамлакачилиги йилларида қатағон қилинган ота-боболаримизнинг ҳаммасини миллий озодлик ҳаракатларида, эрк ва ҳуррият учун курашларда қатнашган, деб бўлмайди.

Шу ҳол фармойишда ёзилгандек, “Номлари аниқланган қатағон қурбонларининг ҳар бири ҳақида китоблар, рисолалар тайёрлаш”, “Қатағон қурбонлари бўлган аждодларимизнинг ҳар бири (таъкидлар бизники – Н.К.) бўйича мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаш” шарт эмас. Ҳатто 1937-1938 йиллардаги қатағон даврида сиёсий айб билан қамоққа олинган кишилар кўп бўлмаган.
Ўша йилларда қамалган аксар маҳбуслар (масалан, солиқ тўламаганлар, ўғрилар, каллакесарлар)нинг жиноий ишлари кейинчалик қайта кўрилган ва уларга қўйилган айб “сиёсатлашиб” борган. Қатағон қурбонлари ҳақида китоб ва рисолалар, мультимедиалар тайёрлаш, мактаб ва корхоналарда “хотира бурчаклари”ни ташкил этиш учун улар ҳаётлик пайтларида шунга яраша оммага фойдали ишларни амалга оширган, ижтимоий фаолиятлари ва инсоний фазилатлари билан ҳурмат қозонган кишиларгина бўлишлари керак.
Биз шу вақтгача қатағон қурбонларидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари ва кичик насрий асарларидан иборат “Диёри Бакр” тўпламини, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 2 жилдлик, Фитратнинг 5 жилдлик, Чўлпоннинг 4 жилдлик, Аблулла Авлонийнинг 3 жилдлик, Усмон Носирнинг 2 жилдлик, Мунавварқори Абдурашидхонов, Ибрат, Тавалло, Элбек, Ҳожи Муин, Боту каби ёзувчиларнинг 1 жилдлик асарларини нашр этишга муваффақ бўлдик. Қатағон қурбонларининг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган юздан ортиқ рисола ва мақола ёзилди.
Агар Қатағон қурбонлари хотираси музейида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, шунингдек, Тарих институти вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, шу гуруҳ қатағон қурбонларининг илмий ва адабий меросини ўрганиш ва нашрга тайёрлаш, шунингдек, улар ҳақида роман, қисса, драма, киносценарий, моногафия ва рисолаларни яратиш масалалари билан шуғулланса, 2021-2025 йиллардаёқ катта натижаларга эришган бўлардик.
Тажриба шуни кўрсатадики, қатағон қурбонларининг халқ ва Ватанга, эрк ва ҳуррият учун курашга бағишланган ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ҳақиқатнинг халққа экран воситалари билан етказилиши, айниқса, самаралидир.
Бундан анча йиллар аввал, “Ўзбеккино” эндигина ташкил этилган вақтда унинг раҳбари Темурмалик Юнусов кино ижодкорлари олдига Беҳбудий, Фитрат, Қодирий ва Чўлпон ҳақида 8-10 серияли фильмларни яратиш вазифасини қўйган эди. Шу режадаги Беҳбудийга бағишланган 8 қисмли сериал ўша йиллардаёқ суратга олинган бўлса-да, жадидларга муносабат салбийлашгани учун сериал экранга чиқмай қолган.
Яқинда “Ўзбеккино”нинг темир сандиғида ётган шу фильм съёмкаси давом эттирилиб, яна икки қисмли “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми суратга олинди. Балки яқин вақт мобайнида Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари буюк истиқлол фидойиларига бағишланган сериаллар ҳам суратга олиниб, халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг ХХ асрда дунёга келиб, ўзбек халқининг бахт-саодати, илмий-маданий ва ижтимоий тараққиёти йўлида курашган ота-боболаримиз ҳақида ҳам фильмлар ижод қилиниб, ҳаёти ва амалга оширган ишларидан ибрат олиш мумкин бўлган улуғ аждодларимизнинг ёрқин кинобразлари яратилса.
Мен яқинда Беҳбудийнинг “Қасди сафар” асарини қайта ўқиб чиқдим. 1914 йилда амалга оширилган шу сафар вақтида Беҳбудий бир неча Шарқ мамлакатларида бўлиб, улардаги маҳобатли мадрасалар ва калисоларни, бойлар ва камбағалларни ўз кўзи билан кўрган.
Агар икки дин, икки маданият учрашган жойлар Беҳбудийда катта фалсафий фикрларни уйғотган бўлса, европаликларнинг фароғатли, маҳаллий аҳолининг эса ғарибона кун кечираётгани уни бу зиддият илдизларини топишга ундаган. Ҳозир Беҳбудийнинг шу асари асосида “Беҳбудий изидан” деган фильм суратга олинса, икки дин, икки маданият ва икки дунёнинг шу вақт ичида эришган ютуқлари билан бирга йўқотган бойликларини ҳам кўриш имконияти туғилган бўларди.
Чўлпон сингари қатағон қурбони бўлган ёзувчиларининг ҳам, бизга замондош бўлган ёзувчиларнинг ҳам қатағон мавзусидаги бадиий баркамол асарларини экранлаштириш ёки саҳналаштириш анъанасини давом эттириш мақсадга мувофиқ. Масалан, Иззат Султоннинг “Қақнус” шеърий драмасидаги шўро даври ҳақидаги аччиқ ҳақиқат саҳна орқали ҳам, экран орқали ҳам халққа етказилса, айни муддао бўлурди.
30-йиллардаги терговчилар 20-йиллардаги терговчилардан фарқли ўлароқ, маҳбуслардан кўпроқ маълумот олишга, ўзбек халқи менталитетини билишга, яқин тарихда рўй берган воқеалар моҳиятини англашга, келажакда қамоққа олиниши мумкин бўлган кишиларни олдиндан ўрганиб кузатиб боришга ҳаракат қилганлар.
Улардан бири Мунавварқори сингари миллий руҳда тарбияланган катта ёшдаги маҳбуслардан, бошқаси эса Боту сингари Россия шаҳарларида таълим олган ёшлардан ёзма кўрсатмалар беришни талаб қилишган. Маҳбусларнинг ёзма кўрсатмалари билан танишиш жарёнида уларда янги-янги саволлар пайдо бўлиб, шу саволларга мукаммал жавоблар ҳам олишган.
Шу тарзда улар ихтиёрида ўзбек зиёлиларининг ХХ аср бошларидан 30-йилларгача бўлган даврда Туркистонда эрк ва ҳуррият йўлида олиб борган ҳаракати тарихи пайдо бўлган. Бу ёзма кўрсатмалар билан танишиш каминада ўша йиллардаёқ уларнинг илмий аҳамиятга молик қисмини китоб тарзида нашрга тайёрлаш ва эълон қилиш истагини уйғотган. Афсуски, 90-йилларда бундай истакларнинг амалга ошиши маҳол эди. Балки “Ўзбекистоннинг махфий тарихи (1900-1930 йиллар)” деган ёки бошқа бир ном билан шу материалларни бугун эълон қилиш лозимдир.

Каминанинг худди шу руҳдаги орзуларидан яна бири жадидларнинг “Садои Туркистон” ва “Садои Фарғона” сингари газеталари, “Юрт”, “Ҳақиқат”, “Маориф ва ўқитувчи” журналларида эълон қилинган, муҳим ижтимоий-маданий масалаларга бағишланган мақолаларни тўплаб, китоб шаклида эълон қилишдир.
Биз 90-йилларда Миллий хавфсизлик хизмати архивида ишлай бошлаганимизда Комилжон Алиев шу муассасага раҳбарлик қилган. У фарғоналик Ҳайдарали Узоқов деган тилшунос олим қўлида ўқигани учун Ҳайдарали МХХ кутубхонасидаги тинтув пайтида олиб кетилган китоблардан фойдаланиш имконига эга бўлган.
Менга шу нарса маълумки, ҳозир ДХХ деб аталган муассаса кутубхонаси ёки турли фондларида тинтув пайтида олиб кетилган китоблар, ҳужжатлар, қўлёзмалар, фотосуратлар анчагина. Балки 1937-1938 йилларда суратга олинган “Халқ душманлари” туркумидаги ҳужжатли кинофильмлар ҳам сақлангандир. Биз 90-йиллардан шу кунгача бўлган даврда қатағон даври тарихи ва унинг қурбонлари тақдирини ўрганиб келаётганимизга қарамай, шу вақтгача бу муҳим манбалардан фойдаланиш имконига эга бўлмай келамиз.
Ўйлайманки, “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишда белгиланган ўта муҳим вазифаларни бажариш учун ДХХ ихтиёридаги шу кутубхона ва шу фондларда ҳам ишлаш талаб этилади. Шундагина биз бахтсиз аждодларимиз хотираси олдидаги, тарих олдидаги бурчимизни бажарган бўламиз.
Наим КАРИМОВ,
академик