Айни кунларда тарвуз савдоси авжига чиққан. Аксариятимиз тарвузнинг каттаси ва чертиб кўрганимизда жаранглаган товуш чиқарганини сотиб олишни истаймиз. Тўғри, тарвузнинг катталиги яхши, аммо оғир бўлмаслиги керак.

Чертиб кўрганимизда эса аксинча, бўғиқ ва жарангсиз овоз чиқарган тарвуз яхши пишган бўлади. Аксариятимиз ўйлагандек, тарвузнинг банди қуруқ бўлса, мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, биз офтоб урган деб ўйлайдиганимиз — ёнбошида ўртача катталикдаги сариқ доғ бўлган тарвузлар ҳам ширин бўлар экан, аммо доғ оқ бўлмаслиги керак. Тарвузнинг устки қаватидаги йўл-йўл чизиқ аниқ-тиниқ кўриниб турса, у эскирмаган бўлади.

Энг муҳими, тарвуз қандай жойда сотилаётганини ҳам эътиборга олишимиз зарур. Чунончи, савдо нуқтаси айвонли бўлиши, тарвузлар соябон билан қуёшдан тўсилган бўлиши лозим.

Тарвузлар ердан камида 20 сантиметр баландликдаги махсус таглик устига жойланган бўлиши керак. Зеро, шундоққина ерга тизиб қўйилган, усти соябонсиз тарвузлар офтоб тиғида узоқ қолгани боис диареяга сабаб бўлиши мумкин.