Уларни ҳал этиш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилашда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг ўрни тоборо ортиб боряпти.

Президентимиз шу йил 11 октябрь куни бўлиб ўтган маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Унга кўра, 2023 йилдан маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Бунинг учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади.

“Шунда ўғирлик бўлмайди, адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди”, деди давлатимиз раҳбари.

ФАОЛЛИК ВА ОШКОРАЛИК ПЛАТФОРМАСИ

Маълумки, аввал “Очиқ бюджет” платформаси орқали “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси йилига икки марта, уларнинг ҳар бири 3 босқичда ташкил этиляпти.  Дастлабки босқичда фуқаролар лойиҳалар бўйича ўз таклифларини илгари суради, иккинчисида улар модерация жараёнидан ўтказилади. Учинчисида сараланган таклифлар овоз беришга қўйилади. Унинг якунларига кўра, “Очиқ бюджет” ахборот портали автоматик равишда ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп тўплаган  овозлар асосида ғолиб лойиҳаларни аниқлайди.

— 2022 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларини молиялаштириш мақсадлари учун йўналтириладиган маблағлар миқдори 3,5 баробарга оширилди, — дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Азимжон Ҳасанов. — Жорий йилда туман, шаҳарларда тасдиқланган бюджетлардан ажратилган 5 фоиз маблағнинг ўзи 1,5 триллион сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Бундан ташқари, қўшимча манбаларнинг 30 фоизи ҳам ”Ташаббусли бюджет” учун йўналтирилади.   

Ҳақиқатан, кўлам ҳам, маблағ ҳам тоборо ортиб боряпти. Аслида бундан тўрт йил олдин бундай имконият ва кўрсаткичларни тасаввур этиб бўлмас эди. Қолаверса, аҳоли кундалик ҳаёт тарзи билан боғлиқ масалалар ечимига ажратилган маблағлар керакли манзилга етиб бормаслиги, бу борада улар иштироки ва назоратининг йўқлиги муаммоларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўларди. Яъни, ҳар бир солиқ тўловчи ўз “бурчи”ни бажарарди, аммо бюджет, айниқса,  маҳаллий бюджет маблағларининг қаёққа ва қандай сарфланишидан бехабар қоларди. Уларни тақсимлашдаги жамоатчилик иштироки ва назорати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

2018 йилда “Очиқ бюджет” ахборот порталининг ишга тушиши билан “муз” кўча бошлади. У орқали фуқаролар наинки бюджет маълумотлари билан танишиб боришлари, шу билан бирга, бу жараёнда бевосита иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун тегишли маблағларни тақсимлашда иштирок этиш имконияти яратилди. 2019-2020 йиллар давомида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида улар томонидан жами 230 мингга яқин таклиф билдирилиб, овоз бериш натижааларига кўра, 245,1 миллиард сўм маблағлар жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун йўналтирилди.

Юртдошларимизнинг мазкур жараёндаги иштироки ҳам тобора фаоллашиб боряпти. Агар ўтган йили ижтимоий лойиҳаларга 1 миллиондан ортиқ овоз берилган бўлса, унинг жорий йилда ўтказилган дастлабки мавсумида ушбу кўрсаткич беш баробарга ортди, яъни овозлар сони 6 миллион 700 мингдан зиёд бўлди.

Иккинчи мавсумда бу лойиҳада 9 минг 201 та (98 фоиз) маҳалла иштирок этди. Жараёнда 7,8 миллиондан ортиқ овозлар берилди. Шундан 4,3 миллион овоз тўплаган 1418 та лойиҳа ғолиб бўлди. Улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Энг муҳим жиҳати, овоз бериш жараёнида мамлакатимизда яшовчи жами аҳолининг 22 фоизи иштирок этган бўлса, бу кўрсаткич Фарғона вилоятида 33 фоиз, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятларида 25-26 фоиз атрофида бўлди.

Ҳудудлар кесимида Фарғона вилоятининг Данғара туманида энг юқори даража қайд этилиб, умумий аҳолининг 84 фоизи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида иштирок этди. Бу кўрсаткич Ўзбекистон туманида 48, Риштон туманида 44, Фурқат туманида 43 фоизни ташкил этди. Бундан кўринадики, аҳолининг долзарб муаммоларни ҳал этиш йўлидаги ҳамжиҳатлиги тоборо ортиб боряпти ва  ғолиб чиққан маҳаллалар учун ўзига хос байрамга айланиб кетяпти.

Ҳаётнинг ўзи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини  янада кенгайтириш ва оммалаштиришни кун тартибига қўймоқда. Чунки, бу тизим орқали ҳозирги пайтда аҳолининг энг долзарб муаммоларини  ўрганишга ёрдам берадиган “очиқ маълумотлар базаси” шаклланмоқда. Бинобарин, уч мавсум давомида айнан маҳаллалардаги муаммоларга доир 100 мингдан ортиқ таклифлар билдирилди. Бу, ўз навбатида, наинки туман ва шаҳар даражасида, балки маҳаллалар кесимида ҳам мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишида фаол иштирок этган ёки умуман лойиҳалар илгари сурилмаган масканларни аниқлашда ҳам қўл  келмоқда.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда мутасаддилар эътиборини республика бўйича 1,5 мингта маҳалла аҳолиси бирорта лойиҳага овоз бермаганига қаратар экан,  яқинда маҳаллаларда раислар сайлови бўлиб ўтгани, янгидан сайланган раислар одамларга ваъдалар бергани, лекин тақдим этилаётган бу имкониятдан фойдаланмаётганини кўрсатиб ўтди. “Мудраб ўтирган” раисларни фаолликка чақириш, керак бўлса ўқитиш кераклиги таъкидланди.

ЯНГИ ИМКОНИЯТ ВА ЯНГИЛИКЛАР

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бир қатор таклифлар кўплаб маҳалллалар аҳолисига  кўтаринки кайфият, келажакка ишонч ҳадя этяпди. Гап шундаки, 342 та маҳалладаги 2 мингтадан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратиладиган бўлинди. Натижада иккинчи мавсум учун ажратилган жами маблағлар миқдори 1,3 триллион сўмни ташкил этиб, ғолиб деб топилган лойиҳалар сони 1782 тага етди.

Республика бюджетидан ажратилган қўшимча маблағлар доирасида фуқаролар томонидан илгари сурилган 110 та умумтаълим мактаблари, 113 та маҳаллаларда ички йўлларни, 16 та мактабгача таълим муассасаларини, 49 та соғлиқни сақлаш ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳалар қўшимча равишда молиялаштирилиши белгиланди.

— Вилоятимизда ойиҳанинг иккинчи мавсуми натижалари учун жами 116,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган эди, — дейди Фарғона вилояти молия бошқармаси бўлим бошлиғи  Ҳайитбой Хайруллаев. — Унда жамоатчилик томонидан илгари сурилган 2 минг 709 та таклифдан  энг кўп овоз тўплаган 126 та лойиҳа ғолиб деб топилди.  Булар ички йўллар, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ичимлик суви ва оқава сув тизимини яхшилаш, соғлиқни сақлаш, болалар майдончалари, аҳоли дам олиш масканлари барпо этиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда қонун хужжатлари билан белгиланган мезонларга мувофиқ ғолиб бўлган эди.

Президентимиз ташаббуси билан овоз тўплаш жараёнида 2 мингдан  ортиқ овоз  олган, лекин ғолиб бўлолмаган таклифлар ҳам қўллаб-қувватлангани янги имкониятларга йўл очди. Фарғона вилоятида бу жараёнда умумий қиймати 59 миллиард 869 миллион сўм бўлган 63 та таклиф қўллаб-қувватланди.

— Маҳалламизда электр кучланиши жуда пасайиб кетганди, — дейди Риштон тумани “Воҳим” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жаҳонгир Сирожиддинов. —“Очиқ бюджет” портали жараёнида электр таъминотини яхшилаш мақсадида 3 дона 360 кВт бўлган янги трансформатор ҳамда 3 километр электр тармоғи тортиш учун бирдирган таклифимиз икки мингдан ортиқ  овоз олган бўса-да ғолиб бўлмаганди.  Президентимиз бизга янги имконият очиб берганини ҳаммамизга кўтаринки кайфият бахш этди. Лойиҳамиз қўллаб-қувватланиб, керакли сармоя ажратилгани айни муддао бўлди. Ҳозирда билдирган таклифлармиз бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Маҳаллалар аҳлини қувонтираётган бошқа янгиликлар ҳам кўп. Келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина „Ташаббусли бюджет“ орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилишини, унинг умумий миқдори 8 триллион сўмга етказилишини юқорида қайд этган эдик. 

— 2023 йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига йўналтирилади. Бунинг натижасида — ушбу жараёнлар учун қўшимча 1 триллион сўм ажратилади дегани, — дейди Азимжон Ҳасанов. — 200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади. 

Яна бир муҳим жиҳати, маҳаллаларни обод қилиш ва уларга инфратузилма олиб бориш дастурларини ишлаб чиқишда аҳоли кўтарган 12 мингта масалани ҳам ҳал қилишни ўз ичига оладиган янги тизим яратилади.

Видеоселекторда 4 979 та маҳалладаги ички йўллар, ичимлик суви ва оқова тизими, электр энергияси ва газ таъминоти, боғча, мактаб ва спорт объектлари, ободонлаштириш, суғориш, кўчаларни ёритиш ва бошқа масалаларни ҳал қилишга бир ой муддатда “Обод қишлоқ”  ва “Обод маҳалла” жамғармаларига 1,7 триллион сўм йўналтириш топширилди. Эҳтиёжга қараб, йил якунига қадар яна 1 триллион сўм ажратилади.

 Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари