Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5-7 октябрь кунлари Россия Федерацияси Президенти таклифига биноан ушбу давлатга амалга оширган расмий ташрифи самарали кечди. Айниқса, ташриф доирасида Россиядан Қозоғистон орқали мамлакатимизга газ етказиб берилишига старт берилгани юртдошларимиз учун қувонарли бўлди.
Ушбу воқелик қайси жиҳати билан аҳамиятли, аксарият юртдошларимиз нега бундан хурсанд бўлмоқда, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Маълумки, ўтган йили қиш фаслида кузатилган аномал совуқ энергетика таъминоти билан боғлиқ муаммоларимизни кўрсатди, шу жумладан, газ босими пастлиги туфайли маълум муддат уйларимиз исимади, аввалига автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида турнақатор навбатлар пайдо бўлди, кейинчалик эса вақтинчалик ишламади ҳам.
Россия газини “реверс” тарзида импорт қилиш масаласига келсак, маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан 2,8 миллиард куб метр газ сотиб олади. Мамлакатимизда ҳар йили минглаб янгидан янги саноат корхоналари, аҳоли турар жойлари барпо этилиб, табиий газга талаб ортиб бораётган, қолаверса, ўтган йилги аномал энергетик тақчиллик оқибатлари ҳали ёддан чиқмаган бир пайтда, газ импортига оид бу янгилик қувонарли, албатта.
Ҳозирча бу йил қиш фасли қай даражада совуқ ёки илиқ келишига доир аниқ маълумотлар йўқ. Лекин, қиш ҳароратининг қандай бўлишидан қатъи назар, бу мавсумда табиий газга талаб ортиши аниқ ва табиий. Негаки, юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми – қарийб 90 фоизи иссиқлик электр станцияларида газ ёки кўмир ёқиш ҳисобига ҳосил қилинади. Демак бундан англаш мумкинки, иқтисодиётимиз ривожи ва аҳоли фаровонлигини оширишда табиий газ барқарорлиги муҳим фактор.
Президентимиз айни шу боис ҳам бу масалага доим алоҳида эътибор қаратади. Россия билан газ импорти борасидаги келишув ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий бир самараси бўлса, асосий томонлари юртимизда янги газ конларини излаб топиш, ўзлаштириш, корхоналарни модернизация қилиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича қўлга киритилаётган натижаларда кўзга ташланади. Буни биргина Устюрт газ ишлаб чиқариш бошқармаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, “Ўзбекнефтгаз” акциадорлик жамияти томонидан 2023 йилда 700 дан ортиқ геологик-техник чора-тадбир амалга ошириш ҳамда бунинг эвазига 32,8 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқариш режалаштирилган. Шундан 1,8 миллиард куб метр қисми Устюрт газ ишлаб чиқариш бошқармаси ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йил бу ерда юздан ортиқ геологик-техник тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шу жумладан, 7 та излов-қидирув қудуғини бурғилаш, 67 та қудуқда мураккаб турдаги капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шу билан бир қаторда, 5 та технологик объект ишга туширилади. Натижада 1,8 миллиард куб метр табиий газ ҳамда 15,8 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқарилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Устюрт минтақасининг юқори истиқболга эга 4000-7000 метр чуқурликда жойлашган қуйи юра даври ётқизиқлари 3D сейсмик-қидирув материаллари янги eXchroma технологияларини татбиқ этган ҳолда қайта атрибут таҳлил қилинмоқда. Шу орқали “Судочий” ботиқлигининг чуқур геологик тузилиши, бурғилашдан олинган барча геологик-геофизик ва бошқа маълумотларни ўрганиш ҳамда ҳудуднинг регионал модели асосида аниқланган янги маҳсулдор қатламларни нефтгазга истиқболлиги ҳамда углеводород ресурсларини баҳолаш ишлари “Schlumberger” халқаро сервис компанияси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.
Устюрт ҳудудида табиий газ қазиб олиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан кенг оммани яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган пресс-турда шулар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Қорақалпоғистоннинг ер ости бойликлари кўп бўлган ушбу ҳудудида углеводородларни қазиб чиқариш ишлари 1995 йилдан бошланган. Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан қазиб олинган хомашё гази истеъмолчилар ҳамда “Устюрт газ кимё мажмуаси”га етказиб берилган.
2023 йилда Устюрт бошқармасида нефть ва газ геология-қидирув ишлари натижасида 1 та янги майдон бурғилашга киритилди. 20 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилди ва 4 та янги қидирув излов қудуғида қурилиш ишлари тугатилди. Натижада Шарқий Арслон янги газконденсат кони очилиб, табиий газнинг 1 миллиард метр куб янги заҳиралари топилди. Шу билан Устюрт минтақасида ишлатилаётган конларнинг сони 10 тага етди.
– “Қуйи Шарқий Бердақ” иккинчи қидирув излов қудуғининг ҳам бурғилаш ишлари якунига етди, – дейди “Ўзнефтгаз Бурғилаш ишлари” корхонаси бош муҳандиси Махсуд Жумаев. – Бугунги кунгача 4 минг 500 метргача бурғилаш ишлари олиб борилди. Ушбу кондаги 5 сонли излов-қидирув қудуғида жорий йилнинг 8 январида қуйи юра қатламларини ўрганиш, юқори натижада геологик маълумотларни олиш, янги истиқболли маҳсулдор қатламларни аниқлаш ва мавжуд углеводород заҳираларини ўстириш мақсадида бурғилаш ишларини бошланган эдик. Шу пайтгача юқори ва ўрта юра даврларидаги қатламдан газ олиб турилган бўлса, бугунги кунда қуйи юра, яъни чуқурлаштирилган қудуқдан янги технологияларни қўллаш асносида юқори босимли, яъни кунига 1 миллион куб метр атрофидаги газ оқими олинмоқда.
Мутахассиснинг қўшимча қилишича, иш жараёнидаги бурғилаш ускуналари жуда замонавий. Хитой давлатидан олиб келинган ушбу технологиялар 350 тонна юкни кўтариш қувватига эга. Ускуна билан 5 минг метр чуқурликкача қазиш имконияти мавжуд.
Ҳозир газ чиқаришнинг охирги босқичлари олиб борилмоқда. Бунда қатлам босими 600 атмосферадан юқори. Қатламдаги ҳарорат эса 150 даражани ташкил этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, очилаётган қудуқлардан камида 20-30 йил фойдаланиш мумкин. Мутахассисларимиз булар билан чекланиб қолмасдан, қўшимча қудуқларни бурғилаш, шу орқали янги кон заҳираларини аниқлаш ишларини ҳам давом эттирмоқда.
Умуман олганда, Устюрт ҳудудида 7 минг 535 погона километр ҳажмда 2D ва 1 минг 472 квадрат километр ҳажмда 3D сейсмик қидирув ишлари бажарилиб, 14 та структура излов бурғилашга тайёрланган. Шунингдек, 23 та янги майдон излов бурғилашга киритилган бўлса, 239 метр 262 метр ҳажмда излов-қидирув бурғилаш ишлари амалга оширилган, 60 та излов-қидирув қудуғида қурилиш тугатилган.
Олиб борилган геологик қидирув ишлари самараси ўлароқ, аввал нефтгазлилик истиқболи тўлиқ исботланмаган, 3 минг 200 дан 4 минг 500 метргача чуқурликдаги қуйи юра ётқизиқларидан саноат аҳамиятига молик газ ва конденсат оқимларини олишга эришилган. Пировардида эса Бешқала, Қуйи Сургиль, Оралиқ, Қушқаир, Ғарбий Қуйи Сургиль, Қуйи Шарқий Бердақ, Шарқий Арслон каби 7 та газконденсатли кон очишга муваффақ бўлинди. Шунингдек, 83,7 миллиард куб метр ҳажмда табиий газ ва 4,158 миллион тонна ҳажмда конденсат заҳираси яратилди.
Сўнгги икки йилда ушбу бошқармада углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳисобига 57 та янги қудуқ бурғиланди. 95 та қудуқ мукаммал таъмирланиб, 100 километрдан ортиқ ҳар хил турдаги газни ташувчи қувурлар тортилиб, ишга туширилган.
“Қуйи Сургиль”, “Қуйи Шарқий Бердақ” конларининг остки чуқур қисмида табиий газ захираларига эга бўлган янги қатламларнинг аниқланиши геология-қидирув, конларни ўзлаштириш борасидаги янги йўналишларни очиб бериши билан бир қаторда, Устюрт региони бўйича табиий газ, газ конденсати захираларини ўстириш имконияти мавжудлигини кўрсатди.
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили Қуйи Шарқий Бердақ кони бўлди. Конга қарашли 17-қудуқ ишлатиш қудуғи ҳисобланар экан. Лойиҳавий чуқурлиги 4 минг 500 метрни ташкил этади.
– Ушбу қудуқни жорий йил 6 сентябрь куни бурғилашни бошлаганмиз, – дейди Махсуд Жумаев. – Бугунги кунда қудуқнинг чуқурлиги 2 минг 300 метрни ташкил қилади. Қудуғимиз лойиҳа бўйича 180 кунга мўлжалланган. Лекин, биз чет эл компанияларининг бурғилаш эритмаларидан фойдаланган ҳолда буни 120 кунга мўлжаллаяпмиз. Чунки қиш фасли яқинлашиб келяпти, табиийки, республикамизда газга бўлган эҳтиёж ҳам ошади. Шунинг учун бу ердаги ишларни якунлашни 60 кунга қисқартириб режалаштирдик. Ушбу қудуғимиздан кунига 500 минг куб метр газ олиш мўлжалланмоқда.
2023 йилда бошқарма табиий газ қазиб чиқариш бўйича юқори марралар, яъни 4-5 миллиард куб метр табиий газ қазиб олишни режалаштирган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун 36 та янги газ қудуғи бурғилашдан ишга туширилади. 21 та мавжуд газ қудуғида мураккаб таъмирланиб, 7 та технологик объект ишга туширилади. Бугунги кунда эса Бойлиқ-1, Қуйи Шарқий Бердақ-5, Қуйи Кустай-1, Оралиқ-3, Ғарбий Қуйи Сургиль-3, Шимолий Урга-3 майдонларида излов-қидирув бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йил якуни билан 4 та янги майдон излов бурғилашга жорий қилиниши, 54 минг 500 погона метр ҳажмда излов-қидирув бурғилаш ишлари бажарилиши, 8 та қудуқни қурилиш билан тугатиш режалаштирилган.
Мазкур геологик тадбирлар натижасида Бойлиқ, Шарқий Арслон ва Қуйи Кустау майдонларининг нефтгазлилик истиқболи баҳоланиши ҳамда 12 миллиард куб метр табиий газ ва 450 минг тонна ҳажмда суюқ углеводородлар заҳираси ўстирилиши кутилмоқда.
Шунингдек, 4,5-6,5 минг метр чуқурликдаги қатламларда углеводород заҳираларини излаш мақсадида Ғарбий Қуйи Сургиль майдонида 6 минг 500 метр лойиҳавий чуқурлик билан параметрик қудуқ бурғиланмоқда. Бу тарихий воқеа. Чунки шу кунгача бундай чуқурликда қудуқ бурғиланмаган.
Орол денгизи қўйнида газни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнлари билан танишар эканмиз, навбатдаги манзилимиз Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмаси бўлди. Чўл бағридаги баҳайбат қурилма бизни ҳайратлантирди. Ушбу комплекс қазиб олинаётган газ хомашёсини сув ва коденсатдан ажратиб олиб, тоза газни “Ўзтрансгаз” акциадорлик жамияти тармоқларига узатиб беради.
– Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмаси Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги “2017-2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2019 йил декабрида ишга туширилган, – дейди Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси бўлими бошлиғи Латифжон Жумамуратов. – Комплекс 2 та паст ҳароратли сепарациялаш тармоқларидан иборат. Ушбу тармоқларнинг ҳар бири кунига 3 миллион куб метр, йилига эса 2 миллиард куб метр табиий газни комплекс тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда Арслон, Қуйи Сургиль, Ғарбий Қуйи Сургиль конларидан қазиб олинаётган газ қайта ишланади. Яъни паст ҳароратда сепарациялаш билан газ таркибидан қатлам суви, механик бирикмалар ҳамда суюқ углеводородлар ажратиб олинади. Натижада тозаланган табиий газ давлат стандарти талабларигача етказилади ва магистрал газ қувурлари орқали истеъмолчиларга узатилади.
Устюрт ҳудудида истиқболда газ қазиб чиқаришга қаратилган геологик-техник тадбирлар ва лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда, Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмасида яна 1 дона сепарациялаш тармоғи қурилмоқда. Ҳозирда кунлик 3 миллион куб метр газни комплекс тайёрлаш қувватига эга лойиҳа бўйича бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Агар лойиҳа якунига етса, Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмаси умумий ҳисобда 9 миллион куб метр газни комплекс тайёрлаш имкониятига эга бўлади. Ушбу қурилма айни қиш мавсумида газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бош лойиҳачи “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ, “Нефтгазмонтаж” МЧЖ пудратчи ташкилоти қурилиш-монтаж ишларини олиб бормоқда. Ҳозирда лойиҳа бўйича 70 фоиз қурилиш-монтаж ишлари якунланган.
Шарқий Бердақ сиқув компрессор станцияси 2017 йилда ишга туширилган. Станцияда 3 та газ ҳайдаш агрегати бор. Лойиҳа бўйича кунлик 6 миллион куб метр, йилига 2 миллиард куб метр паст босимли табиий газ босимини ошириб беришга мўлжалланган.
Мазкур сиқув компрессор станцияси Шарқий ва Шимолий Бердақ, Арслон, Ином ва Қуйи Сургиль каби конларда мавжуд 200 дан ортиқ қудуқлардан кунлик қазиб олинаётган 5,9 миллион куб метр паст босимли табиий газ босимини ошириб, “Шарқий БердаҚ” комплексининг паст ҳароратда газни комплекс тозалаш қурилмасига етказиб беради.
Устюрт ҳудудидаги конларда босим тушиб бораётганлигини инобатга олиб, мавжуд заҳираларни чуқур ўзлаштириш ва қазиб олинаётган газни тайёрлаш қурилмаларига етказиб беришни таъминлаш мақсадида 2024 йилда Шарқий ва Шимолий Бердақ конларидаги газ йиғиш жойларида яна 4 та кичик сиқув компрессор станциясини қуриш режалаштирилган.
Қум барҳанлари билан ўралган бу кенгликларда ер ости бойликларини ўзлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишар эканмиз, заҳираларимиз кўплигидан хурсанд бўлдик. Уларни қазиб олиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилаётганидан амин бўлдикки, куз-қиш мавсумида табиий газ таъминоти барқарор бўлиши, талофатсиз ўтиши учун зарур чоралар кўрилмоқда. Демак, қаҳратон қишда бу сафар уйларимиз иссиқ бўлади, ҳеч қандай хавотирга ўрин бўлмайди.
Устюрт ҳудудидан қайтар эканмиз, кичик-кичик қум барҳанлари оралаб катта йўл томон беланчакдай тебраниб кетаётган уловимиз бизларни “алла”лагандай бўлади, кечки чўл шамоли эса теварак-атрофимизда ҳудди моҳир мусаввир сингари ажиб сурат чизади. Ҳуддики, янтоқ япроқлари биз билан қўл силкиб хайрлашаётган, тобора олисда қолаётган газ иншоотлари томонидан эсаётган шамол эса “бу замин бағри бойликларга тўла, яна келсангиз кўрасиз, унгача бу жойларда катта-катта корхоналар барпо этилади”, дегандай бўлади...
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири