Бозорларимиздаги тўкинлик, нарх-наво барқарорлиги, аҳолининг истеъмол талаби ортиб бораётгани – турмуш сифати яхшиланаётганини кўрсатадиган энг асосий омил.
Ички талабни рағбатлантирадиган муҳим факторлардан бири, бу инфляция даражасидир.
Тўққиз йилда қулай бизнес муҳити яратилиб, товар ва хизматлар ҳажми ва тури кўпайтирилгани, кам даромадли оилалар учун йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит берилаётгани, инфляция даражаси «бир хонали» рақамга туширилгани натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.
Ўтказилган сўровлар ҳам, халқаро экспертлар таҳлиллари ҳам 75 фоиз аҳолининг молиявий ҳолати кескин яхшиланганини тасдиқламоқда.
«Албатта, бу натижалар билан чекланиб қолмасдан, халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз», – деди Президентимиз.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратилади.
Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади.
Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади.
Келгуси йилда 140 мингта квартирали кўп қаватли уй-жой барпо этилиши рўзғор учун зарур истеъмол товарларига талабни ошириши табиий, албатта. Бу талабни молиявий манбалар билан таъминлаш мақсадида 2026 йилда 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратилади.
Умуман, 2026 йилда қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоизга кўпайтириб, 30 миллиард долларга етказиш режа қилинган.