Кўпчилик ижара тўловлари, кундалик харажатлардан орттириб маблағ тўплай олмайди. Ахир уй-жой нархлари кичик сумма эмаски, бир неча ойда пул йиғиб олиш мумкин бўлса.
Қурилиш бўлаётган жойдан ўта туриб, одамнинг кўнглидан бошқача ҳислар ўтади: бунёдкорлик ишлари кўлами қанча кенгайиб, юртимиз обод бўлгани сари беихтиёр бундан қувонамиз. Айниқса, аҳоли учун арзон уй-жойлар қурилаётганини кўрганимизда, шу жойлар бошпанасиз одамларга насиб қилсин, яхши кунларига буюрсин, деб хаёлдан ўтказамиз.
Қурилиш соҳаси иқтисодиётимизнинг драйвер йўналишларидан бирига айланди. Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йиллардагига нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди. Аммо барибир аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини таминлаш масаласи йилдан йилга асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки одамлар уйли, ўзи ва оиласи тинч-хотиржам яшаши учун бошпанали бўлсин, деган мақсад баридан устунроқ.
Турли дастурлар доирасида ҳар бир ҳудудда уй-жойлар қад ростламоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда 326 мингта янги хонадон фойдаланишга топширилиб, шунча оила уй-жой билан таъминланди. Янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан жорий йил 5 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўтган даврда юртимизда уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли жон бошига 18 фоиз ошгани, аммо бу етарли кўрсаткич эмаслиги таъкидланди. Чунки юртимиз аҳолиси сони сезиларли тарзда ортишда давом этмоқда: охирги йилларда бу кўрсаткич 5 миллион 500 минг нафарга ўсиб, 36 миллиондан ошгани бунинг исботи. Демак, ҳар бир ҳудудда бу йўналишдаги ишларни фаол давом эттириб, нафақат уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш, балки аҳоли талабига мос арзон, сифатли, тежамкор хонадонларни қуриш, ҳамёнбоп нархлардаги ипотека дастурларини жорий этиш бўйича вазифалар айни вақтида белгиланмоқда. Президентимизнинг шу йил 13 апрелдаги “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам бунинг яна бир амалий тасдиғи.
Янги тажриба ўзини оқлади
Тошкент вилояти пойтахтимизга энг яқин ҳудуд. Бу ерда ҳам қурилишлар авжида. Ана шу қурилишларнинг катта қисмини эса аҳолимиз учун бунёд этилаётган учун уй-жойлар ташкил этяпти. Биргина 2021-2022 йиллар давомида вилоятда 258 та уй — 9 минг 432 та хонадон қурилгани бунинг далили.
Хусусан, 77 та кўп қаватли уй тадбиркорлар томонидан янги тартиб асосида қурилиб, 3 минг 206 хонадон эгаларига топширилган. Таҳлилилар айни пайтда вилоятда 24,2 минг кишининг уй-жойга эҳтиёжмандлиги, 26,6 фоиз оила кредит тўлашга лаёқатли эканини кўрсатмоқда. Аҳолининг 52,7 фоизини эса ёшлар ташкил этяпти. Бу ушбу ҳудудда янги турар жойларга талаб юқори эканини кўрсатади.
Шунга яраша қурилишлар кўлами ҳам катта. Жумладан, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларидаги Янги Ўзбекистон массивларида 44 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Очиғи, бундай массивларни юртимиз шароитидаги энг мақбул ечим, муқобили йўқ тажриба дейиш мумкин. Ёдимизда, 2021 йил 9 декабрда давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, ушбу замонавий турар жой биноларининг қурилиши биринчилардан бўлиб Андижон шаҳри яқинида бошланган эди. Кейинчалик тажриба бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилди. Қисқа вақт ичида улар одамлар ишончини оқлаб, ушбу биноларда яшашга бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда.
Янги Ўзбекистон массивлари — бу бир вақтнинг ўзида аҳоли яшаш уйлари, ижтимоий соҳа объектлари, зарур инфратузилмага эга катта майдондаги турар жой мажмуасидир. Бундай масканда яшайдиган инсонлар ўз манзилидан узоқлашмаган ҳолда ишлаш ва барча турдаги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади. Яъни массивларни шаҳар ичидаги кичик шаҳарлар, дейиш мумкин. Ҳозир юртимизнинг ҳар бир вилоятида 2-3 тадан шундай массив қуриляпти.
Пискент туманида ҳам ўтган йили Янги Ўзбекистон массиви қурилиши бошланган. 19 гектар майдонда бунёд этилаётган массив қарийб 2000 та оилани уй-жой билан таъминлаш имконини беради. Атрофда жуда катта ободонлаштириш ишлари ҳам амалга ошириляпти. Мактаб, боғча, савдо дўконлари, спорт комплекслари қуриляпти. Массивдаги тайёр уй-жойлар ўз эгаларига бирин-кетин топширилмоқда. Қолган хонадонлар ҳам лойиҳа режаси асосида 2025 йилгача қуриб битказилади.
Ипотека кредити олиш имконияти кенгаймоқда
Давлатимиз раҳбари топшириғи билан жорий йил мамлакатимизда янги уй-жой қуриш ҳажмлари 1,5 баробар оширилиши, , имтиёзли шартларда ипотека кредити бериш бўйича икки йил олдин бошланган амалиёт давом эттирилиши эҳтиёжманд қатлам учун айни муддао бўлади.
Тўғри, уй-жой олиш мақсадида йиллаб маблағ тўплайдиган, ана шу пулга яхши ниятлар билан уй харид қиладиганлар орамизда кўп. Аммо уйга эҳтиёжи бўла туриб, бунга имконияти етмайдиган оилалар ҳам йўқ эмас. Кўпчилик ижара тўловлари, кундалик харажатлардан орттириб маблағ тўплай олмайди. Ахир уй-жой нархлари кичик сумма эмаски, бир неча ойда пул йиғиб олиш мумкин бўлса.
Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда ҳар бир фуқаро ўз уйига эга бўлсин, деган мақсадда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кескин жадаллашди, ипотека тизимини қулайлаштириш чоралари кўрилмоқда. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ёки фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш тизими йўлга қўйилди.
Хусусан, биргина 2020—2022 йиллар давомида юртимиз бўйлаб жами 27 800 фуқарога бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 795,6 миллиард сўм ва 38 минг 811 фуқарога фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 429,4 миллиард сўм субсидия ажратилгани сўзимиз исботи. Шунинг ортидан кўп йиллардан буён ижарама-ижара яшаб, уй-жой олиш ниятида юрган минглаб одамларнинг орзу-истаклари рўёбга чиқди.
Президентимиз топшириғига асосан, жорий йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” лойиҳаси билан янги ипотека дастури бошланиши ва дастур доирасида, аввало, турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар қурилиши вилоят аҳлини қувонтирган эзгу амаллардан бири бўлди. Зеро, давлатимиз раҳбари ўтган йили Тошкент вилоятига ташрифи давомида мутасаддиларга ҳудудда келгуси йилда эҳтиёжманд аҳоли уй-жой ипотекаси учун 100 миллиард сўм субсидия ажратилишини айтиб, Зангиота туманида Янги Ўзбекистон массивини қуриш бўйича таклиф киритиш, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида авария ҳолатидаги 19 та кўп қаватли уйда яшовчиларни замонавий бошпана билан таъминлаш чорасини кўриш вазифаларини топширган эди. Ана шулардан келиб чиқиб олиб борилган ишлар натижасида янги тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича ҳолат қанақа, қандай муаммолар мавжудлиги, “Менинг биринчи уйим” лойиҳасининг қандай қулайликлари борлиги кўриб чиқилди.
Очиғи, ҳозирги вақтда уй-жой қурилиши ва топширилишида кечикишлар мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу қатор омиллар билан боғлиқ. Масалан, электрон аукцион орқали уй-жой қурилишига ер майдони ютиб олган тадбиркорларга уйларни ўз вақтида топширмагани учун қонуний чора кўриш механизми мавжуд эмас. Уй-жой қуриш бўйича пудрат ташкилотларининг охирги йилларда қурилиш ишларидаги тажрибаси ҳам электрон аукционда инобатга олинмайди. Тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар 24—27 фоиз ставкада экани эса уй-жойлар таннархи ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Бу масалалар ечими барибир қурилиш таннархини пасайтиришга бориб тақалади. Юртимизда қурилишлар борасида яхшигина тажриба шаклланмоқда. Анъанавий қурилиш материалларидан воз кечилиб, замонавий, энергия тежамкор, иссиқликни яхши ушлаб қолувчи, хуллас, камхарж уйлар қурилиши оммалашиб боряпти. Бу борада янада қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилдан ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда 2025 йилга қадар божхона божи бекор қилинадиган бўлди. Юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилди. Шуларнинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди.
Ипотека кредити ва субсидия билан кўпроқ аҳолини қамраб олиш мақсадида эндиликда расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредитини олиш имконияти яратилмоқда. Зеро, топиш-тутиши яхши бўлса-да, расмий даромади кам ёки умуман бўлмаган юртдошларимиз йиллар давомида шу муаммодан қийналиб келаётганди. Бундай эҳтиёжмандларнинг дастлабки бадални кўпроқ тўлаб, арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлиши ҳам муҳим воқелик бўлди.
Бундан ташқари, субсидиянинг муддати қисқартирилиши, белгиланган муддатда субсидия сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши, бунинг учун жорий йилда дастлабки бадални шакллантиришга 1,6 триллион сўм йўналтирилиши Ватанимизда ҳар бир инсон, унинг ҳаёти қадрланишининг амалдаги ифодасидир.
Кейинги пайтда аксарият одамларни ваҳимага солаётган зилзилалар чоғида бино ва иншоотларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қурилиш бошланишидан олдин танланган ер участкасини муҳандислик-геология экпертизасидан ўтказишнинг мажбурий бўлиши замирида ҳам осойишталигимиз, инсон ҳаётини асраш мақсади турибди.
Бугун Тошкент вилоятида яшовчи, уй-жойи бўлмаган ҳар бир фуқаро бир марта имтиёзли ипотека кредити асосида янги хонадон олиш имкониятига эгалигидан хурсанд. Зеро, киши бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун энг аввал унга тайин бошпана, кичик Ватан керак. Ана шу Ватанда у орзу-истакларини эмин-эркин амалга ошириши, эртасининг пойдеворини қуриши мумкин. Шундай экан, аҳолини арзон, янги тартибдаги уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳамиша долзарблигича қолади ва бу борада бизга ишониб топширилган тажриба амалда ўзини оқлашига ишонамиз.
Элдор Мирхолиқов,
Тошкент вилоят ҳокимлиги котибиият мудири