Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясидан 80 километр масофада жойлашган, Наманган вилоятининг Уйчи ва Учқўрғон туманлари туташган ҳудуддаги “Қизил Равот” нимстанцияси ҳозирги кунда “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши” лойиҳаси доирасида тўлиқ реконструкция қилинмоқда.
1987 йилда қурилган 220/110 кВ нимстанцияси 220 кВ электр кучланишни 110 кВ электр кучланишга ўзгартирувчи бўлиб, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг ишга туширилиши билан истеъмолчиларга сифатли электр энергияси етказиб беришда қувват бўйича истеъмол талабларига жавоб бермай қўйди.
Унинг ускуна ва жиҳозлари маънан ва жисмонан эскириб улгурган бўлиб, истеъмолнинг кундан кунга ортиб бораётганлиги сабабли нимстанция ҳудудида жойлашган трансформаторлар ва бошқа электр қурилмаларини замонавий трансформаторлар ва ускуналарга янгилашни тақоза қилди. Нимстанциядаги ускуна ва жиҳозларни капитал таъмирлаш ёки алмаштириш ишлари эса катта маблағни ҳамда катта меҳнат сарфини талаб қиларди.
Бундай шароитда нимстанцияни тўлиқ қайта қуриш ҳамда уни янги ва замонавий ускуналар ёрдамида жиҳозлаш соҳа мутахассислари ва хорижий экспертлар томонидан энг мақбул ва самарали йўл деб топилди. Лойиҳанинг қиймати 12,585 млрд.сўмни ташкил этиб, 220 кВ нимстанцияни қайта қуриш ишлари бош пудратчи “4-сонли монтаж бошқармаси” акциядорлик жамияти томонидан олиб борилмоқда.
Иккита эски трансформатор ёрдамида ишлаб турган нимстанция ҳозирги кунда бирламчи жиҳоз ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган. Лойиҳага кўра, нимстанция реконструкцияси давомида иккита эскириб қолган трансформатор ўрнига, замонавий талабларга жавоб берадиган, автоматлаштирилган тарзда ишлайдиган иккита янги трансформатор ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда монтаж қилинган янги трансформаторларни мутахассислар томонидан созлаш ишлари олиб борилмоқда.
Нимстанциянинг 5 та ячейкасида янги бирламчи ускуна ва жиҳозлар ўрнатилган бўлиб, қолган 3 та ячейкада бу ишлар АТ-2 куч автотрансформаторини алмаштириш билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ускуналар, қувват ўтказиш ва назорат қилиш кабеллари монтаж қилинган бўлиб, уларни фойдаланишга топшириш учун созлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ёнғинга қарши автоматик тизим камералари учун бино қурилиши якунланди, трубопровод ва ташқи сув ўтказгич трубаларини ҳамда ёнғин хавфсизлиги электрон тизимини ўрнатиш ишлари бажарилмоқда.