Мамлакатимизда ёшларнинг чет тилидан саводхонлигини оширишга қаратилган бир қанча ўқув курслари самарали фаолият юритмоқда. Аммо уларнинг аксарияти бошланғич билим ёки IELTS ўқув курсларидан иборат. Айнан илмий-тадқиқот эгаларининг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган академик ўқув курслари мавжуд эмас. Бундай курслар бор бўлса ҳам улар тил ўрганувчилардан яхшигина маблағ талаб этиши турган гап.

Мана шу муаммони ҳал этиш, юртимиздаги олимларнинг билимини глобал миқёсида кенг намойиш қилиш ҳамда олимларга кўмаклашиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан “English for science” лойиҳаси асосида инглиз тили курсларнинг академик даражасини мукаммал эгаллашга қаратилган бепул ўқув дарслари йўлга қўйилди.

Ўта масъулиятли вазифани амалга ошириш эса Илмий-техник ахборот маркази етакчи мутахассиси, The London College of IT and Commerce коллежи собиқ ўқитувчиси Нуруллахон Назруллаевга топширилган.

У билан суҳбатимиз мамлакатимиздаги ёш тадқиқотчи ва олимларнинг инглиз тили бўйича билимини янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар хусусида бўлди.

— “English for science” лойиҳаси ҳақида гапириб берсангиз. Бу олимларимиз учун нечоғли аҳамиятли?

— Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши бежиз эмас. Чунки мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқ. Афсуски, юртимизда олимлар томонидан амалга оширилаётган илмий лойиҳалар жаҳон аренасига чиқа олмаяпти. Натижада мамлакатимизда илм-фан ривожидаги кескин ўзгаришлар глобал миқёсда маълум бўлмаяпти. Бунинг асосий сабаби сифатида олимлар ўртасида инглиз тилини ўзлаштириш даражаси суст кечаётганини кўриш мумкин. Айнан кузатилаётган мана шу соҳадаги бўшлиқни тўлдириш учун масъулиятли ишга қўл урдик.

— Юртимизда инглиз тили курслари жуда кўп. Сиз йўлга қўйган лойиҳанинг улардан фарқли томонлари нимада?

— Мазкур марказлар бошланғич билимларни шакллантириш, IELTS даражасини қўлга киритиш учун хизмат қилади. Аммо академик инглиз тили йўналишида ҳеч қандай курс фаолияти йўлга қўйилмаган. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор. Негаки айнан олимлар учун алоҳида йўналиш бўйича ўқув дастурлар ишлаб чиқилмаган. Қолаверса, ташкил этилган тақдирда ҳам, ушбу дастур асосида таълим берадиган педагоглар ҳозирча саноқли.

Шу сабабли Илмий-техник ахборот маркази томонидан олим ва тадқиқотчиларга мўлжалланган “English for science” курсларини ташкил этиш бўйича таклиф берилганида жуда қувондим. Ушбу лойиҳани амалга оширишни ўз зиммамга олиш истагини билдирдим. Шу ўринда чет эл тажрибасига эга бўлганим қўл келди. Аввало, ўқув курсларини ўтиш методлари бўйича махсус ўқитиш дастури ишлаб чиқилди. Дастурнинг ўзига хослиги шундаки, у қолипга туширилган, эски ўқитиш усулларидан бутунлай фарқ қилади. Биз дастурни айнан Европа ва АҚШ стандартига хос бўлган АРА (American Psychological Association) ва CMC (Chicago Manual Style) асосида тузишга ҳаракат қилдик.

Бу услуб АҚШ психологлари ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, Ғарбда ижтимоий фанлар бўйича академик иш юритишнинг кенг тарқалган шакли ҳисобланади. Ушбу услуб мақолани тайёрлаш бўйича кўрсатмалар, шунингдек, иқтибос, изоҳ, жадвал, мақола шрифти ва тузилишини лойиҳалаш бўйича кўрсатмаларни ўз ичига олади. Дастур илмий мақола ёзиш, унинг структураси, терминологияси ҳақидаги йўналишларни қамраб олади.

Мен фаолият юритган London College of IT and Commercial коллежида айнан мана шу АРА ва СМС дастури кенг қўлланади. Шу сабабли бу дастурларни мукаммал ўзлаштиришимга имкон бўлган.

— Сизнингча халқаро олим қандай талабларга жавоб бериши керак?

— Юртимизда ҳар бир соҳа бўйича олимларимиз етарлича изланиш олиб бормоқда. Афсуски, илм-фан ютуқлари мамлакат чегарасидан ташқарига чиқмай қолиб кетмоқда. Унда асосий муаммо нимада? Иш қилинган, илмий салоҳият юқори, ҳатто халқаро аҳамиятга молик ғоялар мавжуд. Жаҳон бозорида лойиҳаларнинг рақобатбардошлиги кучли. Энди бу лойиҳани тижорийлаштириш мақсадида халқаро грантларга талабномаларни тўлдириш (лойиҳанинг мазмун-моҳияти), лойиҳани молиялаштириш учун иштирок этиш лозим. Амалга оширилган лойиҳани халқаро миқёсида тақдим этиб бориш мақсадида олимлар хорижий илмий журналларга, жумладан, Scopus маълумотлар базасидаги журналларга иш фаолиятидаги янгиликлар тўғрисида мақола чоп этиб боради.

Ушбу нашрларнинг ўзига яраша талаблари мавжуд. Агар мақола талабларга мос мазмун-моҳият ёки академик ёндашувга эга бўлмаса, чоп этилмайди. Шунингдек, айрим ҳолатларда тил билиш даражаси юқори бўлмаган олимларимизнинг халқаро конференцияларда ўз лойиҳалари ҳақида сўзлаб беролмаслик ҳолатлари ҳам юз берган. Назаримда, халқаро даражадаги олим ўзининг ғоясига, илмий натижаларига эга бўлиши керак. Энг асосийси, янги билимларни юзага олиб чиқиш учун иккинчи восита – тил билиш даражаси ҳам муҳим. Шу билан бирга, олимларимиз янада фаол бўлиши, ўз соҳаларида бўлаётган янгиликлар, рўй бераётган ўзгаришларни мунтазам кузатиб боришлари мақсадга мувофиқ. Айнан мана шу жабҳалар олимларимиздан инглиз тилини мукаммал билишни талаб этади. Бу халқаро миқёсдаги олимдан талаб этиладиган жихатлардир.

— Келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Аввало, йўлга қўйилган “English for science” лойиҳасини кенгайтириш ва 2021-2022 йилларгача узайтиришни режалаштирдик. Шу билан бирга, олимлар учун мўлжалланган янада мукаммал дарсликлар дастурларини тузиш мақсадида чет эллик экспертларни ҳам жалб этишга муваффақ бўлдик. Энг муҳими, иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида курсларни 9 ойлик ва 1 йиллик қилиб ташкил этишни белгиладик. Ҳозирча ўқув курслари Тошкент шаҳри олимлари учун йўлга қўйилган. Вилоятлар миқёсида фаолият юритаётган олимларимиз учун эса онлайн дарслар йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Ҳозирги кунга қадар ушбу лойиҳанинг “пилот”, яъни тажриба қисмини ўтказдик. Унда Тошкент шаҳри бўйлаб олимлар орасидан танлов асосида қабул қилинган 24 нафар қатнашчи уч ой бепул ўқитилди. Албатта, бунинг натижаси сезилди. Иштирокчи олимларнинг баъзилари халқаро конференцияда лойиҳаси билан иштирок этган бўлса, бошқа иштирокчилар Scopus маълумотлар базасида мақоласини чоп этишга муваффақ бўлди. Бу қисқартирилган — атиги уч ойлик курсларимизнинг натижаси, холос.

Тўққиз ой давом этадиган курслар сўнгида ҳар бир иштирокчи олган билимлари натижасини намойиш этиши учун халқаро журналларда мақола чоп эттириши ёки конференцияларда ўз лойиҳалари билан қатнашиши ҳамда хорижий грантларнинг иштирокчиси бўлиши талаб этилади.

Азиза АСЛАНОВА суҳбатлашди.