Одамларнинг даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестициялар жалб қилишни саноатсиз тасаввур этиб бўлмайди. Тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда эса, тармоқ кооперациясининг ўрни жуда катта.
Бундан икки йил муқадам мазкур соҳани замон талаблари асосида йўлга қўйиш масаласи илгари сурилганда, аввало, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида тўлиқ маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси кун тартибида турарди. Бу вақтга қадар ушбу вазифани йилига бир марта ўтказиладиган республика тармоқлараро кўргазмалари ва соҳалар бўйича ташкил этиладиган ана шундай тадбирлар баҳолиқудрат бажариб келган. Бироқ, замон шиддати ва рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлар янгича ҳамда тезкор воситани йўлга қўйишни тақозо эта бошлади. Содда қилиб айтганда, саноат ишлаб чиқаришида хомашё, бутловчи қисм ёки ускунага эҳтиёж туғилса, шу паллада таъминлашга камарбаста бўладиган электрон тизим керак эди.
Электрон кооперация портали
Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 24 август куни имзоланган “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарор асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни камайтириш вазирлиги ҳузурида Электрон кооперация порталини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Ана шу йилнинг 15 ноябрида портал ўз фаолиятини бошлади.
Қарор ўз вақтида ва истиқболни ўйлаб қабул қилинганлиги, айниқса, пандемия ва глобал инқироз шароитида ўзини яққол намоён этди. Яъни, Портал ишга тушанидан кейин орадан роппа-роса тўрт ой ўтиб, коронавирус сабабли жорий қилинган карантин тадбирлари барча соҳалар сингари ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ҳам чеклаб қўйди. Мазкур шароитда маҳаллий маҳсулотлар олди-сотди жараёнини масофавий амалга ошишида ушбу платформа жуда қўл келди ва келяпти.
Электрон коорепация портали Интернет тармоғида www.cooperation.uz доменида иш юритмоқда.
— Унинг асосий афзаллиги шундаки, савдо майдони нафақат маҳаллий корхоналарга таъминот занжири алоқаларини муваффақиятли ўрнатишда ёрдам беради, балки маҳаллий маҳсулотларнинг хилма-хиллигини кўпайтирилишига ҳам хизмат қилади, — дейди корхона директори Фаррух Хўжамқулов. — Дастур шундай яратилганки, ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти сертификатлаштирилмаган бўлса, Электрон кооперация портал уни қабул қилмайди. Тузилган шартнома муддати бузилса, келишув бўйича белгиланган устама ҳақ тўланади. Платформада рўйхатдан ўтиш, маҳсулотларни жойлаштириш ва савдоларда иштирок этиш мутлақо бепул.
Буюртмани ўз вақтида бажаришдан биринчи галда ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи манфаатдор. Истеъмолчи маҳсулотини қабул қилиб олганлиги ҳақида хабар электрон маълумот Порталимизга келиб тушган заҳоти унинг “банки”даги шартномавий сумма ҳисобварақасига ўтади. Тўлов кафолотига келадиган бўлсак, буюртмачининг тузилган шартнома бўйича келишилган сумма Порталга тушмагунча, электрон тизим маҳсулотни етказиб беришга йўл бермайди.
Портал орқали маҳаллий маҳсулотларнинг таснифлари, сифат кўрсаткичлари, бозордаги ҳажми, шунингдек, импорт қилинаётган ва экспортга йўналтирилаётган товарлар хусусида онлайнда ахборотга эга бўлиш ҳам тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бинобарин, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар яхши эслашади. Авваллари бирон бир маҳсулот ёки хомашёни йирик корхоналардан олишда ўртада “воситачи” турмаса, иш битириш қийин эди. Электрон кооперация портали орқали сифатли маҳсулотни ортиқча харажатларсиз, ўз нархида ва ўз вақтида харид қилиш учун шаффоф имконият яратилди. Унга кириб, бирон бир детал ёки хомашёнинг номини киритишингиз билан ишлаб чиқарувчиларнинг ўнлаб таклифлари пайдо бўлади. Талаб ва таклифга асосланган бундай хизматни ҳам электрон хизмат таъминлайди ва шу аснода коррупциянинг оёғига болта урилади.
— Портал бизга мижозлар базасида барқарорликни таъминлади, натижада узоқ муддатли фаолиятни янада самарали режалаштириш ва ташкил этиш имкони туғилди, — дейди “Aziatskiy Mashinostroitelniy Zavod” МЧЖ илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори Ҳабибулла Толибжанов. — Харажатларни камайтириш ва корхона фаолиятини кенгайтириш учун маблағларни йўналтиришга шароит яратилгани боис, 25 та янги иш ўрни вужудга келди.
Қўшимча рағбат ва имтиёзлар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фаол инвестиция ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келиняпти. Агар 2017 — 2019 йилларда иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмига эътибор қаратсак, у 2,1 баробарга, шу жумладан, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига 2,8 баробарга ортганлиги кузатилади. Ялпи ички маҳсулот таркибидаги инвестициялар улуши 2016 йилдаги 21 фоиздан 2019 йил якунига кўра, 38 фоиздан кўпроққа ўсди. Ушбу даврда ташқи савдо айланмаси ҳажми 1,7 баробарга ошган.
Лекин коронавирус пандемияси туфайли кооперация алоқаларининг бузилиши, маҳсулотга талаб ва сотув бозорларининг қисқариши иқтисодиётнинг қатор тармоқ ҳамда соҳаларидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаоллигига чекловчи таъсир ўтказиб келди. Натижада 2020 йилнинг иккинчи ярмига келиб, мамлакатимиз саноатида локализациялашган маҳсулотлар ҳажми атига 4 фоизни ташкил этди. Масалан, автомобиль саноатида импорт қилинаётган 1 минг 712 турдаги бутловчи қисмни юртимизда ишлаб чиқарилиб, валюта харажатларини камида 150 миллион долларга камайтириш имконияти мавжуд эди. Ушбу маҳсулотларнинг ҳудудий корхоналарда ишлаб чиқарилиши эса, атомобиллар таннархини камайтириб, бозорда рақобатбардошлигини оширишга замин яратган бўларди.
Қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация, ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш учун талаб етарли бўлишига қарамай, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятларидаги тўла қувватда ишламаётган корхоналар ва сервис базаларида 120 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар тайёрлаш имконияти бой бериб келинарди.
Президентимиз 2020 йил 22 августда Бектемир туманидаги “Cooperation LAB” марказида ҳудудларда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи бўйича ўтказилган йиғилишда шу каби мавжуд муаммо ва имкониятларни таҳлил қилар экан, тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Ана шу жиҳатлар давлатимиз раҳбарининг ундан бир кун олдин қабул қилинган “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топган эди. Унга мувофиқ, давлат харидларида юртимизда тайёрланган маҳсулотларга устуворлик берилиб, ишлаб чиқариш янада рағбатлантиришнинг амалий жиҳатлари белгилаб қўйилди. Хусусан, 2020 йил 1 ноябрга қадар cooperation.uz порталида республикада тайёрланаётган барча махсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг техник кўрсаткичлари 10 та рақамли ТИФ ТН коди ва ишлаб чиқарувчиларга боғланиш маълумотлари билан биргаликда жойлаштирилиши, мунтазам равишда янгилаб борилиши, унинг Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими (ТСОЯЭАТ) ва Давлат харидларининг махсус электрон портали (xarid.uz) билан интеграциясини таъминлаш вазифаси юклатилди. Бу вазифа ўз вақтида бажарилди.
Ижро интизоми
Вақт шиддати, маҳсулотлар турининг кўпайиши, рақобатнинг кучайиши, энг аввало, рақамлашиб бораётган замон билан ҳамқадам ишлашни тақозо этади. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, уларни экспорт фаолиятига жалб этишни янада рағбатлантириш мақсадида порталда янги хизмат турлари жорий этиб бориляпти. Хусусан, яқинда мамлакатимизда фаолият юритаётган 40 мингдан зиёд ҳунармандлар ҳамда ижтимоий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини онлайн тарзда сотиш бўйича савдо платформаси ишга туширилди. У миллий ва халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилинганлиги сабабли ҳеч бир тўсиққа дуч келинмайди ва ҳар қандай масофадан туриб савдо-сотиқ қилишни кафолатлайди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Электрон кооперация порталида саноатимиз базавий тармоқ корхоналарининг “Виртуал кўргазма” майдонини жорий этиш бўйича топшириқ берган эди. Бундай кўргазма хизмати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот ҳажмини мавжуд талаблар асосида режалаштириш, янги импорт ўрнини босувчи товарлар тайёрлашни йўлга қўйишга доир оқилона қарорлар қабул қилиш имконини беради. Шу асосда “Ўзбекнефтегаз” АЖ таркибидаги корхоналарнинг тайёр маҳсулоти, унга талаб этиладиган хом-ашё, бутловчи буюм ва материаллар, шунингдек асбоб-ускуналарининг тез ишдан чиқувчи қисмлари (маҳсулот чизмаси ва техник кўрсаткичлари кўрсатилган ҳолда) тўғрисидаги “Виртуал кўргазма”си яратилди. Бу борадаги ишлар белгиланган жадвал асосида давом эттирилиб, мамлакатимиздаги барча саноат корхоналарининг ана шундай электрон харитаси тайёрланади. Виртуал форматдаги саҳифа дунёнинг исталган нуқтасидан саноат корхоналарига кўргазмаларда иштирок этиш имконини ҳам таклиф этади.
Анъаналарнинг янгича тақдимоти
Харид қилувчиларга хос азалий тамоил бор. Маҳсулотни ўз кўзи билан кўриб, ишлаб чиқарувчидан ипидан игнасиггача суриштириб, сотиб омаса, кўнгли тўлмайди. Жорий йилнинг 22-24-апрел кунлари Навоий вилоятида ўтказилган йирик тармоқлараро саноат кооперацияси ярмаркаси ана шундай шароитни яратиб берди. Унда иқтисодиётнинг 60 та йирик тармоқ корхонлари билан бир қаторда саноатнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи 600 дан зиёд хусусий тадбиркорлик субъектлари 2000 дан зиёд маҳсулотларининг тақдимоти билан иштирок этди. Биргина Навоий кон-металлургия комбинатини оладиган бўлсак, 2020 йилда умумий қиймати 352,3 миллиард сўм бўлган маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган, тармоқлараро кооперация доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3,5 триллион сўмлик маҳсулот харид қилинган. 2021 йилда ҳам комбинатда бу ишлар изчил давом эттирилиб, 154 та лойиҳа бўйича 432,9 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот, шу жумладан, 82,0 миллиард сўмлик 70 дан ортиқ янги турдаги ускуна ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Саноат кооперация доирасида 3,8 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар харид қилиниши кўзда тутилган.
Ярмарка доирасида Электрон кооперация портали орқали умумий қиймати 421 миллиард сўмдан ортиқроқ 1336 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Президентимиз раислигида шу йил 30 апрель куни ҳудудларда маҳаллий саноатни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида Навоий шаҳрида ўтказилган саноат ярмаркасининг ижобий жиҳатлари эътироф этилар экан, бундай тадбирларни Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятда ўтказиш зарурлиги таъкидланди. Маҳаллий маҳсулотлар сифатининг бозор талабларига мос келиши уларнинг харидоргирлигинини, корхоналарнинг барқарлигини оширишига урғу берилди.
Қамров 95 фоиз, ўсиш тўрт барбобардан ортиқ
Электрон коорепация портали Интернет тармоғида www.cooperation.uz доменида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Унинг маълумотларига қараганда, бугунги кунда порталда 72 413 та саноат корхонаси рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 69 152 тасининг 173 577 та маҳсулоти жойлаштирилган. Бу қамров 95 фоизга етганидан далолат беради. 2021 йил 1 январь ҳолатига қадар бу кўрсаткич 156 796 тага тенг бўлса, иш бошланган пайтлардаги жойлаштирилган маҳсулотлар миқдори 42 205 тани ташкил этган. Кўриниб турибдики, ўтган қисқа вақт мобайнида тўрт баробардан ортиқроқ ўсишга эришилган.
Портал орқали бугунги кунгача умумий қиймати 7 657,5 миллиард сўмлик 55 264 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган. Бунда маҳсулот сотиб олиш бўйича йирик тармоқ корхоналарининг улуши 78 фоизни, маҳсулот сотиш бўйича ҳудудлардаги кичик бизнес субъекларининг улуши 76 фоизни ташкил этмоқда.
Ушбу рақамлар Электрон кооперация порталига ишонч ва эҳтиёж ортиб бораётганидан далолат беради. Унинг яна бир қулай жиҳати, иқтисодиётда талаб юқори бўлган ва ўзлаштирилиши тавсия этилаётган маҳсулотлари рўйхати ҳам эълон қилиб борилмоқда. Бугунги кунда улар сони 900 дан зиёд. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар учун бизнес режа дегани. Маъқулини ўзлаштириш талаб юқори маҳсулотга кафолат вазифасини ўтайди.
Янги тизимнинг бир ярим йил мобайнидаги фаолияти тармоқлар ва ҳудудлар ўртасида ўзаро кооперация бўлмас экан, қўшилган қиймат занжирини ва янги индустриал тараққиётни тасаввур ҳам қилиб бўлмаслигини яна бир карра кўрсатиб турибди.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи