Бундан 5-6 йил бурун турғунлик, жаҳон ҳамжамияти ва қўни-қўшниларимиздан ажралиб, миллий маҳдудликка берилиш тенденцияси анча кучайганди. Очиғини айтганда, мамлакатда тизимли инқироз бошланган эди. Вазиятни фақат давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини тубдан ўзгартириб, ҳар бир йўналишда, соҳада ислоҳотларнинг янги концепциясини яратиб ва қатъият билан амалга ошириб, ўнглаш мумкин эди.

Ўзбекистонда раҳбарият ўзгариши билан шундай сиёсат юритила бош­ланди. Бу сиёсат асосига “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси қўйилди.

Бу ғоя, бу ташаббус илгари сурилганига шахсан гувоҳ бўлганман. 2016 йили Шаҳрисабз шаҳрида ­
Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маънавий юксалиш асос­ларини халқимизга тақдим этди. Инсоннинг маънавий комиллиги, ривожланишига хизмат қилувчи шу улуғвор ғоя асосида 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Унинг доирасида ҳар бир соҳани 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси жорий этилди ва бу иш давом этмоқда. Ўтган йилларда Президентимиз юзлаб янги фармон ва қарорлар қабул қилди, фақат қоғозлардагина ишлаётган, реал ҳаётга мос бўлмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди.

Дилимдаги гапларни қоғозга кўчира бошлаган кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга эга 10 та энг муҳим ташаб­буси 100 нафар маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан шакллантирилгани ҳақида хабар тарқалди.

Эзгу хабарнинг қаноти бор, дейишади. Бугун ана шу ташаббуслар иш столимда турибди. Ҳар куни шу ташаббусларга бир қур кўз югуртираман, шунда кейинги 5 йилда азиз Ватанимизда рўй берган хайрли ўзгаришлар, фараҳли воқеалар кўз олдимдан бирма-бир ўта бошлайди.

Яхши қўшничилик муносабатлари шаклланди, чегаралар очилиб, назорат-киритиш пунктлари ташкил этилди. Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот ўрнатилди.

Шундай йиллар бўлдики, қўшнилар билан аҳил бўлишимиз керак, дедик, лекин уйимизга қўймадик, ўзимиз ҳам бормадик. Эшикларни маҳкам ёпиб олдик. Қон-қардош, қуда-анда, дўсту биродар халқларимиз узоқ йиллар бир-бирининг дийдорини соғиниб яшади. Маъракага, тўйга боролмади. Ҳатто, ота-онасини, яқин қариндошларини “сўнгги манзил”га кузатишдан мосуво бўлган юртдошларимизни биламиз. Уларнинг қалбидаги армон, алам чўғи эса энди-энди сўна бошлади.

Бугун халқимиз етакчиси — Президент
Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан Марказий Осиё халқлари ўртасидаги муносабатлар тамомила дўстона кайфиятда намоён бўлмоқда.

Чегаралар очилди, қўшни давлатлар билан боғлиқ барча масалаларга ечим топилди. Агар ҳозирги манзарани битта гап билан таърифлаш мумкин бўлса: минг-минг йиллардан буён қутлуғ заминда ўсаётган битта дарахт шохлари яна қайта яшнай бошлади.

Дўст отини миниб юр, манзилингга етасан, дейди халқимиз. Кейинги йилларда шу мақол ҳикмати ҳам кўз олдимизда очилмоқда. Гап шундаки, қўшнилар билан дўстона алоқаларнинг қайта тикланиши мамлакатларимиз ўртасидаги тенг манфаатли иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатди.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг биргина Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 2016 йилдан 2019 йилгача 2 баробардан ошди. Пировардида, беш йил олдинги 2,5 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткичларни қўшни давлатларнинг ҳар бирида кўриш мумкин.

Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари билан азалий дўстлик алоқалари йўлга қўйилгани халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг нуфузини, обрў-эътиборини чандон оширди.

Яна бир гап. Бугун қўшни давлатлар билан бизни фақат расмий чегара чизиқлари ажратиб турибди, мақсадларимиз, сиёсий иродамиз, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби тамойилларимиз эса муштарак.

Валюта бозори эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.

— Пенсиямизни уйимизгача олиб келиб беришади, барака топгурлар, — дейди шаҳрисабзлик 102 ёшли Саъдулло бобо. — Бундан тўрт йил муқаддам кунлаб банк эшиги ёнида ўтириб, пенсияни фоизга пул қилдириб, шунга ҳам “майли-да, энди” деб юрган эдик. Ҳамшира қизлар тез-тез ҳолимизни сўрайди. Санаторийда дам олиб келяпмиз. Инсон қадрланса қалб ёшарар, бошингдаги дўппи ҳам қийшаймас экан...

Саъдулло бобонинг гапида жон бор. Пластик карточкамиздаги ўз пулимизни нақд пул қилиш учун сарсон югурганларимиз ҳали ёдимизда. Айрим “уддабуронлар” 40 фоизгача ушлаб қолиб пулимизни нақдлаштириб бергани ҳам бор гап. Шунга ҳам рози бўлдик-да. Чорасиз эдик.

Қишлоқ муаллимларини айтинг. Пластик карточкасидаги 1 миллион сўм пулни нақд қилиш учун омади чопса 200 минги, йўқса 300-400 мингидан воз кечишга ҳам тайёр эди. Чунки бозордан ун, ёғ, картошка, пиёз дегандай озиқ-овқат сотиб олиши керак, уйида жўжабирдай жон, фарзандлари ейман-ичаман, деб турганда пул кўзга кўринармиди. Бозорда эса, пластик карточкага савдо қилинмасди. Борлари ҳам барибир фоиз ушлаб қоларди.

Яқинда қадрдон укамиз бундан тўрт йил олдинги воқеани эслаб, гурунг бериб қолди: “Келинингиз ўқитувчи. Пластигига тушган пулини нақд қилиш учун бормаган банким, учрамаган танишим қолмади. Фоиз фалон пул. Ҳар ой шу ҳол такрор. Бир куни, алам билан хотинимнинг пластигини олдим-да ўртасидан икки бўлиб, жавоннинг бир четига улоқтириб юбордим. Қачон шу тизим ўзгарса кейин ишлатамиз, дедим. Анча-мунча йиғилган экан, банкоматлар ишлай бошлаганида бемалол нақд қилдириб олдик. Биргина нақд пул билан боғлиқ сиёсатнинг ислоҳ қилингани ҳам хонадонларимизга ризқ-барака бўлиб кирди. Буни тан олмаслик, ношукрлик бўлар”.

Бу ҳам майли. Хорижда Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларига риоя қилинмайдиган демократик давлат, деб қараш, уни баъзи масалаларда “қора рўйхат”га киритиш йилдан-йил кучайди. Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, банклар юртимиздаги ваколатхоналарини ёпа бошлади. Инвестициялар киритиш ўсмади.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ўша даврда Ўзбекистонга инвестиция киритаётган хорижлик­ларнинг маблағидан четда ишлаб юрган муҳожирлар юбораётган валюта миқдори кўпроқ экан. Шу фактнинг ўзиёқ меҳнат мигрантлиги қай йўсинда авж олгани, хорижлик инвесторларнинг Ўзбекис­тонга ўз сармоясини тикишга ҳайиққанини яққол кўрсатиб турибди.

Бугун Ўзбекистонда иқтисодий юксалиш эпкини кезмоқда. Тадбиркорларга эркинлик берилди, қулай ва жозибадор инвестиция муҳити яратилди. Импорт ўрнини тўлдирувчи янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга киришилди, экспорт бозори кенгайди. Пировардида, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлди, хорижлик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ва бизнес юритиш учун ишончи ортди.

Бу каби яна кўплаб яхши натижаларга эришишда мамлакатда валюта бозори эркинлашгани муҳим омил бўлди, албатта.

Бундан тўрт йилча олдин Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев мамлакатда валюта бозорини эркинлаштириш сиёсатини илгари сурганида ­Ўзбекистондаги турғун ҳаётга кўникиб қолган халқаро ҳамжамият ҳам, экспертлар ва иқтисодий таҳлилчилар ҳам ишонқирамай қарашган эди.

Аммо қанчалик оғир бўлмасин, қанчалик мураккаб шароит ва тўсқинликлар юзага келмасин, Ўзбекистон етакчисининг қатъий ва мустаҳкам сиёсий иродаси билан мақсадга эришилди. Бугун мамлакатимизда нафақат валюта бозори эркинлашди, балки ўзбек сўмида халқаро облигацияларни ҳам жойлаштиришни бошладик. Шу кунларга етказганига минг шукр!

Мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатига барҳам берилди.

Тан олиш керак, мустақилликдан кейин ҳам оддий халқни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, болалар кучидан фойдаланиш, хотин-қизларни чойчақага ҳам арзимайдиган маош эвазига оғир меҳнатга тортиш юракларни зада қилиб ташлади. Биз қайси йўлдан кетаяпмиз, тилда “Мустақиллик, юрт тараққиёти, гуллаб-яшнаётган жамият” ҳақида гапирилса-да, одамлар мажлисдан сўнг шивирлаб “буларнинг ҳаммаси эски қолипдаги сўзлар, кўриб турибсиз-ку, халқ қийналаяпти”, дейишарди.

Ҳукумат ҳақида бир ёмон гап айтиб қўйиб балога қолишдан ҳайиқиш даври эди у пайтлар. Ҳаммаси жойида, ҳаммаси маромида кўринса-да, аслида ички бир тушкун кайфият ҳукмрон эди. Мустақилликдан кейин ишсизлик туфайли ёшларимизнинг Россияга, Қозоғистонга мардикорликка кетганини нима билан изоҳлаш мумкин? Қанчадан-қанча ҳунарсиз ва қўлидан иш келмайдиган ғўр ёшларнинг совуқ ўлкада қаровсиз, оч қолганига юрагимиз ачишганини унутиб бўладими?! Йўқ, албатта!

Бугун Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам берилган мамлакатлар сафида. Яқинда янги бир хушхабарни ўқиб қолдим. АҚШ Давлат департаментининг Жаҳонда одам савдоси тўғрисидаги йиллик маърузасида Ўзбекистоннинг позицияси яхшиланибди. Бу шу ой бошидаги гап.

Эълон қилинган маърузада жаҳондаги 192 давлатда ушбу соҳадаги вазият чуқур таҳлил этилган, йўл қўйилган камчиликлар билан бир қаторда, эришилган натижалар ҳам инобатга олинган. Унда Ўзбекистон одам савдоси ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида салмоқли ҳаракатларни амалга ошираётган мамлакатлар қаторида қайд этилган.

2020 йилги ҳисоботда АҚШ Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистонни алоҳида тилга олиб, “Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган катта саъй-ҳаракатлари минтақадаги мамлакатлар учун янги стандартни белгилаб бермоқда”, дея ушбу муаммони бартараф этиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берган эди.

Бу эътироф замирида пахта теримига талабалар, ўқитувчилар ва соғлиқни сақлаш ходимлари тизимли жалб этилишига барҳам берилгани, пахта терувчиларга бериладиган пул миқдори оширилгани, ихтиёрий меҳнатни рағбатлантириш учун иш шароитлари яхшилангани, халқаро кузатувчиларнинг монеликсиз текшируви учун имконият яратиб берилгани, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича олий даражадаги Миллий комиссия таъсис этилгани каби омиллар ётганини тушуниш қийин эмас.

Болалар меҳнатига барҳам берилгани ҳам тарихий воқелик эди. Биз-ку болалигимиздан пахта даласида ўсдик, лекин мустақиллик йилларида ҳам шу манзаранинг такрор бўлаётгани кўнглимизни эзиб келарди. Мактаб ўқувчилари, талабалар пахта даласида...

Энди бундай эмас. Давлат меҳнат инспекцияси томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш бўйича текширувлар сони ортди, мамлакатимизда одам савдосига оид жиноятларни аниқлаш ва қонуний жавобгарликка тортиш борасидаги ишлар самара бера бошлади.

ОТМларга қабул квоталари оширилиб, миллий ва хорижий университетлар филиаллари очилди.

Ҳозир таълим ҳақида ўйлар эканмиз, яна мажбурий меҳнат мавзусини давом эттиришга тўғри келади. Пешонамизга минглаб балоларни ёғдирган пахта сиёсати, пахта яккаҳокимлиги миллат болаларини мўрт ва касалманд қилиб қўйгани устига саводсизликка маҳкум этгани ҳам ачинарли бўлди. Аммо бу вазият мустақилликдан кейин ҳам салбийлигича қолди. Ҳосилнинг ярмидан ортиғини териб оладиган машиналар металломга топшириб юборилди. Теримнинг асосий юки мактаб, коллеж ўқувчилари, талабалар зиммасига тушди. Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш учун миллат маърифатини, миллат онгу тафаккурини бой бериш алал-оқибат миллий инқирозга юз тутишга олиб келиши ҳақида ўйлаб кўрилмади.

Бу фарзандларимизнинг ўқишдан қолиб кетиши ёки чаласавод бўлиб улғайишига, миллий ғурур, миллий ўзликдан узоқлашишга йўл очди. Энг ёмони ҳам шу ўзи. Баъзи ёшлар шулар боис четга чиқиб, турли экстремистлар тузоғига илинди.

Қорни тўқ, усти бут, оиласи обод, фарзандлари ўқимишли бўлган халқгина ўз олдига улуғвор мақсадлар қўяди. Эътибор беринг, бугун ҳар бир вилоятда ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, Президент мактаблари фаолият юритмоқда. Таълим тизимини замонавий методлар асосида, шахс тарбиясига эътибор қаратган ҳолда, айниқса, халқаро стандартлар талабларига мос фаолият олиб борилаётгани қанчалик самарали эканлиги намоён бўлмоқда.

Қайси куни бир ёш йигит ёнимга келиб, “Бобо мени табрикланг, муддатидан олдин бирварака­йига 31 та хорижий олий таълим муассасаси талабаси бўлдим”, дейди. Узундан узоқ дуо қилдим. Ахир шулар-ку, давлатимиз раҳбари айтганидек, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари.

Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари қадам қўйилар экан, бу қадамлар Учинчи Ренессанс пойдевори учун замин бўлаётганини халқимиз чин дилдан ҳис этяпти. Бу ҳис юрт тақдирига дахлдорлик туйғусининг бир кўринишидир. Халқ дарди билан яшаш, ҳар бир ўзбекистонликни ўз оғаси, синглиси, қадрдони, фарзанди каби кўриш учун — Юртбоши каби жонкуяр бўлмоқ керак. Бу жонкуярликни кўрганда, қалблар уйғонса, эрта учун нимадир қилиш ишқида ёнса, айни мана шу сабоқнинг амалий аҳамияти юзага чиқади.

Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қила бошлади.

Шавкат Мирзиёев раҳбарликка келгач, ана шу қатъий талабни қўйди. Бу талаб коррупцияга қарши кураш билан қўшиб олиб борилди ва кўплаб раҳбарларни ҳушёр тортишга мажбур қилди.

Янги давр бошланганини, инсонга, унинг тўқ ва фаровон яшашига, камбағалликка, ишсизликка барҳам берилиши, давлат ички сиёсатининг мақсадини ташкил этишини одамлар англаб етгач, уларнинг мамлакат келажагига ишончи юксала бошлади. Аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизими — сиёсий маданият даражасига кўтарилди. Қабулхоналар, сайёр қабулларда йиллар давомида ечим топмаган муаммоси ҳал бўлгани чоғда, кўзда ёш билан шукрона айтаётган одамларни кўрсанг, бир қалбга экилган яхшилик уруғи, бир неча қалбларга тотим бўлишини, дуога айланишини ҳис қиласан.

Қамаши туманидан 82 километр олисда жойлашган “Катта ўра” МФЙда яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган Муниса Эшбоева январь ойида бўлган сайёр қабул чоғида тикувчилик цехи очиш истагида эканини билдирди. Унга шаҳардаги ўқув марказида касб эгаллаши учун имкон яратилди. Тикув машинаси ҳадя этилди. Чевар қиз қишлоқдаги 22 нафар иштиёқмандга ўрганганларини ўргатди. Айни кунда улар томонидан турли кийим-кечак, рўзғор буюмлари тикилмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида аёллар бандлиги таъминланиши қаторида оилаларга даромад кириб бормоқда.

Ўзбекистон минтақавий хавфсизликни таъминлашда ташаббускор, фаол тарғиботчи мамлакат сифатида танилди. Инсонпарварлик сиёсати билан намуна бўлди.

Қайси куни Қарши шаҳридаги “Чақар” маҳалласидан Афғонистонга келин бўлиб тушган Нодима ота уйига меҳмон бўлиб келибди. Қавму қариндошлар жам, суҳбат қизиган, аммо унинг кўзи эшикда эмиш, ҳар замонда чўчиб туриб, деразадан атрофни кузатиб, гоҳ ҳадик, гоҳ саросима ичида ўтириши билан мезбонларни ҳайратга солармиш. Эрта тонгда туриб, уни юм-юм йиғлаётган ҳолида кўришибди. “Биз фарзандларимиз билан видолашиб уйқуга ётамиз. Ҳозир портлаш юз бермасмикин, деган қўрқув билан яшаймиз. Бу тинч, осойишта ҳаёт — бахт! Сизларга ҳавасим келяпти”, дебди у.

Ўзбекистон ўз Юртбошиси раҳбарлигида тинч­ликпарвар мамлакат сифатида ҳам танилди. ­Шавкат Мирзиёевнинг дўстона, бағрикенглик сиёсати Марказий Осиёда ўзгача ажиб муҳит яратди. Минтақа ҳаётига доир энг муҳим масалалар расмий Тошкентда ҳал этилиши яхши анъанага айланди.

Президентимиз ташаббуси билан келаётган ҳафта, 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтиши кутилаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ҳам фикримиз тасдиғидир.

Давлат раҳбари тавқи лаънатларга учраган ва жанг кетаётган ҳудудларда сарсону саргардон бўлиб юрган миллат аёллари ва болалари ҳақида чин юракдан қайғурди. Аслида ҳижратга кетиб қолганларнинг ҳаммаси ҳам сотқин эмас, улар орасида алданганлари, адашганлари ва кетишга мажбур бўлганлари ҳам кўп.

Сир эмас, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси орқали аёллар ва болалар олиб келинганда, бошида кўпгина юртдошларимиз бу тадбирга ҳадиксираб қараганди. Аммо давлат раҳбарининг юрагидаги миллатпарварлик оташи халқ тақдири, миллат келажаги учун ҳар қандай таъна-дашномларни куйдириб кул қилишга қодирлигини вақтнинг ўзи кўрсатди ва бу оташ шуъласи халқимиз юрагида ҳам акс эта бошлади.

Ислоҳотлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётига кириб борди. Минглаб оилаларда янги, фаровон ҳаёт бошланди.

“Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” каби ижтимоий ҳимоя қилишнинг аниқ тизими вужудга келиши, мазкур дафтарга тушганларни иш ва барқарор даромад манбаи билан таъминлаб, зарур ҳолларда янги касбларга ўқитиб ёки тадбиркорликка жалб қилиб, дафтарлардан чиқариш юзасидан олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар, ажратилаётган маблағлар халқимизга манзур бўлмоқда. Асосийси, мазкур тизим юртимиз ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Бир неча мисол келтириб ўтсам.

Қашқадарё вилоятида дастлаб “Темир дафтар”га 69 минг 194 оила киритилган эди. Уларда салкам 300 минг киши, шундан 72 минг 183 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаро қайд этилди. Бугун 65 минг 980 оила дафтардан чиқарилди. Уларнинг
71 минг 768 нафар ишга лаёқатли аъзоси иш билан таъминланди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган 59 минг 593 йигит-қиздан 2021 йил 1 июнгача 26 минг 523 нафари дафтардан чиқарилди. Ғалладан бўшаган майдонлардан такрорий экин учун ер ажратиш ҳисобига бу кўрсаткич янада сезиларли ошади.

“Аёллар дафтари” бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу кунгача дафтардаги аёлларнинг барчаси қандайдир кўмак олди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ва жамғармаси доирасида эҳтиёжманд оилаларга 141 миллиард 162 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Келтирилган рақамлардан юртда ҳар бир инсон эътиборда экани ўз исботини топмоқда.

Мен шу халқнинг вакили сифатида комил ишонч билан айта оламанки, юртимизда олиб борилаётган стратегия, янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бу энг тўғри ва одил, самарали йўлдир.

Яқин тўрт йил ичида амалга оширилган йирик иқтисодий-ижтимоий дастурлар, жумладан, вилоятимизда барпо этилаётган сунъий ёқилғи ишлаб чиқарадиган GTL, енгил саноат корхоналари, қиш­лоқ хўжалик соҳасидаги бунёдкорлик, “Обод қиш­лоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари аввалида давлат раҳбарининг ҳар бир ҳамюртимиз фаровон яшаши истагини англайсан киши. Моддий тўкисликни таъминлаш, ҳар бир оиланинг тадбиркор бўлиши йўлида қилинган ҳаракатлар, амалга оширилган чора-тадбирлар бугун амалий натижа бермоқда.

Энг муҳими, халқимизни ҳар томонлама рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар дилда шукроналик уйғотмоқда, бу эса тилда миннатдорлик ва дуо бўлиб акс этмоқда.

Буюк бобокалонимиз Абул Муин ан-Насафийнинг “Иймон қалбдан тасдиқ, тилда таъкиддир”, деган доно ўгитлари бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсат мисолида яққол намоён бўлмоқда. Зеро, халқи иймонли-эътиқодли мамлакатнинг келажаги нурафшондир.

Январ ИНОЯТОВ,
Қашқадарё вилоят ҳокими маслаҳатчиси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими