Сайлов демократик давлатнинг асосий белгиларидан бири бўлиб, у орқали мамлакатнинг тараққиёти ва истиқболи намоён бўлади. Сайлов халқнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этишининг асосий шакли ҳамдир. Ўз навбатида, сайловда қатнашиш асносида фуқаролик позициясини илгари суриш халқимизнинг юксалиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва электорал маданиятини кўрсатиб беради.

Ўзбекистонда демократик талабларга жавоб берадиган сайлов тизими яратилган. Сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш, сайлов ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Бунда сайлов қонунчилиги халқаро умумэътироф этилган тамойиллар, нуфузли халқаро ташкилотлар тавсиялари ва халқ фикри асосида такомилига етказилди ҳамда мамлакатда кечаётган демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштирилди.

Миллий сайлов қонунчилигининг кодификациялаштирилиши аҳамияти

Миллий сайлов қонунчилигимизнинг ўзига хос жиҳати сайлов жараёнларига оид барча нормалар кодификациялаштирилганида намоён бўлади. Хусусан, Сайлов кодекси сайлов ҳуқуқига оид ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ва ҳуқуқий кафолатлар тизимини мустаҳкамлаш билан бирга, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалга оширишни таъминловчи шарт-шароит ва механизмларни яратишга оид ҳуқуқий нормаларни ўзида акс эттиради. Сайлов қонунчилиги кодекс шаклига келтирилгунга қадар мазкур тизимда бир вақтнинг ўзида бешта қонун параллел равишда амал қиларди. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айрим нормалари бир-бирига зид бўлиб, турли ҳуқуқий коллизия мавжуд эди. Бундай ҳолат сайлов комиссиялари, айниқса, чекка жойлардаги участка сайлов комиссиялари фаолиятида турли ноаниқликлар юзага келишига сабаб бўлган.

Кодекс қабул қилингач, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида айрим бўшлиқлар ва ечимини кутаётган муаммолар ҳамда турли ноаниқлик ва оворагарчиликлар барҳам топганини нафақат миллий сайлов амалиётчилари, балки халқаро экспертлар ҳам кенг эътироф этди. Миллий сайлов тизимимиз умумжаҳон талаблари ва тенденцияларига мувофиқлаштирилди.

Халқаро сайлов стандартларига мос, пухта, ихчам ва яхлит шаклда қабул қилинган бундай мукаммал Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда бўлмаган ўнлаб янги норма ва қоида жой олди, амалдаги айрим бюрократик тартиб-қоидалар бекор қилинди.

Ҳар бир сайловчи – эътиборда

Сайлов жараёнида суиистеъмолчилик, таниш-билишчилик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Лекин шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, чет эллардаги дипломатик ваколатхоналар каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб-қоидалари талабларидан келиб чиққан ҳолда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги амалиётда муаммоларни келтириб чиқарар эди. Шу сабабли, киритилган ўзгартиришга кўра, энди мазкур қоида чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз ҳузурида, ҳарбий қисмлар, санаторийлар, дам олиш уйлари, шифохоналар ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил қилинган сайлов участкаларида татбиқ қилинмайдиган бўлди.

Бундан ташқари, Сайлов кодекси имконияти чекланган шахсларнинг овоз бериш йўли билан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини амалга ошириши учун барча механизмларни ўзида мужассам этган. Яъни сайлов куни овоз бериш биноларидаги технологик жиҳозлар – жадваллар, кабиналар ва овоз бериш қутилари ногиронлар аравачасидан фойдаланувчилар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилиши лозимлиги мустаҳкамланди. Агар соғлиғи ёки ногиронлиги туфайли сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш учун сайлов участкасининг овоз бериш хонасига кела олмаса, унга овоз бериш хонасидан (сайлов участкасидан) ташқарида, яшаш жойида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти яратилади.

Бу, ўз навбатида, замонавий сайлов қонунчилигининг муҳим жиҳати кўринишида жамиятимиз аъзоси сифатида ногиронлиги бўлган фуқароларимиз ҳам бошқалар билан тенг равишда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали самарали ва ҳар тарафлама иштирок этиши, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлайди.

Сайлов қонунчилигимизда ҳар бир сайловчининг ҳуқуқ ва эркинликлари инобатга олингани – жараёнларда сиёсий ҳуқуқга эга ҳар бир шахс ўз сайлов ҳуқуқини ҳеч тўсқинликсиз амалга оширишининг муҳим кафолатларидан бири.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати

Сайловнинг кўппартиявийлик, муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, демократик сайлов талабларига мувофиқ ўтишини таъминлаш замонавий тенденцияларни инобатга олган ҳолда жараёнларни рақамлаштириш масалаларига боғлиқ. Жумладан, Сайлов кодексида сайловчиларнинг рўйхати электрон тарзда тузилиши белгилаб қўйилган. Мазкур электрон рўйхатни тузиш, унга ўзгартишлар киритиш ва янгилаб туриш сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ёрдамида амалга оширилади. Ўз навбатида, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойи манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси ҳисобланади.

Айнан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини янада такомиллаштириш орқали фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойи, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонлар номлари ҳамда рақамларининг электрон шаклда аниқ-равшан белгиланишига имкон яратилади. Бу шунчаки сайловчилар ҳақидаги маълумотлар базаси эмас, балки сайловнинг тенглик принципини таъминлашга хизмат қиладиган восита ҳамдир. Чунки мазкур ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати орқали фуқароларнинг фақат бир маротаба овоз берганини назоратга олиш имконияти мавжуд бўлади. Юқори миграция шароитида сайловчини тегишли сайлов округига бириктириш ва “бир сайловчи – бир овоз” қоидасини амалда қўллашни таъминловчи тизимни яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати барча сайлов участкалари кесимида тегишли участка комиссияларига онлайн тарзда етказилади. Шундай бўлса-да, ҳар бир участка сайлов комиссияси участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан рўйхатга аниқлик киритади.

Қонунга мувофиқ, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг исм-шарифи сайловчилар рўйхатига киритилади. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Бундай тизим ўрнатилмасидан аввал бир сайловчининг ҳам доимий рўйхатда, ҳам вақтинча рўйхатда турган жойидан туриб овоз бериш ҳолатлари натижасида фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқи, яъни сайловда битта овозга эга экани тамойилининг бузилиш ҳолатлари кузатилиши мумкин эди. Шу асосда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқи принципини рўёбга чиқариб, фуқароларимизга давлат бошқарувида сайловлар орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишда аниқлик ва қулайликни таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг замонавий сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро стандартларга, эркин ва адолатли сайлов мезонларига мувофиқ келади. Шунингдек, мамлакатимиз сайлов тизими ҳуқуқий асослари миллий қадриятларимизга таянилган ҳолда халқаро тамойиллар, илғор хорижий мамлакатлар қонунчилиги ва амалиётини ўрганиш ҳамда мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўтказилган сайловлар тажрибасининг таҳлили натижасида тадрижий такомиллаштирилиб борилмоқда.

Фарангиз Авазбекова,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори