«Ўзбекистон Президенти томонидан жорий йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш вазифаси топширилган. Қайд этиш керакки, бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид 784 зиёратгоҳ, насронийлик динига оид 19 ҳамда буддавийликка оид 8 маданий мерос обекти мавжуд. Бу имкониятдан фойдаланиб, жорий йилда 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин», - деди Азиз Абдуҳакимов.
Шундан сўнг халқаро давра суҳбати иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришнинг қонунчилик ва институтсионал асослари, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистонни Ислом цивилизация маркази сифатида тарғиб қилишнинг аҳамияти, зиёрат туризмини ташкил этишда логистика масалалари ва янги йўналишлар ва COVID –19 пандемияси даврида туризм соҳасида фаолият юритиш шартлари каби мавзуларда чиқишлар қилинди.
2021 йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этиладиган тадбирлар, Мир Араб мадрасаси ташкил этилганлигининг 500 йиллигига бағишланган халқаро конференцияга тайёргарлик ишлари, Термизий уламоларнинг ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига оид анжуманга тайёргарлик ишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Бундан ташқари, халқаро форум доирасида Франция, Малайзия, Россия, Озарбойжон каби хорижий мамлакатлар мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, хориж тажрибаси ҳамда Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга оид фикрларини баён этишди.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамасига багъишланган видеоселектор йиғилишида зиёрат туризмини ривожлантиришга доир вазифалар белгилаб берилди.
2021 йил 9 февралда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унда қулай ички ва халқаро зиёрат туризм муҳитини яратиш, юртимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган.
Жорий йилда вилоятлар кесимида зиёратгоҳларнинг тарғиботи учун жами 1,1 миллиард сўм, хорижий давлатларда мамлакатимизнинг зиёрат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, қатор янги маҳаллий ва хорижий йўналишларда авиапарвозлар ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш режалаштирилди.
Бундан ташқари, 2020 йилдан бошлаб COVID —19 пандемияси билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, хусусий сектор субектларига бир қатор имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.