Муқаддас Убайдуллаева Тошкент шаҳрида туғилган. 35 ёшида иш излаб Москвага йўл олди. У ерда тозалаш хизмати (клининг)да иш бошлади. Бироқ иқлимнинг совуқлиги, соғлиғи билан боғлиқ қийинчиликлар янги муаммоларни юзага келтирди. Бир куни она юрти ва яқинларидан узоқда яшаш осон эмаслигидан ўкиниб ўтирган Муқаддаснинг хаёлини юртдан келган телефон қўнғироғи бузди. Ўзини маҳалла хотин-қизлар фаоли деб таништирган аёл ундан ҳол-аҳвол сўради. Муқаддас қийналаётганини, агар муносиб иш топилса, юртга қайтиш истаги борлигини билдирди. Хотин-қизлар фаоли унга уйга қайтиши мумкинлиги, иш топишда қўлдан келганча кўмак кўрсатилишини айтди.
У уйига қайтди. Маҳалла идорасига келиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш, тозалаш хизмати соҳасида ўз ишини бошлаш ниятида эканини маълум қилди. Муқаддас “Аёллар дафтари”га киритилди. Маҳалла раиси унга фаолият юритиши учун алоҳида хона ажратиб берди. Ўз маблағлари ҳисобидан зарур кимёвий воситалар, чангюткич ва буғ генераторини харид қилиб, иш бошлади.
Бу орада у турли танловларда иштирок этиб, икки марта ғолиб бўлди. Муайян маблағни қўлга киритди. Уни фаолиятини кенгайтириш ва зарур ускуналарни харид қилишга йўналтирди. Бундан ташқари, бепул бизнес тренингларда иштирок этиб, тадбиркорлик бўйича билим ва кўникмаларини оширди.
Фаолиятини янада ривожлантириш учун қўшимча жиҳозларга эҳтиёж сезилгани боис, яқинда масъуллар кўмагида унга 24 миллион сўмлик замонавий ускуналар олиб берилди. Бугун Муқаддаснинг нафақат бандлиги таъминланган, балки у мустақил даромад манбаига эга тадбиркорга айланган.
— Хорижда тўрт йилдан ортиқ яшадим, — дейди Муқаддас Убайдуллаева. — Онам ёлғиз эди. Баъзан пул жўнатишга имконим бўларди, баъзан эса йўқ. Юртимизга қайтганимдан кейин маҳалла менга ҳар томонлама кўмак берди. Бугун ўз ишим бор, меҳнат қилиб даромад топяпман. Менга ишонган, қўллаб-қувватлаган барча инсонларга, маҳалла аҳлига раҳмат.
Муқаддас Убайдуллаеванинг ҳаёт йўли оддий ҳақиқатни яна бир бор ёдга солади: инсонга ўз вақтида берилган эътибор, ишонч ва амалий кўмак у учун янги имкониятлар эшигини очиши, ҳаётини яхши ўзанга буриб юбориши шубҳасиз. Республикамизда жорий этилган ноёб тизим — “Аёллар дафтари” Муқаддас Убайдуллаева каби минглаб аёллар ҳаётида янги саҳифа очди. Кўрсатилган эътибор ва кўмак ёрдамида қанчадан-қанча аёллар муаммолар гирдобидан чиқиб, ўз кучига ишонишни, орзулари сари дадил қадам ташлашни бошлади. Зеро, бир аёлнинг ҳаётидаги ижобий ўзгариш оиланинг бутунлиги, бахти, жамиятнинг эртанги кунига қўшилган муносиб ҳиссадир.
— “Аёллар дафтари” — ижтимоий, иқтисодий, тиббий, психологик ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни аниқлаш, муаммоларини ҳал этиш ва кўрсатилаётган ёрдамни назорат қилишга мўлжалланган ахборот тизими, — дейди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова. — “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган хотин-қизлар яшаб турган жойи бўйича киритилади. Доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтмаганлик дафтарга киритишни рад этиш учун асос бўлмайди.
Дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қиз учун индивидуал дастур ишлаб чиқилади. Эҳтиёж тоифаси ва индивидуал дастурга қараб ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш ва бандликни таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки кенгайтиришга кўмаклашиш, турар жой ижараси учун компенсация, ижтимоий уйга жойлаштириш ёки уй-жойни таъмирлаш, тиббий кўрик, даволаниш ва психологик ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат, ҳужжатларни расмийлаштириш ва судга мурожаат қилишда кўмаклашиш, қонунчиликда назарда тутилган бошқа ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
Ижтимоий реестрдаги хотин-қизларга жарроҳлик амалиётисиз даволаниш харажатларида кўмак кўрсатилади. Жарроҳлик амалиёти харажатлари эса давлат тиббий суғуртаси бўйича белгиланган базавий нархлар доирасида қопланиши мумкин. Дафтарга киритилиш барча ёрдамларни автоматик олиш ҳуқуқини бермайди — ёрдам тури индивидуал дастур ва белгиланган мезонлар асосида аниқланади.
— Қачон дафтардан чиқарилади, деган ҳақли савол туғилиши табиий, — дейди М. Нурматова. — Хотин-қиз индивидуал дастурдаги ёрдамлар тўлиқ кўрсатилганда, тўлиқ давлат таъминотига олинганда, ўз аризасига кўра, дафтарга ноқонуний киритилгани аниқланганда, бошқа давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетганда, озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги суд ҳукми кучга кирганда, вафот этганда ёки суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганда дафтардан чиқарилади. Индивидуал дастурдаги масалалар тўлиқ ҳал этилмасдан туриб хотин-қизни дафтардан чиқариш мумкин эмас.
“Аёллар дафтари” Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жорий этилган эди. Кейинчалик уни юритиш тартиби такомиллаштирилди. Кўрсатиладиган хизматлар 23 тадан 46 тага оширилди. Янги тартибда 30 ёшдан ошган хотин-қизлар ишсизлик, тадбиркорлик, уй-жой, тиббий-психологик ва ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёжидан келиб чиқиб, беш тоифадан бирига киритилади.
Мазкур тизим аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Тизим дастлабки босқичда анча мураккаб жараёнлар орқали шаклланди. Унинг самарали ишлашини таъминлаш учун турли ҳудудларда ойлаб иш олиб борилди. Асосий вазифа кимлар “Аёллар дафтари”га киритилиши, уларга қандай ёрдам кўрсатилиши ва ҳар бир муаммога қандай ёндашиш лозимлигини аниқ белгилашдан иборат эди.
— Аслида, хотин-қизлар муаммоларини манзилли ўрганиш тизимига 2016 йилдан бошлаб асос солинган, — дейди Мукаррам Нурматова — Ўшанда ҳар бир хонадонга кириб, ҳар бир аёл билан алоҳида суҳбатлашиш, унинг дарди ва муаммоларини тинглаш, умумий ёндашувдан воз кечиб, индивидуал тарзда ёрдам кўрсатиш вазифаси белгиланган эди. Шу асосда хонадонбай ўрганиш ишлари бошланди.
Мазкур амалиёт ўз самарасини бергач, “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди. Ҳар йили хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир оиладаги хотин-қизлар билан суҳбатлашиш, эҳтиёжларини аниқлаш ва зарур ёрдамни манзилли ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилди. Бунда аёлнинг “Аёллар дафтари”га киритилиши шарт бўлмаса-да, унинг бошқа муаммоларини ўрганиш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда мазкур йўналишдаги ишлар янада кенгайиб, хотин-қизлар баланси шакллантирилмоқда. Бу эса ҳар бир аёлнинг ижтимоий аҳволи, эҳтиёжи ва имкониятларини чуқур ўрганишга хизмат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Аёллар дафтари” тизими жорий этилгани ва йиллар давомида такомиллашиб боргани муҳим аҳамиятга эга. Чунки мурожаат билан келган ҳар бир аёлга ҳар доим ҳам мавжуд имкониятлар доирасида ёрдам кўрсатишнинг иложи бўлмайди. Мазкур тизим орқали эса аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун ҳар йили зарур маблағ ажратилиши йўлга қўйилди.
Тизимнинг такомиллашиб бораётганини унинг қамрови ва натижаларидан ҳам кўриш мумкин. Дастлабки босқичларда аёллар муаммолари 50 га яқин турли тоифа бўйича ўрганилган бўлса, кейинчалик улар тизимлаштирилди. Бу эса хотин-қизлар эҳтиёжларини янада аниқ таснифлаш ва ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш имконини берди.
“Аёллар дафтари” доирасидаги ёрдам йўналишлари орасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш энг устувор вазифалардан бири. Зеро, аёллар бандлигини таъминлаш — шунчаки иш ўринлари яратиш эмас. Бу аёлга имконият бериш, салоҳиятини юзага чиқариш, жамиятга куч, мамлакатга тараққиёт бағишлашдир. Юқорида келтирганимиз Муқаддас Убайдуллаеванинг ҳаёт йўли бунга бир мисол. Муҳими, бугун бандлиги таъминланган аёл ўз қадрини ҳис қилган, эртанги кунга ишонч билан қарайди. У оиласига нафақат моддий ёрдам беряпти, балки фарзандларининг эртанги кунига пойдевор ҳам қўйяпти. Меҳнатсеварлик, мақсад сари дадил интилиш каби ижобий фазилатлари билан дилбандларига ўрнак бўляпти.
Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш ва ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим йўналишлардан биридир. Зеро, кўплаб аёллар муайян даромад манбаига эга бўлса-да, ўз фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш истагида бўлади.
— Тизимнинг дастлабки босқичларида бу борада ҳам қатор қийинчиликлар мавжуд эди, — дейди Мукаррам Нурматова. — Хусусан, имтиёзли кредит олиш, банклар билан ишлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда хотин-қизлар турли тўсиқларга дуч келарди. Ҳудудларда ишлаш жараёнида бу каби муаммоларни бевосита ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўряпмиз.
Бугунги кунда эса тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар учун кенг имкониятлар яратилган. Уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашиш механизмлари такомиллаштирилди.
Инсоннинг доимий яшаш жойи, бошпанаси бўлмаса, еган оши ичига тушмайди. Ҳаётнинг бошқа қувончлари татимайди. Уйсизлик, камбағаллик ва молиявий қийинчиликлар ортидан оилавий низолар ва ажрашишлар юзага келиши бор гап. “Аёллар дафтари”да бу масала ҳам эътиборсиз қолдирилмаган.
Ёлғиз фарзандининг ҳам онаси, ҳам отаси бўлишга мажбур Насиба Ашурова учун ҳаёт синовлари оғир кечди. Турмуши бузилгач, бутунлай уйсиз қолган аёл аввалига қариндошларникида ётиб юрди. Аммо бу муаммоларга ечим бўлмади. Рўзғор ташвиши, фарзанд тарбияси, тирикчилик илинжидаги кундалик кураш унга оғирлик қила бошлади. Бунинг устига бирор ишнинг бошини тутай деса саломатлиги панд берар, ишсизлик, моддий қийинчиликларнинг чеки йўқдай эди. Бўка тумани “Паркент” МФЙ фаоллари бунга бефарқ қарамади. Насиба Ашурова “Аёллар дафтари”га киритилди. Зарур ёрдам кўрсатила бошланди. Унга ер ажратилиб, мўъжазгина бошпана қурилди. Яқинда уй таъмири учун 20 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
— Ҳаётимнинг оғир, ёлғиз ва чорасиз кунларида умидим буткул сўнган, фарзандимнинг келажаги ҳақидаги ўйлардан толиққан эдим, — дейди у. — Ҳолатимдан хабар топган маҳалла фаоллари мен билан қизиқди ва муаммоларимни тинглашди. “Аёллар дафтари” ҳақида эшитганимда кўнглимда умид учқунлади. Шу дафтарга киритилганим ҳаётимда янги саҳифа очди, ёруғлик бағишлади. Бугун ўз бошпанамга эгаман. Уйим таъмирланди. Фарзандим соғ-саломат, бағримда. Менга меҳр кўрсатган, кўмак берган барчага раҳмат.
“Аёллар дафтари” тизими орқали 6 та босқичда 11 минг 264 хотин-қиз уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, минглаб аёлларнинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Кўплаб эҳтиёжманд хотин-қизларга турар жой ижараси учун компенсация тўланди.
Бу билан уларнинг муносиб ҳаёт кечириши, хавфсиз бошпана ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига кўмак берилди.
Хотин-қизлар саломатлигини тиклаш, ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатиш ҳам тизимнинг муҳим йўналишларидан. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ва даволаниши учун 60,7 миллиард сўм йўналтирилди. Шу орқали оғир хасталикларга чалинган, даволаниш учун молиявий имконияти чекланган кўплаб аёлларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашилди.
Шаҳодат Тожиева Сергели тумани “Дарёбўйи” МФЙда истиқомат қилади. Анча йиллардан бери ўт қопидаги тош безовта қилар, даволанишга маблағи йўқлиги туфайли касаллик қаршисида ожиз эди. Эшик тақиллатиб, ўзини маҳалла хотин-қизлар фаоли деб таништирган аёл у билан суҳбатда бўлгунга қадар оғриқ билан яшади. Шу аёл унинг жонига ора кирди. Яшаш шароити билан танишди, эҳтиёжлари ҳақида сўради. Даволанишга муҳтожлигини билгач, тезда “Аёллар дафтари”га киритди ва шифохонага йўлланма олишига кўмак берди.
— Ҳеч қаерда ишламайман, — дейди Ш.Тожиева. — Шу боис, даволанишга имкон топа олмаётган эдим. Яхши инсонлар ташлаб қўймади. Шаҳримиздаги энг яхши клиникада жарроҳлик амалиёти орқали ўт қопимдаги тош олиб ташланди. Дарддан фориғ бўлдим. Оғриқ, дилхиралик ортда қолди. Барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилди. Бундай ғамхўрликни кўрмаган эдим. Эътибордан бахтга тўлдим гўё. Бугун орзуларимиз, хаёлларимиз рўё эмас, амалга кўчганини кўриб турибмиз.
Ҳаётнинг мувозанати, оиланинг таянчи, авлодлар келажаги ва жамият тараққиёти оналар саломатлиги билан тўкис. Аёлнинг соғломлиги – миллат бойлиги. Унинг дардини эшитиш ва соғлом ҳаёт кечириши учун имконият яратиш энг катта бойликни асрашга бўлган масъулият, юксак маданият, эзгуликдан нишона.
— Дастлабки йилларда ҳудудларда иш олиб борганимизда ногиронлиги бўлган кўплаб фуқаролар ҳатто оддий ногиронлик аравачасига ҳам эҳтиёж сезарди, — дейди М.Нурматова. — Бугунги кунда эса кўрсатилаётган манзилли ёрдам туфайли уларнинг кўплаб эҳтиёжлари қондирилмоқда. Реабилитация воситалари билан таъминлаш, эскирган мосламаларни янгилаш ва зарур тиббий ускуналарни етказиб бериш ишлари изчил давом этмоқда.
“Аёллар дафтари” орқали эҳтиёжманд хотин-қизларнинг даромад манбаини шакллантириш мақсадида уларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер ҳам ажратилди. 6 босқичда 38 минг 206 хотин-қизга жами 10 минг 56 гектар ер берилди.
Таълим олиш истагида бўлган, бироқ тўлов-контракт маблағларини тўлаш имконияти чекланган хотин-қизлар ҳам эътибордан четда қолмади. Бунинг учун жами 5 миллиард 897 миллион сўм ажратилди. Бундай ёрдам ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, келажакда малакали мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Саёҳат кўнгилни поклайди, дилни равшан этади. У бир жойдан бошқа бир жойга боришгина эмас, ўзини қайта кашф этиш, қалбини дам олдириш, дунёқарашини кенгайтириш ва ҳаётга янгича нигоҳ билан қараш имкониятидир. 128 минг эҳтиёжманд хотин-қиз мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган саёҳатларга жалб қилингани аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишишига имконият яратди.
Жорий йилда маҳалла хотин-қизлар фаоллари “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида хонадонма-хонадон юриб, аҳоли, опа-сингилларимизнинг ижтимоий аҳволи, эҳтиёж ва муаммоларини чуқур ўрганди. Уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини аниқлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида 1 миллион 96 мингдан ортиқ анкета-сўровнома ўтказилди. Ўрганишлар натижасида “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига 1 миллион 26 минг 103 хотин-қиз киритилиб, уларнинг ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, ҳаёт сифатини яхшилаш ҳамда ҳар бир аёлни зарур кўмак билан қамраб олиш борасида амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 11 сентябрдаги “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан амалга ошириладиган ёрдам ва тадбирларнинг янги йўналишлари, миқдорлари, тартиблари, шу жумладан, амалдаги молиявий инструментларни тақдим этиш тартиби ҳам соддалаштирилди. “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг янги тартиби жорий этилди.
— Илгари “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан дафтарга киритилган хотин-қизларга 11 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатилган эди, — дейди М.Нурматова. — Энди ушбу жамғарма ҳисобидан 18 турдаги ёрдам ва хизматлар кўрсатилиши белгиланди.
“Аёллар дафтари” шунчаки ижтимоий рўйхат эмас, балки эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳаётини яхшилаш, муаммоларини ҳал этиш, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига кўмаклашувчи муҳим тизимдир. Унинг янги тартибида ҳар бир аёлнинг муаммоларига алоҳида ёндашиш, қўллаб-қувватлаш, ўз кучига ишонч уйғотиш ва мустақил ҳаёт кечириши учун имконият яратишдир. Зеро, иқтисодий жиҳатдан мустақил, ҳуқуқий саводхон ва руҳан қўллаб-қувватланган аёл — оила гултожи, жамият кўрки.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири