Қолаверса, балиқчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, одамларнинг гўшт маҳсулотларига талабини қондиришда муҳим йўналиш ҳисобланади.
Балиқ етиштиришда асосий масала сув таъминотига бориб тақалади. Бугун жаҳон бозорини балиқ маҳсулотлари билан таъминлаётган йирик давлатлар айнан сув ресурсларига бой эканини кўриш мумкин. Аммо ҳозир қаловини топсанг, қор ҳам ёнадиган даврда яшаяпмиз. Илмий ва замонавий технологиялар орқали муаммоларга ечим топиш мумкин. Балиқчилик ҳам шундай, табиий сув ҳавзалари чекланган шароитда замонавий интенсив усулдан фойдаланиб, ҳовузларда балиқ етиштириш аллақачон оммалашиб улгурди.
Ўзбекистон шароитида 8-9 йил олдин бундай технологияларни эндигина қўллаш бошланганда балиқ етиштириш ҳажми ниҳоятда паст эди. Бозорларда балиқ турлари ҳам, сони ҳам кам бўларди, талаб ҳам шунга яраша бўлган. Аҳолининг балиқ истеъмоли кўрсаткичи ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлади. Аммо балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошлангач, соҳада замонавий интенсив технологиялар жорий этилди, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий ва молиявий механизмлари шакллантирилди, аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш фаоллашди. Натижада ички бозорларимиз маҳаллийлаштирилган балиқ турлари билан тўлди. Энди экспортни оширишимиз керак.
Бугунги кунда сув ресурслари чекланган бўлишига қарамай, мамлакатимиз Марказий Осиёда балиқ етиштириш бўйича етакчи ўринда турибди. Ўтган йили юртимизда
206 минг тонна балиқ етиштирилди. Аммо бу ҳали етарли эмас. Маълумотларга кўра, агар мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинса, Ўзбекистон шароитида бу рақамларни ҳозиргидан беш баробар ошириш имконияти бор.
Президентимизнинг жорий йил 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан айни йўналишда белгиланган вазифалар бунга йўл очади. Унда асосий эътибор сув ресурслари чекланган шароитда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш, балиқ маҳсулотлари турларини кўпайтириш, интенсив технологияларни кенг тарғиб қилиш орқали балиқ етиштириш ҳажмини оширишга қаратилган. Тадбиркорлар учун эса қатор имтиёзлар, қўшимча субсидиялар ҳам белгиланганки, бу балиқчилик хўжаликлари фаолиятига катта енгиллик беради. Бундай ҳаракатлар балиқчилик соҳасида қилинаётган энг катта ислоҳотлардан бири, тармоқда янги босқичга ўтиш даври экани айтилмоқда.
— Шунчаки янги вазифалар белгиланмади, балки балиқчилик соҳасидаги мавжуд муаммоларни аниқ механизмлар асосида ечиб, ҳар бир йўналиши бўйича самарадорликни оширишга қаратилган муҳим, таъбир жоиз бўлса, тарихий қадам ташланди, дейиш мумкин, — дея шарҳлайди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси Омон Мусаев. — Яққол исботи,
2026-2027 йиллар балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва интенсив технологияларни оммалаштиришнинг устувор даври сифатида белгиланмоқда. Бу даврда давлат томонидан соҳага кенг кўламли молиявий, ташкилий ва институционал ёрдам кўрсатилиши назарда тутилган.
Тўғри, кейинги йилларда юртимизда балиқчилик анча ривожланди, иқтисодиётнинг фаол тармоқларидан бирига айланди. Аммо соҳада қатор тизимли муаммолар йўқ эмасди. Фармон билан ана шуларга аниқ ечимлар берилди. Масалан, бугунга қадар соҳада давлат бошқаруви бир нечта идоралар ўртасида тақсимлангани сабабли ягона мувофиқлаштириш механизми шаклланмаган. Сув объектларидан фойдаланиш, уларни ижарага бериш, балиқ етиштириш ҳажмларини мониторинг қилиш, давлат томонидан кўрсатилаётган молиявий ёрдамларни мувофиқлаштириш ва инвестицияларни жалб қилишда ягона ёндашув етишмасди. Бундан ташқари, мавжуд сув ресурсларидан тўлиқ ва самарали фойдаланилмаётгани, интенсив технологияларнинг барча ҳудудларда бир хил даражада жорий этилмагани, замонавий омихта ем ишлаб чиқариш қувватлари чеклангани, наслчилик ишлари етарли даражада ташкил этилмагани ҳамда малакали ихтиолог ва балиқ касалликлари бўйича мутахассислар етишмаслиги тармоқ ривожланишини чеклаб келмоқда.
Шу боис, биринчи навбатда, балиқчилик соҳасида ягона давлат бошқаруви тизими жорий этилмоқда. Бунинг учун Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Балиқчиликни ривожлантириш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш белгиланди. Мазкур марказ балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи асосий ваколатли ташкилотга айланади. Хусусан, сув объектларидан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқариш, давлат қўллаб-қувватлаш чораларини мувофиқлаштириш, мониторинг тизимини юритиш, рақамлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда ҳудудларда балиқчиликни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш янги марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Сув лимитлари ишлаб чиқилади
Балиқчиликда асосий масалалардан бири сув таъминоти, мавжуд сув ресурсларидан тўғри фойдаланишдир. Айниқса, замонавий интенсив балиқчиликда йил давомида узлуксиз сув етказиб бериш жуда муҳим. Чунки сунъий сув ҳавзалари ҳар доим ҳам табиий кўлларга яқин жойлашмаган ва уларни сув билан тўлдириш умумий тармоққа боғлиқ бўлиб қолади. Амалиётда эса ёз, куз, қиш мавсумида айрим хўжаликларга сув етказиб беришда узилишлар кузатилиб, бу балиқ етиштириш ҳажми ва самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ушбу муаммони тизимли ҳал этиш учун кафолатланган сув таъминоти ҳамда сув объектларидан самарали фойдаланишнинг янги механизми жорий этилмоқда. Яъни эндиликда юртимиздаги сув омборлари, коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда табиий сув объектлари ягона тизим асосида бошқарилади. Бунда мазкур сув объектлари балиқчиликни ривожлантириш мақсадида янги ташкил этилган марказга бириктирилади ва улардан фойдаланиш бўйича ягона тартиб жорий этилади. Шу орқали ҳозирги кунда тўлиқ фойдаланилмаётган сув ҳавзаларини иқтисодий айланмага жалб қилиш, интенсив технологияларни кенг жорий этиш ва ҳар бир сув объектидан юқори иқтисодий самара олиш кўзда тутилган.
Бу борада тегишли давлат ташкилотларига аниқ вазифалар юклатилган. Масалан, Сув хўжалиги вазирлиги интенсив усулда балиқ етиштирувчилар ва наслчиликка ихтисослашган балиқчилик хўжаликларини доимий, шу жумладан, куз-қиш даврида сув билан таъминлаши керак. Сув лимитларини белгилаш, сувни вақтида етказиб бериш ва балиқчилик хўжаликлари томонидан сувдан фойдаланишни назорат қилиш ҳам уларнинг зиммасида.
Илмий-тадқиқот институтлари эса балиқчилик хўжаликларида фойдаланилаётган сув меъёрлари ва нормаларини ишлаб чиқади. Мутахассисларнинг айтишича, бу борада янги ва замонавий механизмларни жорий этиш кўзда тутилган. Масалан, балиқчилик хўжаликлари фойдаланаётган сув сарфи меъёрлари аниқланиб ҳисоби юритилади, турли фасллар учун талаб этиладиган сув миқдори лимитлари ишлаб чиқилади. Бу орқали балиқчилик хўжаликларининг сувга бўлган реал эҳтиёжини қондириш, сув сарфи назоратини ўрнатиш ва ортиқча сарфлашнинг олдини олиш кўзда тутилган бўлиб, ҳар бир жараён илмий асосда олиб борилади.
Балиқчиликни ривожлантириш марказининг асосий жиҳати ҳам шунда — ҳар бир амалиёт илмий ёндашув ва замонавий технологиялар асосида амалга оширилади. Қолаверса, ҳудудларда балиқ касалликларини тезкорлик билан аниқлаш имконини берувчи энг замонавий мобил лабораториялар ташкил этилади. Бу илмий ходимларнинг ўзи балиқчилик хўжаликларига бориб, муаммоларни ўрганади, уларга жойида ечимлар беради дегани. Мобил шароитда лаборатория таҳлиллари ўтказилади. Айни пайтда балиқчилик тармоғида бундай замонавий лабораториялар мавжуд эмас ва уларнинг пайдо бўлиши, айниқса, юртимизда мавжуд олти мингдан зиёд балиқчи фермернинг энг оғриқли масаласини ҳал қилади.
Гап шундаки, балиқчилик хўжаликлари кўпинча сув таркибини таҳлил қилиш каби турли масалаларда республика лабораториясига боришига тўғри келади. Айниқса, касалланган балиқларни таҳлил қилиш зарурати юзага келганда, иссиқ мавсумларда уларни ташиш, биринчидан, жуда қийин масала. Қолаверса, ташиб олиб борилган тақдирда ҳам тўғри ташхис қўйиб бўлмайди, чунки балиқ тез айниб қолиши мумкин. Ҳар бир ҳудудда ташкил этиладиган мобил лабораториялар айни муаммога ечим бўлади. Энди лабораториянинг ўзи балиқчилик хўжаликларига бориб, аниқ ва тезкор таҳлилларни амалга оширади.
Ем, наслли балиқ ва замонавий технологиялар учун субсидия
Вазифалар аниқ, йўналишлар белгиланган, энди уларни амалга ошириш керак. Бунда соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар асосий ўринни эгаллайди, албатта. Шу боис, фармон билан балиқчилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор имтиёз ва субсидиялар белгиланди.
— Балиқчилик хўжаликларига олтита йўналишда субсидия маблағлари ажратиш вазифаси қўйилди, — дейди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Қосимов. — Биринчи йўналиш интенсив усулда фаолият юритаётган балиқчилик хўжаликларининг муқобил энергия манбаларига ўтишини рағбатлантириш билан боғлиқ. Бунда хўжаликларга қуёш панелларини харид қилиш ва ўрнатиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади ҳамда қуввати 50 киловаттгача бўлган қуёш панелларини ўрнатиш харажатларининг 20 фоизигача субсидия ажратилади. Қолаверса, энергия тежовчи замонавий аэраторларни харид қилиш харажатларининг 50 фоизига белгиланган меъёрлар доирасида давлат томонидан субсидия берилади. Бу қўллаб-қувватлаш интенсив технология асосида гектаридан юқори ҳосилдорликка эришган хўжаликларга татбиқ этилади.
Наслчиликни ривожлантириш мақсадида юқори маҳсулдор наслли она балиқларни хориждан импорт қилиш харажатларининг
50 фоизигача бўлган қисми ҳам субсидия қилинади. Бу маҳаллий инкубация ва наслчилик базасини мустаҳкамлаш, маҳсулдорликни ошириш кенгаяди дегани. Шунингдек, йиллик қуввати камида 20 минг тонна бўлган замонавий омихта ем ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш учун ускуналар сотиб олиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу айни пайтда балиқчилик соҳасидаги энг долзарб муаммолардан бири — сифатли омихта емга бўлган маҳаллий талабни қондиришда муҳим. Янги ишлаб чиқариш қувватлари сони ортгач, бозорда ҳам рақобат пайдо бўлади. Импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ем нархини барқарорлаштириб, интенсив балиқчилик самарадорлиги янада ошади.
Ёпиқ сув айланма тизими технологияларини кенг жорий этиш эса инновацион янгиликлардан бири. Ушбу технология ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда қулай бўлиб, айни пайтда ёпиқ айланма сув таъминоти тизими Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида тажриба-синов тариқасида ишга туширилган. Мазкур технологияда ҳовузлар бир марта сув билан тўлдирилади ва доимий тарзда биологик ҳамда механик фильтрлар орқали тозаланади. Сўнг ушбу сув балиқчилик учун муқобил манба сифатида ишлатилиши мумкин. Келгусида янги технологияни аҳоли хонадонлари ва балиқчилик хўжаликларида кенг жорий этиш кўзда тутилган. Бунинг учун фармон билан молиявий имтиёзлар ҳам белгиланди. Хусусан, ёпиқ сув айланма тизими технологияларини ташкил этиш учун сарфланадиган умумий харажатларнинг бир қисми давлат томонидан компенсация қилинади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Янги тизимда асосий эътибор илмий ва инновацион ёндашувларга қаратиляпти. Бунинг учун малакали мутахассислар, илғор хориж тажрибаси зарур. Шу боис, балиқчилик хўжаликларига хориждан жалб қилинадиган мутахассислар иш ҳақининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш механизми жорий этилмоқда.
Йилига 500 минг тонна
Бу имтиёзлар шунчаки берилмаяпти. Улардан амалиётда фойдаланган ҳолда балиқчилик хўжаликларини кўпайтириш, юртимизда балиқ етиштириш ҳажмини каррасига ошириш керак. Аниқроқ рақамларга келсак, 2026-2027 йилларда юртимиздаги мавжуд сунъий сув ҳавзаларини интенсив усулга ўтказиш ҳисобига балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннага етказиш, гулмоҳи (форель) ва барабалиқ (осётр) каби юқори қийматли балиқ турларини етиштириш бўйича 2027 йилдан бошлаб йилига 20 минг тонна ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.
Берилаётган қўшимча имтиёзлар эса бу борада балиқчилик хўжаликлари учун айни муддао бўлади. Қолаверса, тадбиркорларга миллий ва хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисми компенсация қилинади, йирик инвестиция лойиҳалари учун давлат кафиллиги берилади ҳамда айланма маблағларни тўлдириш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилади.
“Балиқчилик хўжаликлари учун жуда катта имтиёзлар бериляпти, — деди навоийлик тадбиркор Шуҳрат Давронов. — Белгиланган вазифалар яқин муддатларга мўлжаллангани, жумладан, 2026-2027 йиллар балиқчилик соҳасида устувор давр этиб белгилангани, айниқса, аҳамиятли. Чунки амалий ҳаракатлар қанча тез бўлса, натижадорлик шунча эрта кўринади.
Кейинги йилларда халқимиз балиқчиликда яхши тажриба тўплади. Янги ва замонавий технологияларни қўллашни бошладик. Аҳоли хонадонларида ҳам балиқ етиштириш оммалашиб боряпти, хуллас, даромадли тармоққа айланди. Бунинг ортидан халқимизнинг балиқ маҳсулотларига талаби қондириляпти. Эндиликда ана шу ишларни янада ривожлантириш, янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган. Бу соҳага янада илғор технологиялар кириб келади дегани.
Бугунги кунда балиқчилик хўжалигимиздаги 16 гектар ерда йилига икки маротаба ҳосил олиб, 550-600 тоннагача балиқ етиштиряпмиз. Авваллари балиқни анъанавий усулда етиштирган бўлсак, кейинроқ ярим интенсив усулга ўтдик. Соҳада берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, интенсив усулда ҳам балиқ етиштира бошладик. Ҳозирги кунда нафақат вилоятимиз, балки юртимизнинг барча ҳудудларига балиқ етказиб беряпмиз. Энди маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилмоқчимиз”.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири