Бироқ интернетда учрайдиган ҳар қандай маълумот ҳам ишончли ёки ҳар бир инсон учун тўғри бўлавермайди.

Айниқса, саломатлик масаласида шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарорлар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, баъзи ота-оналар фарзанди бетоб бўлганида аввал шифокорга эмас, балки ижтимоий тармоқлардаги маслаҳат гуруҳларига мурожаат қилади. Изоҳларда эса кўпинча “менинг боламга шу дори ёрдам берган”, “биз ҳам шу дорини ичганмиз” ёки “фалон дори тезда тузатади” каби шахсий тажрибалар улашилади.

Бироқ бир инсонга фойда берган дори воситаси бошқаси учун ҳам самарали ёки хавфсиз бўлади, дегани эмас. Чунки ҳар бир инсоннинг ёши, организми, саломатлик ҳолати, касаллик тарихи ва дори воситаларига сезувчанлиги турлича.

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозир ҳам интернетдаги рекламалар ёки танишлар тавсиясига ишониб, дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз қабул қилиш ҳолатлари учраб турибди.

Мутахассислар айниқса антибиотикларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш хавфли эканини таъкидлайди. Бундай ҳолат бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилигини кучайтириши, касаллик белгиларини вақтинча яшириши ва тўғри ташхис қўйишни қийинлаштириши мумкин. Натижада даволаниш кечикади ва касаллик оғирлашиши эҳтимоли ортади.

Дори воситаси рекламасига ишонишдан олдин нималарга эътибор бериш керак?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти матбуот котиби Мавлуда Тошпўлатованинг таъкидлашича, дори воситаси ёки биологик фаол қўшимча (БФҚ) ҳақидаги рекламани кўрганда қуйидаги саволларни ўзингизга бериш муҳим:

Маълумотни ким тақдим этган?

Манба ишончлими ва мутахассис ҳақида маълумот мавжудми?

Маҳсулот ҳақидаги маълумотлар илмий далилларга асосланганми?

“100 фоиз самарали”, “ножўя таъсири йўқ”, “тезда даволайди” каби ваъдалар берилмаганми?

Бу дори ёки маҳсулот сизга ҳақиқатан ҳам керакми?

Уни қабул қилишдан олдин шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашдингизми?

Маълумотни бошқа ишончли тиббий манбалар орқали ҳам текширдингизми?

Мутахассиснинг айтишича, фақат рекламага эмас, балки расмий ва ишончли тиббий маълумотларга таяниш зарур.

Дори воситаси ва БФҚ ўртасида қандай фарқ бор?

Суҳбат давомида дори воситалари билан биологик фаол қўшимчалар ўртасидаги фарқ ҳам тушунтирилди.

Дори воситаси — касалликларни даволаш, олдини олиш ёки ташхис қўйиш мақсадида қўлланиладиган ҳамда самарадорлиги ва хавфсизлиги белгиланган тартибда баҳоланган маҳсулот ҳисобланади.

Биологик фаол қўшимча (БФҚ) эса овқатланиш рационини тўлдириш учун мўлжалланган маҳсулот бўлиб, у дори воситаси ўрнини босмайди.

Шунинг учун БФҚни касалликларни даволайдиган восита сифатида қабул қилиш хато ҳисобланади. “Барча касалликларга даво” ёки “мўъжизавий натижа” каби даъволарга танқидий ёндашиш лозим.

Интернет орқали дори сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак?

Интернет орқали дори воситаларини харид қилишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:

фақат қонуний фаолият юритувчи ва ишончли онлайн дорихоналардан фойдаланиш;

дорининг номи, ишлаб чиқарувчиси, яроқлилик муддати ва сақлаш шартларини текшириш;

жуда арзон нархда таклиф қилинаётган маҳсулотларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш;

номаълум сотувчилардан дори воситаларини сотиб олмаслик;

дори қабул қилишдан олдин шифокор ёки фармацевт билан маслаҳатлашиш.

Мутахассислар таъкидлашича, интернет орқали сотилаётган ҳар қандай маҳсулот ҳам сифатли ёки хавфсиз бўлавермайди.

Интернетдаги тиббий маслаҳатларни қандай текшириш мумкин?

Интернетда учраган тиббий маълумотга ишонишдан олдин қуйидаги жиҳатларга эътибор бериш керак:

маълумот қайси сайт ёки ташкилот томонидан тақдим этилган?

муаллиф тиббий маълумот ва амалий тажрибага эгами?

тавсиялар илмий тадқиқотлар ёки расмий тиббий қўлланмалар билан тасдиқланганми?

бошқа ишончли манбалар ҳам шу маълумотни тасдиқлайдими?

“100 фоиз самара”, “мўъжизавий даво”, “барча касалликка даво” каби асоссиз ваъдалар берилмаганми?

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти мутахассислари таъкидлашича, интернетдаги маслаҳатлар шифокор кўриги ва ташхисининг ўрнини боса олмайди. Турли касалликларнинг белгилари ўхшаш бўлиши мумкин, аммо улар мутлақо бошқача даволашни талаб қилади. Шунинг учун тўғри ташхисни фақат шифокор қўйиши мумкин.

Тўғри, маслаҳат бериш ҳам, уни қабул қилиш ҳам осон. Аммо саломатлик масаласида ҳар қандай тавсияга кўр-кўрона ишониш тўғри эмас. Зеро, ҳар бир инсоннинг соғлиғи, энг аввало, унинг ўзи учун қадрли — дейди мутахассис.

Энг муҳими, дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш ёки интернетдаги тавсияларга асосланиб даволаниш жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Соғлиқ билан боғлиқ тўғри қарорлар эса ишончли маълумот ва шифокор тавсиясига асосланганда энг хавфсиз ва самарали бўлади.

Мадина Ботиржонова