Бундай лойиҳалар учун “маҳалла еттилиги”га 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Агар 8 минг 992 та маҳалланинг ҳар бирида биттадан шундай лойиҳа амалга оширилса, ҳудудлардаги муҳит сезиларли ўзгаради.

Ушбу мақсадлар учун жами 240 миллиард сўм ресурс шакллантирилади.

Маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши шарт. Бунинг учун у ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режасини тасдиқлаб беради. Раис “еттилик” аъзоларига аниқ вазифа қўйиб, улардан сўров қилиб боради.

Шунингдек, “еттилик” фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ва ҳудуддаги муаммоларга илмий ёндашиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. У “еттилик”ни ўқитади, маҳаллалардаги долзарб масалаларга илмий ечимлар ишлаб чиқади.