Бугун Компания фаолиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллигига оид натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида компания кундалик фаолияти ҳақида қисқача таништирув берилди. Шундан сўнг Бошқаруви раиси Х. Бобоев Компания фаолиятининг 2026 йил 1-ярми якунларига оид йўналишлар кесимида ҳисобот тақдимоти қилди. Шундан сўнг савол-жавоб қисмига ўтилди. Унда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари билан эркин суҳбат бўлиб ўтди, АЖ раҳбарияти ва соҳа экспертлари саволларга атрофлича жавоб беришди.

Шунингдек, Компаниянинг 2026 йил биринчи ярми давомидаги фаолияти натижалари, миллий маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган молиявий ва ташкилий ёрдам инструментлари ҳамда истиқболдаги режалар таҳлил қилинди.

Ўтган олти ой давомида Компания томонидан жами 309,3 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Уларнинг асосий қисми – 140,1 миллиард сўми 1139 нафар тадбиркорга бевосита молиявий ёрдам сифатида ажратилди. Кўрсатилган қўллаб-қувватлаш натижасида тадбиркорлар 1,7 миллиард доллар миқдорида экспорт қилишди. Бу дегани – корхоналарга ажратилган ҳар бир доллар эвазига 148 долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Компания томонидан маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида 25 та корхона илк бор экспорт фаолиятини йўлга қўйиб, 15,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилди. Шу билан бирга, 10 та йирик экспортчи корхонанинг экспорт ҳажми 133,7 миллиондан 292,6 миллион долларгача, яъни қарийб 2,2 баравар ошди.

Умумлаштириб айтганда, Компания томонидан:

- молиявий кўмак ва субсидиялар йўналишида – юзлаб маҳаллий экспортчи корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш, маҳсулотларни сертификатлаштириш ва транспорт харажатларини қоплаш учун белгиланган тартибда субсидиялар ажратилди;

- халқаро кўргазмалар ва бизнес-миссиялар соҳасида – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хориждаги нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда ягона миллий стенд остида иштирок этиши таъминланди. Бунинг натижасида йирик ҳажмдаги экспорт шартномалари ва истиқболли келишувлар имзоланди;

- янги бозорларга чиқиш бўйича – анъанавий бозорлардан ташқари Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари бозорларига маҳаллий маҳсулотлар экспортини йўналтириш бўйича янги инструментлар ишга солинди;

- институционал кўмак борасида – тадбиркорлар учун экспорт фаолияти, божхона имтиёзлари ва ташқи савдо қонунчилиги бўйича доимий равишда ўқув-амалий курслар ва экспертлар иштирокида маслаҳат учрашувлари ташкил этилди.

Шунингдек, иккинчи ярим йилликда жаҳон бозоридаги замонавий трендларни ҳисобга олган ҳолда рақамли тизимларни ривожлантириш ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида Компания раҳбарияти томонидан жамоатчилик олдида очиқликни янада таъминлаш мақсадида ахборот ҳамкорлигини йўлга қўйишга қаратилган меморандумлар таклиф этилиб, бу ташаббус ОАВ ва ахборот агентликлари вакиллари томонидан маъқулланди.

Жасур ЛАПАСОВ,

“Yuz.uz” мухбири