Маълум қилинишича, ҳозирда Тошкент Ботаника боғининг буфер зонасида 50 сотих майдонда сув ҳавзаси ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур ҳудуд Ботаника боғининг коллекция майдонларига кирмайди. Бу ерда асосан табиий равишда ўсиб чиққан ўсимликлар, жумладан, маймунжон, қамиш ва бошқа ёввойи ўсимликлар мавжуд.

Фанлар академияси маълумотига кўра, сув ҳавзаси ташкил этилаётган майдонда Ботаника боғининг илмий коллекциясига мансуб дарахт ва буталар мавжуд эмас.

Ишлар экология мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ҳудуддаги ишлар экологик талабларга мувофиқ ташкил этилиши ва мавжуд яшил ҳудудларга зарар етказилмаслиги назорат қилинмоқда.

Сув ҳавзасини ташкил этишдан асосий мақсад Ботаника боғида сув ўтлари, сув бўйида ўсувчи дарахт ва буталар экотизимини яратиш, уни тадқиқ қилиш ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Шунингдек, сув ҳавзаси илмий мақсадлардан ташқари ҳудудда микроиқлим барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши қайд этилган.

Фанлар академияси ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини фақат ишончли ва расмий манбаларга таянган ҳолда хулоса чиқаришга, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.