Бугунги шукуҳли кунларимизда турли-туман оммавий тадбир, шоу, томошалар жуда кўп. Техник ва технологик мўъжизалар томоша санъатини ҳайратомуз, дилтортар ҳодисага айлантириб, замонавий санъат тушунчасини ниҳоятда кенгайтириб юборди. Ҳозирги ўрта ёшли авлод учун 1980 йилда бўлган Москва спорт олимпиадасидаги оммавий майдон томошаси хотирага чуқур ўрнашган дастлабки маҳобатли томоша ҳодисаси бўлган эди. Бироқ ҳозирда уюштирилаётган оммавий тадбир-томошалар олдида қарийб ярим аср аввал намойиш этилган томоша ўтмишнинг жўн бир ҳодисаси бўлиб қолди, холос.
Ҳозир энди илмий-техник тараққиётнинг шундай босқичидамизки, ундай томошаларни чоғроқ бир ташкилот ҳам ўз имкониятлари доирасида уюштира олиши мумкин. Аммо мамлакат-давлат ҳаёти билан боғлиқ оламшумул воқеалар борки, уларни сиёсий моҳиятини теран англаган ҳолда замонавий энг янги техник-технологик усулларда миллион-миллион томошабин аудиториясига тақдим этиш, бу энди фавқулодда катта тайёргарлик, масъулият ва алоҳида ёндашувларни тақозо этади.
Яқиндагина бўлиб ўтган мустақиллигимизнинг 35 йиллик майдон томошаси худди шундай мазмун-моҳияти билан фавқулодда катта ташкилий ва ғоявий-бадиий изланиш, интилиш самараси бўлди. Ҳеч иккиланмасдан айтиш жоизки, бу тадбир еттидан етмишигача — бари халқимиз ва хайрихоҳ дўстларимизни бефарқ қолдирмади. Янги Ўзбекистоннинг том маънодаги маънавий-маърифий, маданий қудратини намоён этди.
Одатда бундай томошаларни алоҳида тайёргарликсиз шунчаки кўриб бўлмайди. Томошабин сифатида кириб борасиз-у, ўзингиз билмаган ҳолда унинг ичига сингиб, иштирокчига айланиб кетасиз. Саҳнада кечаётган воқеалар кўз олдингиздан ўтибгина қолмай, хотирангизни уйғотади, тафаккурингизни ҳаракатга келтиради, кечаги кун билан бугунги кунни, бугун билан эса эртанги кунни бир-бирига боғлайди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбирини ана шундай томошалар қаторига қўйсак тўғри бўлади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрамини нишонлаш борасида муҳтарам Президентимизнинг қарори, кенг миқёсли тайёргарлик ишлари, жумладан, байрам томошасини тайёрлаш ва ўтказиш борасидаги тадбир таассуротлари билан ўртоқлашай деб қўлимга қалам олдим. Очиғи, 34 йил давомида мустақиллик байрам концертларини мунтазам кўриб юрган, ҳатто ижодий, ташкилий ишларида бевосита вазифадор бўлган одам сифатида айтишим мумкинки, миқёс, кўлам, маҳобат, ғоявий мазмун қамрови ва теранлиги, бадиий-ижро маҳорати юксаклиги, энг замонавий техник ва технологик усуллардан фаол фойдаланилгани, сунъий интеллект имкониятлари жуда нозик ва жўяли жорий этилгани ва яна бошқа қатор фазилату хусусиятлари билан 35 йиллик юбилей тантаналари — театрлаштирилган концерт томоша дастури кутилган ва кутилмаган шакл, мазмун, ранг, оҳанг жозибаси билан ҳайрат ва ҳаяжонларга ғарқ этди.
Томоша бошланишидан аввал хаёлимдан бир савол ўтди: ўттиз беш йилни саҳнага сиғдириш, ҳазилакам иш эмас.
Ахир ўттиз беш йил — оддий рақам ҳам эмас. Унда бутун бир авлоднинг болалиги, ёшлик йиллари, орзу-умидлари, қувонч ва ташвишлари бор. Бу йиллар қатларида мамлакатнинг кечаги куни, бугунги нафаси ва эртанги ниятлари мужассам. Албатта, ҳамма нарса нисбий. Содир бўлган муқаррар воқелик бор ва уни воқе этиш учун интилиш, курашлар бор.
Шу маънода, мустақиллик тарихини фақат 1991 йилдан бошлаш, назаримда, тарихнинг ўзига нисбатан адолатсизлик бўларди. Чунки Мустақиллик — биргина шу сана эмас. У асрлар давомида шаклланган давлатчилик хотираси, миллий ўзлик, озодликка интилиш ва ниҳоят, муштарак орзуларнинг рўёбидир.
Шунинг учун ҳам мазкур байрам томошасининг энг муҳим жиҳати, менимча, унинг вақтни оддий саноқда санаб бермаганидадир. У тарихни саҳнага олиб чиқди. Ва тарих саҳнага чиққанда, саҳна дастлаб хотирага айланди.
Томоша драматургиясида ўтмишга мурожаат қилиниши бежиз эмас эди. Ўзбекистон ҳудудидаги қадимий давлатчилик анъаналари, минг йилликлар қаъридан келаётган тарихий хотира, қадимги хоразмийлардан то Туркистон мухториятигача — турли даврларда кўтарилган байроқлар ва давлат рамзлари бирин-кетин намоён бўлар экан, мен беихтиёр ўша рамзларнинг маъноси ҳақида ўйладим.
Байроқ — мато эмас. У халқнинг ўзини танитишидир. У давлатнинг тус кўринадиган қиёфасидир. Унинг остида инсонлар бирлашади, туғ-туғро билан тарих яратилади.
Шу маънода, юбилей тадбирининг лейтмотиви байроқ рамзи бўлди. Томоша муқаддимаси мовий осмон узра чизилган мустақил Ўзбекистон байроғи ранглари билан тўлди. Ва бу байроқ пировардида энг юксакда, тадбирнинг бошидан охиригача, майдон узра шовиллаб, баралла ҳилпираб турди.
Сиёсий байрамларда, расмий тадбирларда, энг аввало, Ватан мадҳиясини куйлаш азал-азалдан урфга кирган. Айниқса, юртга сиёсий раҳнамолар, ўзга мамлакат етакчилари расмий ташриф билан келса, ҳар икки давлатнинг мадҳиялари янграб, ҳурмат бажо келтирилади. Бу ҳар бир мамлакатда халқаро миқёсда тан олинган таомил. Спорт шоҳсупаларининг энг юқорисига кўтарилганларнинг ҳам мамлакати мадҳияси ғолиблик шарафи сифатида ижро этилиши бузилмас бир қоида. Демак, мадҳия — шараф белгиси. Аммо мадҳиянинг ижро этилиши гоҳида расмий одатлар доирасидан ташқаридаги ҳодиса бўлиши мумкин. Айниқса, стадионлардаги мусобақаларда янграган мадҳиялар кўпинча жамоаларнинг астойдил мухлислари учун кўз ёшлар билан давом этадиган ўта ҳаяжонли ҳолат бўлади.
Бу жараённи кузатишнинг ўзи бағоят мароқли. Ўзингники бўлса, ҳатто телеэкранда кўриб туриб ҳам қўшилишиб кетганингни, кўз ёш қилганингни пайқамай қоласан. Чунки қалбингни ғурур ва ифтихор эгаллаб олади. Қизиқки, нафақат спорт, умуман, қаерда мадҳия янграса, қўшилишиб баралла куйлайдиган фуқаролар дунёда кам эмас. Бу кўпинча қўшиқ, оҳанг воситасида миллий бирлик, ватанпарварлик ҳиссини яққол ифода этадиган ҳолат.
Шу нуқтаи назардан қараганда, томошанинг яна бир муҳим бадиий ечими — Давлат мадҳиясининг анъанавий тартибда, тадбир бошида эмас, балки томошанинг муайян бадиий-эмоционал нуқтасида янграганидир. Бу ўзгариш тасодифий эмас, балки онгли равишда амалга оширилган композицион ечим сифатида намоён бўлади. Мадҳиянинг сиёсий тадбир бошида янграмаслиги, уни расмий маросим атрибути доирасидан чиқариб, томоша давомида аста-секин шакллана борувчи ғурур, ифтихор ва миллий бирлик туйғуларининг табиий эмоционал чўққисига айлантиради.
Байрам томошаси, эслатганимиздек, бошиданоқ томошабинни бугунги кундан олиб, тарих қаърига етаклайди. Дастлаб она Ватан, халқ, миллат ва мустақилликнинг 35 йиллиги ҳақида куй-қўшиқлар янграса-да, саҳнавий тафаккур тез орада битта муҳим масала — “Биз киммиз ва бу давлатчилик қаердан бошланган?” деган саволга юзланади. Унга жавоб беришда ўнлаб тарихий байроқларнинг саҳнага олиб чиқилиши алоҳида аҳамият касб этади. Улар давлатчилик хотирасининг визуал тимсоли сифатида намоён бўлади. Ҳар бир байроқ ортида бир давр, бир сиёсий тузум, бир халқнинг тақдири ва давлатчилик ҳақидаги тасаввури бор.
Аммо тарих фақат ғалабалардан иборат эмас. Агар саҳнада фақат буюклик, зафар ва шон-шуҳрат кўрсатилса, томоша тантанавор бўлиши мумкин, лекин у адолатли ҳаётий ҳақиқат бўлмай қолади. Чунки халқнинг тарихи — қувончлар билан бирга азобу изтироблардан, хўрлигу хорликлардан, фожиавий қатағон аламларидан ҳам айро эмас.
Томошанинг кейинги давомий қатламларида ана шу ҳақиқат сезилди. Бир пайтлар бизники, ўзимизники бўлган, аммо ўзимиз тасарруф эта олмаган тақдирлар, меҳнатининг меваси ўзига насиб этмаган авлодлар, пахта яккаҳокимлиги, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, Орол фожиаси каби оғриқли саҳифалар — буларнинг барчаси халқ хотирасида мудом ўчмаган машъум излар. Шу лаҳзаларда воқеа-кечмишларни идрок этиб турган томошабин беихтиёр ўз-ўзига савол бериши табиий: Бу қандай халқки шунча синовлардан кейин ҳам ўзлигини йўқотмади?!
Қоронғиликдан ёруғликка. Қарамликдан озодликка. Ўтмишнинг оғир юкидан келажакнинг ёрқин уфқларига интилди.
Мустақиллик! Бу сўзни биз кўп эшитамиз. Балки шу қадар кўп такрорлаймизки, баъзан унинг мазмун-моҳиятидаги кечмиш мураккабликларини ҳис қилолмай қоламиз. Бироқ саҳнада ўтмишнинг оғриқли манзараларидан кейин Мустақиллик ғоясининг пайдо бўлиши, бу тушунчага яна бир бор бошқача нигоҳ билан қарашга мажбур этади.
Мустақиллик — шунчаки сиёсий мақом эмас. У инсоннинг ўз тақдирига эгалик қилиш ҳуқуқи. Халқнинг ўз келажагини ўзи белгилаш имконияти. Давлатнинг ўз йўлини ўзи танлаши.
Шу маънода, томошадаги “Байроқни ким кўтаради?” мазмунидаги монолог алоҳида таъсирли бадиий тугун сифатида ёдда қолaди. Ҳа, уч минг йил — ўттиз аср оша турли байроқлар кўтарилди. Ўзбекистон заминидаги элу элатлар не-не туғролар остида бирлашди. Давлатчилик силсилалари 1918 йил — “Туркистон мухторияти” — Миллий истиқлол курашларида қонга ғарқ бўлиб тўхтаб қолди. Энди байроқни ким кўтариши бори миллатнинг қайғуси эди. Шу боис, бу саволни фақат саҳнадаги қаҳрамон бермайди. Аслида, уни тарихнинг ўзи беради.
…Байроқни ким кўтаради? Уни кимдир қўлига олиб туриши мумкиндир. Аммо унинг юки, салмоғи, масъулиятини ким кўтаради? Унинг шаънини ким асрайди? Байроқ остида қандай келажак бунёд этилади? Бу каби саволлар тадбирни шодон тантанадан фикрлаш майдонига айлантиради.
Шу ўринда фикрий бир чекиниш: мамлакатимиз етакчиси анъанага кўра ҳар йили Истиқлол байрамини миллий одатларимиз бўйича тонг саҳарда “Шаҳидлар хотираси” майдонида қатағон қурбонлари бўлган аждодларимиз хотирасига бағишлаб, юртга ош бериб, Қуръон тиловат қилдиришдан бошлайди. Айнан шу ерда юрт ойдинлари ва масъулларга жони нисор жадид боболаримиз табаррук хотирасини янада эъзозлаб абадийлаштириш билан боғлиқ вазифалар топширади. Аввалги йилларда шу муносабат билан жадидчилик ҳаракатини ўрганиш, тарғиб этиш, улар руҳини шод этиш ишларини умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ташаббус кенг қулоч ёйиб, бугун маҳаллаю таълим муассасаларида, кенг жамоатчилик жойларида хайрли ҳаракатлар кечяпти. Кўпчилик билавермайдиган ёки унутилган не-не маърифатпарвар боболаримиз руҳи ёд этилиб, хотирланяпти. Миллий тарбиянинг ниҳоятда муҳим бу шакли тарихий хотирани авлоддан-авлодга безавол етказишнинг яна бир ибрати. Зеро, шу ибрат замирида миллатнинг маданий даражаси ҳақидаги тасаввур шаклланади. Қўни-қўшни, хориждаги дўсту хайрихоҳнинг бизга ҳурмат-эҳтироми ошади, муносабати белгиланади. Бундан яна бир хулоса келадики, дарҳақиқат, Ўзбекистон давлатчилиги тарихини фақат 1991 йил билан белгилаш мумкин эмас. Мустақил Ўзбекистон — ўз тарихидан узилиб қолган янги ҳодиса ҳам эмас. У бир неча минг йиллар давомида шаклланган давлатчилик тажрибаси, цивилизация, илм-фан, маданият ва миллий хотиранинг янги тарихий босқичдаги давомидир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев асосий байрам табригидаги нутқида Ўзбекистон давлатчилигининг илдизлари уч минг йилдан ортиқ тарихга бориб боғланганини таъкидлар экан, мамлакатимиз ҳудудида қадимий не-не цивилизациялар шаклланганини алоҳида эслатиб ўтди.
Демак, Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллиги бу шунчаки босиб ўтилган йўлнинг сарҳисоби эмас, балки ўтмиш тарихдан эртанги орзу-мақсадларга олиб борадиган маънавий кўприк эканлиги англашилди.
Нутқнинг мазмун-моҳиятида “Мустақиллик” тушунчаси, тарихий сана доирасидан чиқиб, инсоннинг эркинлиги, қадр-қиммати, билим ва тафаккури, фаровон ҳаёти билан уйғунлашади. Айниқса, “Миллий юксалиш даври” ҳақидаги фикр ўтмишни эслаш билан чекланиб қолмай, келажакни қандай қуришимиз кераклиги ҳақидаги саволни ўртага ташлайди. Зеро, тарих фақат хотира эмас, унинг сабоқлари келажак олдидаги масъулият ҳамдир.
Шу маънода, нутқда қадимий давлатчилик анъаналаридан заминимиздаги бир неча Ренессанс даврлари алломаларигача, жадидларнинг ҳуррият орзуларидан бугунги Янги Ўзбекистон бунёдкорлигигача бўлган узвий маънавий силсила келажак ҳақидаги қарашлар билан туташади. Нутқнинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, унда келажак мавҳум орзу сифатида эмас, аниқ мақсад ва вазифалар тизими сифатида тасаввур қилинади.
Етти миллий дастур — билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш, соғлом ва узоқ умр кўрадиган жамият барпо этиш, иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги асосида ривожлантириш, табиат ва сувга муносабатни ўзгартириш, қонун устуворлиги ва суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, маҳаллани жамият тараққиётининг асосий таянчига айлантириш, Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри сифатидаги нуфузини юксалтиришга қаратилган.
Бу етти йўналишга бир бутун тизим сифатида қаралганда, унинг марказида инсон ва унинг келажаги турганини яққол англаш мумкин: билимли инсон — кучли иқтисодиётнинг, соғлом инсон — фаровон жамиятнинг, ижодкор инсон келажакнинг, табиатга масъулиятли муносабат — барқарор ҳаётнинг, қонун устуворлиги — адолатли жамиятнинг, обод маҳалла — халқ фаровонлигининг, тинчлик ва бағрикенглик эса тараққиётнинг маънавий пойдеворидир. Демак, етти дастур алоҳида-алоҳида вазифалар йиғиндиси эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг келажак қиёфасини шакллантирувчи ягона концептуал манзаранинг турли қатламларидир.
Шу нуқтадан қараганда, байрам тадбирининг бадиий концепциясида тарихдан келажакка томон ҳаракат айнан шу ғоя билан табиий равишда ҳамоҳанглашади. Кечаги кун хотираси бизни бугунги ютуқларни англашга олиб келса, бугунги натижалар эртанги марралар учун замин яратади.
Нутқда “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз” деган фикр билан ифодаланган руҳ айнан шу узлуксизликни — вақтнинг уч нуқтаси: кеча, бугун ва эртанинг бир бутунлигини англатади. Бундай қарашда келажак тайёр ҳолда кириб борадиган манзил эмас, уни халқнинг билим ва тафаккури, меҳнати, бунёдкорлиги ва бирдамлиги билан барпо этиш керак. Шу сабаб мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантана ҳам якун нуқтасини эмас, янги тарихнинг бошланиш нуқтасини кўрсатади: тарих саҳифалари ёпилмайди, аксинча, ундан янги саҳифага — билим, технология, адолат, экологик масъулият, маҳалла, тинчлик ва инсон қадри устувор бўлган келажак сари йўл очилади.
Дарҳақиқат “Инсон қадри учун!” ғояси мустақиллигимизнинг энг муҳим мазмуни сифатида ажралиб турди. Шу жиҳатдан байрам саҳнасида тарихий хотира, бугунги бунёдкорлик ва инсон манфаатига қаратилган ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, ягона мазмуний манзарани ҳосил қилди. Нутқнинг келажак ҳақидаги қисми эса байрамнинг умумий руҳини янада олдинга силжитди. Келгуси ўн йилликнинг “Миллий юксалиш даври” сифатида белгиланиши, таълим, илм-фан, технология, сунъий интеллект, экология, иқтисодиёт ва ёшлар салоҳиятига берилган устувор эътибор эса мустақиллик байрамини фақат ўтмишга назар солувчи сана эмас, балки янги тарихни бунёд этиш сари қаратилган катта мақсадлар ифодаси сифатида намоён этди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбирида “Янги Ўзбекистон” тушунчаси шунчаки сиёсий ёки ижтимоий шиор сифатида эмас, балки янги тафаккур, янги имконият ва янги масъулият тушунчаси сифатида жаранглади.
Бугун барчага аёнки, “Янги Ўзбекистон” тушунчаси сиёсий, ижтимоий ва ҳатто маиший ҳаётимизнинг ҳам ажралмас
қисми — ҳодисасига айланди. Биз бу йил фақат мустақиллигимизнинг 35 йиллигинигина эмас, шу билан бирга, мамлакатимиз, халқимиз турмушида том маънода туб ўзгариш ва ислоҳотлар насими эса бошлаган янги даврнинг ҳам 10 йиллигини нишонлаяпмиз. Бу 10 йиллик бепоён ўлкамизнинг катта-кичик барча ҳудудларида, аҳолимизнинг ҳамма ёшдаги қатламларида ўз таъсирини кўрсатди. Тушунча-тафаккур, дунёқараш, турмуш тарзи маҳалла-гузар, қишлоғу кент, туман-шаҳар, пойтахту вилоятларда амалга оширилган жадал ислоҳотлар, шиддатли бунёдкорликлар, тинимсиз меҳнат, изланишлар, бедор тунлар туфайли тамомила ўзгара бошлади. Шунинг учун ҳам четдан кўрган-кузатган хайрихоҳ мардум борки, халқимизнинг ўзи каби улар ҳам “Янги Ўзбекистон” ғоясини ҳис қилди, бу тушунчани эътироф этди. Бугун бори дунёнинг биз билан ҳисоблашиши, бизга интилиши бари шундан, албатта!
Бугунги ўзгаришларнинг марказида ҳам албатта инсон қадри туради. Бу ибора ҳам сўнгги йилларда кўп такрорланди. Лекин санъатнинг кучи шундаки, у такрорланаётган тушунчага жон бағишлай олади. Инсон қадри ҳақида юзлаб маърузалар қилиш мумкин. Лекин инсоннинг юзидаги умидни кўрсатиш, боланинг келажакка ишончини тасвирлаш, ёшларнинг катта орзуларини саҳнага олиб чиқиш бу — томошанинг моҳирона иши.
Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси инсон, меҳнат, бунёдкорлик, илм-фан, ёшлар ва келажак тушунчалари билан боғланди. Шу нуқтада тарихий хотира билан замонавийлик бир-бирига муштарак эканлиги аён бўлади. Зеро, бугун кечаги кунни англашдан туғилади. Келажак эса бугунги куннинг масъулиятидан бошланади.
Томошабинларда томошанинг яна бир жиҳати — замонавий технологиялар ва театр тилининг уйғунлиги ҳам алоҳида бўлиқ таассурот қолдирди. Бугун саҳна технологияси оддий безак воситаси бўлиб қолмаяпти. У драматургиянинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Янги Тошкент саҳнасидаги техник имкониятлар, катта ҳажмдаги визуал композициялар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ёрдамида яратилган тасвирий ечимлар томошабинга бошқа бир саҳнавий маконни ҳис қилиш имконини берди.
Бу ерда муҳим жиҳат — технологиянинг ўзи эмас. Муҳими, ундан нима мақсадда фойдаланилаётгани, нимани англатаётганидир. Агар технология фақат ҳайратлантириш учун ишлатилса, у тез орада эскиради. Аксинча, у ғояга хизмат қилса, санъат тилининг бир қисмига айланади. Мазкур томошада ҳам замонавий технологиялар тарихий хотирани, бугунги кунни ва келажак тасаввурини бир маконда боғлашга хизмат қилгани билан қимматли эди.
Сунъий интеллект орқали яратилган визуал тасвирлар ҳам шунчаки “замонавийлик белгиси” эмас, балки тарихни янги авлод идрокига яқинлаштириш воситаси сифатида намоён бўлди. Бу, айниқса, ёш томошабин учун муҳим. Чунки бугунги ёш авлод тарихни фақат китоб саҳифаларидан эмас, визуал образлар, рақамли муҳит ва интерактив тафаккур орқали яхшироқ қабул қилмоқда. Демак, тарихни унга етказишнинг тили ҳам ўзгариши табиий.
Мустақилликнинг 35 йиллик тўйига аталган байрамда мусиқанинг ўрнини алоҳида эътироф этмоқ зарур. Зеро, миллий хотира фақат сўз билан эмас, куй билан ҳам яшайди. Ўттиз беш йил давомида халқ қалбидан жой олган қўшиқлар, турли авлодларга мансуб хонандалар ижоди, эстрада санъатининг ёрқин намуналари бир саҳнавий маконда жамланиши вақтнинг ўзгаришини яна бир бор ҳис қилдиради.
Кеча тингланган қўшиқ бугун хотирага айланади. Бугун янграётган қўшиқ эса эртанги куннинг хотирасига айланади. Шу маънода, қўшиқ ҳам тарихдир. У инсоннинг шахсий хотирасини миллий хотира билан боғлайди. Кимдир бир қўшиқни илк муҳаббати билан эслайди. Кимдир уни ёшлик йиллари билан. Яна кимдир эса ота-онаси тинглаган қўшиқ сифатида хотирлайди. Аммо катта байрам саҳнасида бундай қўшиқлар янграганда, шахсий хотиралар умумий хотирага қўшилиб кетади. Гўё бутун бир авлоднинг овози бир лаҳзага битта саҳнада жам бўлади.
Издиҳомда томошабин бўлиб ўтирган минглаб мардумнинг бирортаси, наздимда, тек ўтиролмади — рақсга тушди, хонандаларга жўр бўлди. Йиллар давомида қадрдон бўлиб қолган қўшиқлар ижросига қўшилди, янги қўшиқлардан сеҳрланиб, қўли толиққунча қарсак чалди.
Томошада дунё миқёсидаги ижрочилар, хорижлик саҳна юлдузлари ва ўзбек опера санъати намояндаларининг иштироки ҳам тадбирнинг бадиий кўламини кенгайтирди.
Алессандро Сафинанинг “Луна”си, Барно Исматуллаеванинг Имре Калман “Die Csárdásfürstin” опереттасидан Силва арияси, Хосе Каррерас ижросидаги “Гранада”, Метрополитен-опера, Ковент-Гарден Қироллик опера театрлари саҳнасида фаолият юритаётган ўзбекистонлик солист Бегзод Давронов ижросидаги “Nelle Tue Mani”, Сара Брайтман ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отабек Назиров дуэтидаги “Con te partirò”, Отабек Назиров ижросидаги Жакомо Пуччинининг “Турандот” операсидан Калаф арияси —
буларнинг барчаси яна бир муҳим фикрга етаклайди. Миллий санъатнинг кучи дунёдан узилишда эмас. Аксинча, ўзлигини сақлаган ҳолда дунё билан мулоқот қила олишда.
Ўзбек опера мактабининг вакиллари билан халқаро ижрочиларнинг бир саҳнада жам бўлиши ҳам ана шу бадиий мулоқотнинг тимсоли бўлди. Миллий оҳанг ва жаҳон мусиқий тафаккури бир-бирини инкор этмади. Аксинча, бир-бирини бойитди. Бу бугунги янги Ўзбекистоннинг маданий қиёфасига хос хусусиятларидандир.
Томоша давомида кишини яна бир савол ўйлантирди: Мустақил ўттиз беш йил аслида нимани ўзгартирди? Шаҳарларними? Йўлларними? Биноларними? Технологияларними?
Албатта, буларнинг барчаси ўзгарди. Аммо назаримда, энг катта ўзгариш сўнгги ўн йилда инсоннинг ўз имкониятига бўлган ишончида. Чунки давлат тараққиётини фақат баланд бинолар билан ўлчаб бўлмайди. Тараққиёт инсоннинг эртанги кунига ишончида. Боланинг яхши мактабда ўқиш орзусида. Ёшнинг касб танлаш имкониятида. Ижодкорнинг ўз фикрини айта олишида. Олимнинг изланишига яратилаётган шароитда. Санъаткорнинг ўз истеъдодини намоён эта олишида. “Янги Ўзбекистон” деган тушунчанинг ҳақиқий мазмуни ана шундай инсоний ўлчовларда намоён бўлмоқда.
Ва ниҳоят, саҳнада Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграган лаҳза... Бу лаҳзани оддий финал деб аташга тил бормайди.
Бутун томоша давомида турли даврлар, турли образлар, турли оҳанглар ва турли саҳнавий шаклларда ифодаланган ғоя шу ерда ягона туйғуга жамланди. Шу лаҳзада англадимки, бугунга қадар кўтарилган байроқлар… Йўқотилган оғир йиллар… Пахта далалари… Оролнинг қуриган соҳиллари… Мустақиллик тонги… Янги Ўзбекистон… Бугунги бунёдкорлик… Ва келажак.
Буларнинг барчаси бир лаҳзага бир-бирига уланиб кетди. Балки шунинг учунмикан мадҳияни деярли барча жўровоз бўлиб ижро этди. Ижро этганда ҳам бори томошанинг таассурот ва ҳаяжонидан жунбишга келган халқ — ёшу қари кўз ёшлари, юрак тафти, қалб амри билан ижро этди. Расмий анъаналарни бузиб, мадҳиямизни томоша сўнгида жами издиҳом аҳли бирга куйлашидан кутилган мақсад намоён бўлди. Мадҳиянинг янграши — мустақил ва мустаҳкам давлатнинг овози бўлди. Бу бир халқнинг умумий юрак уришига айланди.
Томошанинг жуда муҳим ва эсда қоларли лаҳзаларидан яна бири — Янги Тошкент мажмуасининг очилиши билан боғлиқ манзара. Мусаффо самода тадбирнинг чорлов садолари —
ҳозирча барча ўзбекистонлик, айниқса, тошкентликлар учун оҳанрабодек тилсим бўлиб турган Янги Тошкентнинг юраги ҳисобланмиш маҳобатли амфитеатрда эшитилди. Автоуловлар оқимида сузиб борган халойиқ бир чети Янги Тошкентни кўрайлик деган тотли туйғу билан шу кун тонгни қаршилаган эди. Ният ижобат бўлиб, бутун мамлакат орзулаб турган манзил-маконда тақдир чорлови садо берди.
Бу йилги мустақиллигимизнинг 35 йиллиги Янги Ўзбекистон боғида эмас, балки янги ҳудудда нишонланди. Бундан беш йил аввал истиқлолимизнинг 30 йиллиги янгигина барпо этилган Янги Ўзбекистон майдонида ўтказилган эди. Энди эса Янги Тошкентда. Шунинг ўзиёқ Ватанимизда кечаётган яратиш, бунёд этиш жараёнларининг шаҳду шиддатидан дарак. Бори мардум майдон-амфитеатрига ҳайрат ила “тасанно” деган сўзларни тилу дилида айтиб кирган бўлса, ажабмас.
Ана шу ҳайратни чандон юксалтирган яна бир янгилик 232,68 метрлик фаввора эди. Сувнинг бир неча ўн метр баландликка отилиб, яна пастга қайтиши оддийгина томоша воситаси бўлиб қолмай, кишини вақт ва ҳаракат ҳақида ўйлашга ундайди. Сув бир жойда турмайди. Ҳаёт ҳам, тарих ҳам бир жойда қотиб қолмайди.
Сувнинг ҳар бир томчиси ўз йўли билан ҳаракат қилгани каби, ҳар бир авлод ҳам ўз даврида муайян масъулиятни зиммасига олади. Шу маънода, фаввора томошанинг шунчаки техник ёки декоратив ечими эмас, балки ундаги ҳаракат, янгиланиш ва давомийлик ғоясини кучайтирган визуал образ бўлиб қолди. Унинг ортидан бошланган мушакбозлик эса томошага байрамона якун ясади: фавворалар, ёруғлик ва осмонни тўлдирган ранглар бир зумда улкан манзарага айланди.
Айниқса, томоша тарихдан бошланиб, мустақиллик йилларига келгани ва якунда Янги Тошкент тимсолида келажак сари юзлангани бу манзарага алоҳида мазмун берди.
Шу боис, томошабин мустақиллигимизнинг 35 йиллиги, шу билан бирга, муайян маънода юртимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистон” шаббодалари эса бошлаганининг 10 йиллигига бағишланган ушбу байрам томошасини оддий тантанавий дастур сифатида эмас, миллий хотира, бугунги ўзлик ва келажак тасаввури бир саҳнада учрашган катта бадиий ҳодиса сифатида кашф этди. Унда тарих ҳам бор эди, оғриқ ҳам, фахр ҳам, шукр ҳам. Ва энг муҳими, эртанги порлоқ кунга умид ва ишонч бор эди. Дарвоқе, яна бир мантиқий англашилган ҳақиқат — эрксевар буюк аждодлардан мерос келаётган табаррук туғ — байроқни бу кунги авлод кўтарганига қатъий ишонч-иқрор ҳам бор эди.
Саҳна чироқлари сўнди. Мусиқа тинди. Томошабинлар тарқалди. Аммо тафаккурда бир фикр уйғонди: Тарих ортда қолди, энди саҳна бугун ва келажакники!
Миллий юксалиш йўлларинг қутлуғ бўлсин, Янги Ўзбекистон!
Шуҳрат РИЗАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, профессор