Мулоқотлардан мақсад – инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда шаклларини ўрганишдан иборат бўлди. Шунингдек, миграция ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистондаги ҳолат юзасидан ахборот алмашилди.
Учрашувда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Швеция Миграция агентлиги катта таҳлилчиси Эмма Симичич ва Дания Иммиграция хизматининг Халқаро алоқалар департаменти раҳбари, катта маслаҳатчи Алекс Хемингсон иштирок этди.
Суҳбат давомида Миллий марказнинг вазифалари, тузилмаси ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасидаги асосий ютуқлари тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Тадбирда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани, ушбу Асосий Қонуннинг иккинчи бўлими амалда Ҳуқуқлар тўғрисидаги биллни ташкил этиши қайд этилди. Конституцияда илк бор Ўзбекистон фуқароларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.
Мониторинг йўналиши бўйича мамлакатда кўп босқичли тизим: парламент, ижро этувчи, суд ва жамоатчилик мониторинги, шунингдек, БМТнинг шартномавий органларига даврий маърузаларни тақдим этиш орқали амалга ошириладиган халқаро мониторинг фаолият юритаётганини тушунтирилди. Шунингдек, 2026 йил 21-22 апрель кунлари Ўзбекистон делегацияси Женевада Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция юзасидан даврий маърузасини тақдим этгани ҳақида маълумот берилди.
Хорижий идоралар вакиллари ташрифларининг мақсади ва тафсилотлари ҳақида маълумот берди. Эмма Симичич ва Алекс Хемингсон ўз идораларининг Келиб чиқиш мамлакатлари тўғрисидаги маълумотларни (Country of Origin Information — COI) йиғиш бўлинмаларида фаолият юритади. Бўлинмаларнинг асосий вазифаси Швеция ва Данияда яшаш учун рухсатнома сўраб мурожаат қилган шахсларнинг келиб чиқиш мамлакатларидаги вазият ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишдан иборат. Шу билан бирга, ҳар икки вакил ўз бўлинмалари якка тартибдаги аризалар бўйича қарор қабул қилмаслигини, балки фақат тегишли идораларни таҳлилий маълумотлар билан таъминлашини алоҳида таъкидлади.
Хорижий меҳмонлар Скандинавиянинг икки давлати қўшма ташрифи уларнинг географик яқинлиги ва тўпланган ҳамкорлик тажрибаси билан боғлиқлигини тушунтирди. Алекс Хемингсоннинг қайд этишича, Дания миграция қонунчилиги масалаларида Европа Иттифоқи меъёрларини қўллашнинг ўзига хос жиҳатлари туфайли Швецияга эмас, асосан Норвегияга таянади.
Хорижий идоралар вакиллари асосан Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг бориши ва натижалари, фуқаролик ҳолатини қайд этиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар тизимининг ҳолати, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистондан миграция оқимларининг ҳаракатига қизиқиш билдирдилар.
Эмма Симичичнинг таъкидлашича, кейинги йилларда Швецияда Ўзбекистон фуқаролари томонидан миграция динамикасида силжиш кузатиляпти ва айнан шу ҳолат Ўзбекистондаги вазиятни батафсилроқ ўрганишга сабаб бўлган. У, шунингдек, Швеция ва Ўзбекистон ўртасида миграция масалалари бўйича икки томонлама музокаралар олиб борилаётгани, бироқ ўзи вакиллик қилаётган идора уларнинг иштирокчиси эмаслигини қайд этди.
Шу билан бирга, томонлар миграция соҳасидаги ҳуқуқий базани кўриб чиқдилар. Марказ директори Ўзбекистон Миграция агентлиги Ташқи ишлар вазирлигига эмас, балки бевосита ҳукуматга ҳисобдор эканини тушунтирди. Ўзбекистон бир қатор давлатлар: Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Япония, Германия, Буюк Британия, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича икки томонлама битимларга эга. Ҳозирда Скандинавия мамлакатлари билан келишувлар мавжуд эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамда БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бошқармаси билан ҳамкорлик қилади.
Учрашув якунида томонлар ахборот алмашиш, одам савдосига қарши курашиш ҳамда қонуний меҳнат миграциясини қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорликдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди. Ўзбекистон томони меҳмонларга Миллий марказ фаолияти ҳамда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажараётгани тўғрисида инглиз ва рус тилларидаги ёзма материалларни тақдим этди. Хорижий вакилларга Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида иштирок этиш учун таклифнома юборилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.