Бу эса, аввало, бошланғич таълим босқичидан бошланади. Чунки боланинг келажакка бўлган муносабати, дунёқараши ва қадриятлари айнан шу даврда шаклланади.
Мен, Фарғона вилояти Данғара тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, ҳозирда шу йўналиш ўқитувчилари учун ментор сифатида фаолият олиб бораётган педагог сифатида, ҳар куни 37 нафар ўқувчидан иборат 2-“А” синфим билан ишлаш жараёнида бир ҳақиқатни янада чуқурроқ англайман: таълим — бу фақат дарс ўтиш эмас, балки инсон тарбиясидир.
Сўнгги йилларда юртимизда таълим тизимини такомиллаштириш, халқаро тажрибаларни ўрганиш ва жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида Япония таълим методикаси асосида иш олиб борилаётган мактаблар фаолияти бу борада муҳим қадам бўлмоқда. Ушбу ташаббус доирасида ташкил этилган делегациянинг Японияга сафари эса барчамиз учун ибрат мактаби бўлди.
Япония таълим тизимининг оддий, аммо чуқур мазмунга эга жиҳатлари диққатга сазовор. Масалан, бошланғич синфларда 6-синфгача “Ахлоқ томон йўл” дастури асосида ўқувчиларда, энг аввало, инсонга хос фазилатлар — ҳурмат, масъулият, бир-бирига меҳр каби тушунчалар шакллантирилади. Бу — таълимнинг энг тўғри пойдевори.
Шунингдек, 1–3-синфларда имтиҳонлар ўтказилмаслиги ҳам жуда ўринли ёндашув. Бу даврда бола рақобат эмас, балки ўрганиш, англаш ва шахс сифатида шаклланиш жараёнида бўлади. Демак, таълимда босим эмас, ишонч ва қўллаб-қувватлаш устувор бўлиши керак.
Яна бир муҳим жиҳат — ўқувчиларнинг ҳар куни мактабни ўзлари тозалашидир. Бу орқали уларда меҳнатга ҳурмат, тозаликка интилиш ва камтарлик каби сифатлар шаклланади. Биз ҳам ўз мактабларимизда ана шундай оддий, аммо тарбиявий аҳамияти катта бўлган усулларни босқичма-босқич жорий этишимиз мумкин.
Японияда ота-оналарнинг бола тарбиясидаги масъулияти ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу биз учун ҳам муҳим сабоқ: мактаб ва оила ҳамкорлиги мустаҳкам бўлмас экан, таълим самарадорлиги тўлиқ таъминланмайди.
Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари, халқаро ҳамкорлик ва илғор тажрибаларни жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳар бир ўқитувчи зиммасига янада катта масъулият юкламоқда. Чунки келажакни айнан биз — оддий ўқитувчилар қурмоқдамиз.
Шу маънода, Япония тажрибаси бизга бир ҳақиқатни эслатади: таълимнинг буюклиги унинг мураккаблигида эмас, балки оддийлик ва изчилликда намоён бўлади.
Бугунги ўқитувчи эса фақат билим берувчи эмас — у тарбиячи, йўл кўрсатувчи ва келажак бунёдкоридир.
Дилрабохон МАҲКАМОВА,
Фарғона вилояти Данғара тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг
бошланғич таълим фани ўқитувчиси