Айниқса, сунъий интеллектнинг таълим тизимига кириб келиши анъанавий ўқитиш усулларини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Чунки у нафақат маълумотларни қайта ишлаш, балки ўқув жараёнини шахсийлаштириш, ўқувчи ва талабаларнинг индивидуал эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда уларга мос таълим траекториясини шакллантириш имконини беради. Қолаверса, рақамли саводхонлик, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бугун ҳар қачонгидан муҳим.

Аслида, сунъий интеллект янги тушунча эмас, — дейди “UNICON.UZ” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази қошидаги Янги рақамли технологияларини ўқитиш маркази бошлиғи Сайдиаҳрол Сайдиакбаров. — У шу пайтгача ҳам бор эди. Фақат ChatGPT кенг жамоатчиликка тақдим этилганидан сўнг кўп нарса ўзгарди. Гап технологиянинг ихтиро қилинишида эмас, балки унинг демократлашуви, яъни ҳамма учун очиқ бўлиши ва эркин фойдаланиш имкониятини беришида.  

Таълим тизими сунъий интеллектга тўлиқ тайёр деб айта олмайман. Ҳали ҳам интернет етиб бормаган ва компьютерга эҳтиёжи бор мактаблар мавжуд. Қолаверса, ўқитувчиларнинг рақамли саводхонлиги ҳам етарли эмас. Шу боис, тизимда СИдан фойдаланиш ҳақида тўлиқ гапиришга ҳали эрта. Чунки ундан шошилиб, ўйламасдан фойдаланиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Сунъий интеллект таълим жараёнида ўқитувчи ва талабанинг интеллектуал фаолиятини алмаштирувчи восита эмас, балки таҳлил, изланиш ва ўқув фаолиятини қўллаб-қувватловчи ёрдамчи технология сифатида қўлланилиши мақсадга мувофиқ. Шу боис, ундан самарали ва тўлиқ фойдаланиш учун аниқ мақсадли, асосланган стратегияси ҳамда методик ёндашуви ишлаб чиқилиши зарур.

Бугунги кунда ўқувчилар уй вазифасини ChatGPT орқали ечаётган, талабалар курс ёки диплом ишини сунъий интеллект платформаларида ёздираётган ҳолатларни инкор эта олмаймиз. Бундай ёндашув ёшларда мус­тақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва муаммони ечиш кўникмалари етарли ривожланмаслигига сабаб бўлади. Ва албатта, билимнинг юзаки ўзлаштирилиши ва таълим сифати тушиб кетишига олиб келади.

Бу вазиятда сунъий интеллектни бошқариш ёки шу кўринишда қолдириш керакми деган савол юзага келиши табиий. Бир эслаб кўринг, калькулятор пайдо бўлганда одамларда болалар ҳисоблашни унутиб қўйса керак деган ҳадик бўлган. Лекин мактабларда математика ўқитилишда давом этди, фан сифатида ривожланди. Ваҳоланки, фақатгина ёндашув ўзгарди, оддий ҳисоблашдан муаммони тушуниш, мантиқ томонга қадам қўйилди. Ҳозир ҳам шундай бурилиш бир нуқтасида турибмиз.

Бугунги кунда ChatGPT каби тил моделлари ассистент сифатида жуда қўл келмоқда. Улар маълумотларни тезкор тизимлаштириш, таҳлил қилиш ва зарур қисмларини ихчам кўринишга келтиришда самарали ечимлар тақдим этади. Ҳар бир компания бир нечта модел тақдим қилади. Улар қувват, тезлик ва нарх жиҳатидан фарқ қилади. Мураккаб вазифалар учун кучлироқ, оддий вазифалар учун эса тезроқ ва арзонроқ моделни танлаш мумкин. Ҳар битта модел тор доирада қайсидир соҳа учун ихтисослашган бўлади. Амалиётда фойдаланувчилар турли моделларни турли мақсадларда синаб кўради: кимдир код ёзишда, кимдир матн таҳлилида, яна кимдир тасвирлар билан ишлашда у ёки бу моделни қулайроқ деб топади. Танлов кўпинча шахсий тажриба ва аниқ вазифанинг талабига боғлиқ.

Сунъий интеллект ўқитувчининг энг кўп вақт талаб қиладиган, бироқ юқори даражада ижодий ёндашувни талаб этмайдиган вазифаларини автоматлаштириш имконини беради. Масалан, тест топшириқларини текшириш, баҳолаш ва натижаларни таҳлил қилиш каби жараёнлар сунъий интеллект ёрдамида қисқа вақт ичида амалга оширилиши мумкин. Илгари бундай ишлар ўқитувчидан қўшимча вақт ва меҳнат талаб қилар, улар кўпинча дарсдан ташқари вақтда ёки ёрдамчилар иштирокида бажарилар эди. Бугунги кунда эса тест топшириқларини текшириш, ўқувчиларнинг саволларига дастлабки жавобларни шакллантириш ва бошқа мунтазам такрорланувчи вазифаларни сунъий интеллект зиммасига юклаш имконияти мавжуд. Бу эса ўқитувчига кўпроқ вақтни таълим жараёнининг ижодий ва педагогик жиҳатларига, хусусан, дарс мазмунини такомиллаштириш, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш ва уларнинг танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.

Мутахассиснинг фикрича, СИ ҳеч қачон педагог ўрнини боса олмайди. Чунки ўқитувчи фақат билим берувчи эмас, тарбияловчи ҳамдир. Педагог бола дарсда чарчагани, уйида муаммоси борлиги, кўзидаги қизиқиш ёки қўрқувни илғайди ва унга алоҳида ёндашади. Бу инсонга хос омил. Сунъий интеллект бу нарсани тушунмайди.

Лекин у ўқувчи учун индивидуал таълим траекториясини қисман ярата олади. Чунки анъанавий синфда барча бир хил даражада ўқийди, дея олмаймиз. Ҳаммага бир хил ёндашувни қўллаб бўлмайди. Кимдир математикани яхши ўзлаштиради, лекин географиядан ортда қолади. Яна кимдир геометрияни секин тушунади. Адаптив тизимларда ҳар бир боланинг қаерда қийналаётганини аниқлаб, дарсни унга мослаш мумкин. Масалан, бола квадрат тенгламаларни доим хато бажараётган бўлса, тизим орқага қайтиб, унинг илдизини, яъни қаерда қийналаётганини аниқлаштиради ва бўшлиқни топади, ўша жойдан тузатишларни амалга оширади.

Шу билан бирга, плагиат, яъни кўчирмачиликка ўхшаган жиддий хавфлар бор. Бу мустақил фикрлашни сўндириши табиий. Тайёр маълумотларни олишга ўрганиб қолиш билимни саёзлаштиради. Бошқанинг муаллифлик ишига дахл қилиш академик ҳалолликка путур етказади. Сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бор. У ҳозир ёлғон гапиришда жуда ҳам уста бўлиб кетган. Хато қилмаслик учун ундаги маълумотларни текшириб олиш, муаллифлик ҳуқуқини ёддан чиқармаслик зарур.

Ошкоралик маданиятини шакллантириш керак. Академик ҳалолликка риоя қилган ҳолда сунъий интеллектдан фойдаланиш иш ва ўқишда самарали бўлиши мумкин. Бунинг учун эса уни ёрдамчи восита сифатида ишлатиш, фойдаланувчи ўз фикри ва меҳнатини унинг ўрнига алмаштирмаслик керак.

Сунъий интеллект туфайли янги касблар пайдо бўлади ва таълим тизими бу ўзгариш­ларга тайёр туриши керак. Мисол учун, дарс­ликлар борган сари жонли, интерактив бўлиб боради. Баҳолаш, имтиҳон жараёнлари камералар орқали тўлиқ назорат қилинади. Ўқитувчилар билим манбаидан йўлбошчи, тарбия­чи, мураббийга айланади. Сунъий интеллект билан ишлаш муҳандиси каби янги касблар янада оммалашади. Чет эл университетларида бўлгани каби таълим маълумотлари таҳлилчиси деган тушунча кириб келади. Ўқувчилар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб, қарор чиқариш учун ёрдам берадиган касб бўлади. Сунъий интеллект этикаси бў­йича мутахассисга эҳтиёж сезилади. Инсон билан машина ўртасида ўзаро мослаштирувчи технолог касби пайдо бўлади.

Сунъий интеллектни қўллаш масаласида Ўзбекистонда имкониятлар катта. Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этади. Ёшлар технологияни тез ўзлаштиради. Бу — катта устунлик.

Мамлакатимизда рақамли технологиялар ривожига катта эътибор қаратиляпти. Давлат хизматлари рақамлаштирилди, фуқароларга онлайн хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда. Дастурчилар, стартаплар ва АT компаниялар учун қулай шарт-шароит­лар яратилмоқда, технологик парклар ва инновацион марказлар фаолияти ривожлантирилмоқда. Мактаблар, коллежлар ва олий таълим муассасаларида ахборот технология­лари ва дастурлаш бўйича таълим кенгайтириляпти. Онлайн таълим платформаларидан фойдаланиш ортиб бораётганини кўриш мумкин. Булар яхши, албатта. Аммо муаммо­лар ҳам йўқ эмас. Энг катта муаммо ўзбек тилида маълумотлар камлиги, яъни сифатли рақамли контентларни сунъий интеллект моделларида ўқитиш ҳали етарли даражада эмас. Кўплаб маълумотлар инглиз тилида. Ўқитувчиларнинг рақамли малакаси ривож­ланган мамлакатлар педагоглари малакаси билан солиштирганда анча суст. Маълумотларнинг хавфсизлиги ва болалар ўзларининг шахсий маълумотини ҳимоя қилиш масаласи ҳам эътиборталаб мавзу. Бу бизнинг заиф нуқтамиз. Ижтимоий тармоқларда қолдирилган очиқ маълумотлар хавфсизлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Умуман олганда, сунъий интеллектнинг келажакдаги ривожланиш салоҳияти жуда катта. Ҳозирги кунда замонавий компания­лар сунъий интеллектга мослашган мобил қурилмалар — телефонлар, қулоқчинлар, ҳатто кўзойнакларни сотувга чиқармоқда. Бу маҳсулотларни Ўзбекистон бозорида ҳам учратиш мумкин. “Ақлли” кўзойнаклар ёрдамида бошқа тилда сўзлашувчилар билан бемалол мулоқот қилса бўлади, чунки улар реал вақт режимида таржимон вазифасини бажаради. Бундай имконият фойдаланувчиларга маъқул келмоқда.

Сунъий интеллект умумий интеллект даражасига ета оладими деган савол туғилиши мумкин. Мутахассиснинг айтишича, ҳозир етакчи компаниялар корпоратив ва умумий интеллект хизматларини ҳам таклиф қилмоқда. Уларнинг мақсади бир гуруҳ одам ягона платформадан фойдаланиб, бутун бир жамоанинг ишини бажара оладиган тизим яратиш. Агар бу ғоя муваффақиятли амалга оширилса, сунъий интеллект умумий интеллект даражасига етиши мумкин. Буни эса вақт кўрсатади.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири