Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлат раҳбари ўз қутловида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, қарийб 85 миллион аҳолига эга минтақанинг энг катта бойлиги билимга интилаётган ёш авлоддир.

«Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл — сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир», — дейилади Президент мурожаатида.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда таълим ислоҳотлари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этган.

Яқинда мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқаруви ягона тизимга бирлаштирилди. Бунинг асосий мақсади боланинг дастлабки билим олишидан тортиб, етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланишигача бўлган босқичлар узвийлигини таъминлашдан иборат.

Мурожаатда таълим ёшларни мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва бутун умри давомида ўрганишга тайёрлаши зарурлиги таъкидланган.

Шунингдек, ўқитувчи ва мураббийларнинг ролини ошириш, мактаб, техникум, университет ҳамда ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилган.

Айниқса, қизлар, чекка ҳудудлардаги болалар ва алоҳида таълим эҳтиёжларига эга ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилган.

Президент сунъий интеллект ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги қўшма дастурлар ва тадқиқотларни кўпайтириш, талабалар ҳамда олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Давлат раҳбари Марказий Осиёни илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантириш стратегик мақсад эканини таъкидлаб, форумда ушбу йўналишда амалий таклифлар илгари сурилишига ишонч билдирган.