Иқтисодиёт илмий ғояга таянади
Сўнгги икки йилда Қарши давлат техника университетида кечаётган ўзгаришларга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқат янада ойдинлашади: бу ерда оддий таълим муассасаси эмас, балки муҳандислик тафаккурини шакллантиришга қаратилган янги мактаб барпо этилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган университет қисқа вақт ичида нафақат ташкилий тузилмасини шакллантирди, балки ривожланишнинг аниқ стратегиясини ҳам белгилаб олди. Бу стратегиянинг марказида эса битта ғоя туради: илм иқтисодиётга хизмат қилиши керак.
Шунинг учун бугун университет аудиторияларида фақат дарс ўтилмаяпти. Бу ерда эртанги энергетика тизими муҳокама қилинмоқда. Сунъий интеллектнинг янги алгоритмлари яратилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбалари устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Карбон чиқиндиларини камайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, нефть-газни чуқур қайта ишлаш каби масалалар ёш олимларнинг кундалик изланишларига айланган.
Бугун университетда юзлаб ёш тадқиқотчилар фаолият юритади. Лабораторияларда эса янги ғоялар синовдан ўтмоқда. Яна бир муҳим жиҳат, бу ғоялар фақат Ўзбекистон учун эмас. Уларнинг аксарияти халқаро ҳамкорлик асосида амалга оширилмоқда. Хитой, Италия, Туркия, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар олимлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани илм-фаннинг чегара билмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.
Яқин йилларда университетда юз берган ўзгаришлар кўламини фақат рақамлар орқали ҳам тасаввур қилиш мумкин. Бироқ бу рақамларнинг ҳар бири ортида узлуксиз жараён, катта меҳнат ва алоҳида натижа бор. Масалан, бугун университетда 274 ёш олим — таянч докторант, докторант ва мустақил изланувчи илмий тадқиқот олиб бормоқда. Бу эртанги кун профессорлари, янги технологиялар муаллифлари ва мамлакат саноатининг илмий таянчи бўладиган авлод шаклланаётганини англатади.
Университетда фаолият юритаётган 810 профессор-ўқитувчининг асосий қисми илмий даражага эга. Илмий салоҳиятнинг 48,6 фоизга етгани қисқа вақт учун муҳим натижа ҳисобланади.
Илмий натижанинг энг муҳим кўрсаткичи эса халқаро илмий майдондаги фаолликдир. 2026 йилнинг ярим йиллигида университет олимлари томонидан 985 та халқаро илмий мақола чоп этилди. Бу деярли ҳар куни беш-олтитадан илмий иш халқаро илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди деганидир. Агар шу суръат сақланса, бир йилда икки мингга яқин илмий мақола яратилади. Бу эса нафақат университет, балки бутун минтақа илмий салоҳияти ўсиб бораётганининг муҳим белгисидир.
Айниқса, “Scopus”нинг Q1 ва Q2 квартилли журналларида қисқа даврда 94 та мақола чоп этилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки бундай журналларга юборилган мақолалар халқаро экспертлар томонидан пухта текширилади, тадқиқотнинг илмий янгилиги ва амалий аҳамияти баҳоланади. Демак, Қарши давлат техника университетида яратилаётган илмий ғоялар нафақат мамлакат, балки халқаро илмий ҳамжамият талабларига ҳам жавоб бермоқда.
Бу ерда муҳим жиҳат бор. Илм-фаннинг ҳақиқий қиймати мақолалар сони билан эмас, унинг иқтисодиётга қай даражада хизмат қилиши билан белгиланади. Шу маънода, университетда амалга оширилаётган 8 та давлат гранти лойиҳасига алоҳида тўхталиш лозим. Қарийб 10 миллиард сўмлик бу лойиҳалар долзарб соҳаларга йўналтирилган. Бугун дунё геотермал энергия, сунъий интеллект, энергия тежовчи технологиялар, карбонат ангидридни қайта ишлаш, биогаз қурилмалари каби масалалар ечими устида бош қотирмоқда. Демак, университет олимлари ҳам ушбу глобал муаммоларнинг маҳаллий ечимларини изламоқда. Яна бир эътиборли ҳолат — университет олимлари томонидан халқаро танловларга тақдим этилган 24 та лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 40 миллиард сўмни ташкил этади. Бу лойиҳалар университетнинг илмий салоҳияти янада юқори босқичга кўтарилишига асос бўлади.
Бугун университет фақат илм яратмаяпти, уни иқтисодиётга ҳам олиб кирмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида “Energo Control Lab” spin-off корхонаси фаолиятини келтириш мумкин.
Гап дипломда эмас...
Ҳар йили минглаб ёшлар университетни тамомлайди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам меҳнат бозоридаги “Сен нима қила оласан?” деган саволга жавоб берадими? Шуниси муҳим. Университетимизда ана шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, бакалавриат ва магистратура дастурлари иш берувчилар, йирик саноат корхоналари ҳамда хорижий университетлар тажрибаси асосида қайта таҳлил қилинди. Натижа нима бўлди? 2026/2027 ўқув йили учун 9 та янги бакалавриат ва 8 та янги магистратура мутахассислиги очилди. Бир қарашда бу ҳам оддий рақамдек. Лекин ҳар бир янги таълим йўналиши ортида янги меҳнат бозори, янги технология ва янги иқтисодий эҳтиёж турибди. Бугун университет касб ўргатмаяпти. У ҳали пайдо бўлиб улгурмаган касбларга ҳам кадр тайёрлашни бошламоқда.
Университет тарихида биринчи марта 45 та йўналиш бўйича кечки таълим, 13 та йўналиш бўйича эса масофавий таълим, 83 та бакалавриат ва 64 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим йўлга қўйилган. Ўқув режадаги 234 та фан дунёнинг TOP-300 университетлари дастурлари асосида қайта ишланган. Бунинг ортида катта маъно бор. Сабаби, бугун рақобат университетлар ўртасида эмас, дастурлар ўртасида кечмоқда. Талаба Самарқандда, Қаршида ёки Берлинда ўқимайдими, аввало, унинг билим даражаси халқаро мезонга яқинлашиши керак. Шунинг учун ўқув дастурлари ўзгариши лозим. Қарши давлат техника университетида айнан шу йўл танланган.
Университетимизнинг 3 та магистратура ва 2 бакалавр таълим йўналиши Германиянинг АСИИН компаниясида халқаро аккредитациядан ўтказилди. Энди талабанинг дипломига қўшиб халқаро аккредитация сертификатини ҳам берамиз. Демак, битирувчининг қўлида университет дипломи, муҳандисликка оид халқаро сертификат, тил билиш бўйича яна бир сертификати бўлса, у ишсиз қолмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам ўзига муносиб, сердаромад ишни осон топа олади.
Корхонадаги “аудитория”
Кўп йиллар давомида таълимнинг энг оғриқли нуқтаси битирувчининг амалий кўникмага эга эмаслиги эди. У диплом оларди, лекин иш берувчи уни яна қайта ўқитарди. Оқибатда ҳам вақт, ҳам маблағ йўқотиларди. Бугун эса вазият ўзгармоқда. Масалан, Қарши давлат техника университетида 10 дан ортиқ йирик саноат корхонаси билан ҳамкорликда 15 та таълим йўналиши бўйича дуал таълим тизими йўлга қўйилди. Бугун “TAT COLA”, “Indorama Agro”, “Uzbekistan GTL”, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ, Деҳқонобод калий заводи, “Oʻzbektelekom” сингари корхона ва ташкилотлар билан бу борада манфаатли ҳамкорлик ўрнатилган. Демак, талаба энди ишлаб чиқаришни китобдан эмас, заводнинг ўзида ўрганяпти. Муҳандисликни чизмада эмас, ҳақиқий ускуна олдида ўзлаштиряпти. Бу эса диплом билан иш жойи ўртасидаги масофани сезиларли қисқартирмоқда. 200 дан зиёд талабанинг дуал таълим асосида таҳсил олаётгани ана шу ҳамкорликнинг амалдаги ифодасидир.
Амалиёт учун ҳақ тўлаш ҳам муҳим янгиликлардан бири. “Indorama Agro”да амалиёт ўтаган 30 талаба ўз кўникмаларини ошириш билан бирга ҳар бири 3 миллион 524 минг сўмдан маош олди. Бу ерда маблағнинг ўзи муҳим эмас. Муҳими, меҳнат қадрлана бошлади. Талаба энди амалиётни мажбурият деб эмас, биринчи иш жойи сифатида қабул қилмоқда. Бу эса меҳнат бозори психологиясини ўзгартирувчи асосий қадамдир.
“Йўл қурсангиз, ўн йилликка хизмат қилади. Инсонга сармоя киритсангиз, юз йилликка” деган ибора бор. Бу фикрнинг амалий ифодасини “Келажакка қадам” дастурида ҳам кўриш мумкин.
Бир йил аввал ушбу дастурдан 84 талабамиз фойдаланган бўлса, якунланган ўқув йилида уларнинг сони 254 нафарга етди. Демак, бир йил ичида ўсиш қарийб уч баравар бўлди. Кредитлар ҳажми ҳам 4,5 миллиард сўмдан 6,8 миллиард сўмгача ошди. 338 талабанинг бизнес лойиҳаси учун 11 миллиард 428 миллион сўм ажратилди.
Меҳнат бозорининг талаби
Хорижий университетлар ва компаниялар билан ҳамкорлик фақат меморандум имзолаш билан чекланса, барчаси қоғозларда қолиб кетаверади. Университет фаолиятига назар ташласак, имзоланган ҳар бир келишувни амалиёт билан бойитишга интилиш кўзга ташланади. Агар 2025 йил якунига қадар 20 га яқин хорижий университет билан ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, бугун уларнинг сони 25 тага етди. Энг муҳими, бу алоқалар талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар, академик мобиллик ва илмий анжуманлар орқали мазмун касб этмоқда.
Замонавий университетни аудиторияга таклиф этилган олимларсиз тасаввур қилиш қийин. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Польша, Венгрия, Беларусь, Хитой, Россия, Туркия, Малайзия, Қозоғистон каби давлатлардан 68 дан ортиқ профессор ва мутахассис университетимизга ташриф буюрди. Халқаро тажриба фақат чет эллик олимларни таклиф қилиш билан чекланмайди. Университет профессор-ўқитувчилари ҳам хорижга чиқиб, илғор тажрибани ўрганмоқда. Бу йилнинг ўзида 93 профессор-ўқитувчи ва раҳбар ходим Германия, Испания, Польша, Венгрия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда малака оширди. Бунинг натижаси аудиторияларда янги педагогик ёндашувлар, замонавий лабораториялардан самарали фойдаланиш ва халқаро талабларга мос ўқитиш усулларида намоён бўлмоқда.
Ҳар қандай университет учун халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш фақат нуфуз масаласи эмас. Бу таълим сифати, илмий салоҳият ва бошқарув тизимининг баҳосидир. Шу нуқтаи назардан, Қарши давлат техника университетининг “Times Higher Education Impact Rankings” рейтингида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича баҳоланиб, дунё университетлари орасида 1500+ тоифасидан ўрин олгани эътиборга молик. Бу ҳали энг юқори чўққи эмас, аммо тўғри йўналиш танланганининг муҳим белгисидир. Яқинда Европа Комиссияси Erasmus+ дастурининг 2026 йилги “Erasmus Mundus Joint Masters” (EMJM) танлови натижаларини эълон қилди. Унга кўра, Қарши давлат техника университети жорий йилда “Erasmus Mundus” қўшма магистрлик дастури асосида молиялаштириш учун танлаб олинган университетлардан бири бўлди.
Бугунги талаба эртанги кунда нафақат маҳаллий, балки халқаро меҳнат бозорида ҳам рақобатлаша олиши лозим. Шу боис, академик мобиллик дастурларининг аҳамияти йил сайин ортиб бормоқда. 2025/2026 ўқув йилида 11 талаба Erasmus+ KA171, Словакия миллий стипендия дастури ҳамда Жанубий Корея ва Хитой грантлари орқали хорижда таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
Халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у фақат аудитория деворлари ичида қолиб кетмаяпти. Малайзиянинг Петронас техника университети билан ҳамкорликдаги “Salom, Qarshi!” лойиҳаси доирасида талабалар томонидан Қарши туманидаги Гулшан маҳалласида қуёш панеллари ва қуёш энергиясида ишловчи сув насослари ўрнатилди. Илм-фаннинг ҳақиқий қадри ҳам одамлар ҳаётини енгиллаштириш, жамиятга амалий фойда келтиришдир.
Албатта, халқаро даражага чиқиш молиявий қўллаб-қувватлашсиз бўлмайди. Erasmus+ HEMUA лойиҳаси доирасида жалб қилинган 32 минг доллардан ортиқ грант маблағлари ва Германиянинг “Prosica” компанияси томонидан тақдим этилган 100 минг долларлик замонавий Smart панеллар университет моддий-техника базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу каби инвестициялар инсон капиталига киритилган сармоя ҳисобланади.
Эътиборли томони университетнинг битирувчини фақат диплом билан эмас, касбий тажриба билан ҳам таъминлашга интилаётганидир. “Work and Travel” дастури орқали 105 талабанинг Болгарияда ишлаб, халқаро меҳнат муҳитини кўриши ёки Германия компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган марказ орқали минглаб ёшларни чет тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш режаси бунинг амалий исботи. Бугун меҳнат бозори айнан шундай кўникмаларни талаб қилмоқда.
Маънавиятли китобхон ёшлар
Қарши давлат техника университетида амалга оширилаётган ишларга назар ташласангиз, бир муҳим жиҳатга гувоҳ бўласиз: бу ерда фақат диплом эмас, дунёқараш ҳам шакллантирилмоқда.
Бугун университетда ўндан ортиқ тўгарак фаолият юритмоқда. Муҳандислик илмий-ишлаб чиқариш маркази (Fab-lab)даги робототехника, сунъий интеллект, дизайн, электр пайвандлаш, архитектура сингари тўгараклар ёшлар касбий маҳоратини ошириш учун ташкил этилган бўлса-да, аслида, уларнинг вазифаси бундан анча кенг. Чунки ҳар қандай иқтидор, аввало, қизиқишдан бошланади. Тўгараклар эса айнан шу қизиқишни кашфиётга айлантирадиган ижодий майдон.
Бугун робот ясаган талаба эртага янги технология муаллифига айланиши, кечагина Fab-lab устахонасида биринчи тажрибасини ўтказган ёш муҳандис эртага ўз корхонасини ташкил қилиши мумкин. Университет ана шу имконият эшигини очиб бермоқда.
Китоб ўқиган муҳандис билан фақат формула ёдлаган муҳандиснинг тафаккури ўртасида катта фарқ бор. Шу боис, университетда “Бир ойда бир китоб”, “Асардан иқтибос” каби лойиҳаларнинг мунтазам ўтказилаётгани тасодиф эмас. Бу танловлар фикрни шакллантириш учун хизмат қилади.
Спортдаги натижалар ҳам ўзига хос. Биргина 2025/2026 ўқув йилида университет талабалари турли мусобақаларда қиймати 400 миллион сўмдан ортиқ мукофотларни қўлга киритди. Бу маблағнинг ўзи эмас, унинг ортидаги меҳнат қадрли. Чунки ҳар бир медаль ортида юзлаб машғулотлар, минглаб соатлик машаққат бор.
Муҳандислик ҳам худди шундай. Катта ихтиро бир кунда туғилмайди. Унинг ортида, сабр, интизом ва меҳнат ётади. Шу маънода спорт аудиторияда шаклланмайдиган фазилатларни тарбиялайди.
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида бир гуруҳ талабалар ободонлаштириш ишларида қатнашмоқда. Яна бир қисми маҳаллаларда ёшлар билан ишламоқда. Кимдир экологик акцияларда иштирок этмоқда. 300 дан ортиқ волонтёр талаба маҳаллаларда кибержиноятчиликка қарши тарғибот ишларида қатнашди.
Қарши туманидаги Гулшан маҳалласида амалга оширилган ишлар эса университет фаолиятининг яна бир муҳим қиррасини очиб беради.
Одатда олимлар муаммони ўрганади. Бу ерда эса улар муаммони ҳал қилишга киришди. Маҳалладаги имкониятлар илмий асосда таҳлил қилинди. Аҳолига даромад манбалари бўйича амалий тавсиялар берилди. Натижа эса рақамларда акс этди. Қисқа вақт ичида маҳалладаги камбағаллик даражаси 9 фоиздан 4 фоизгача камайди. Айни дамда туманнинг Дашт маҳалласида ана шундай хайрли ишлар давом эттирилмоқда.
Замон тез ўзгармоқда. Бугун университет танлаётган ёшлар аслида ўз келажагини танламоқда. Шу маънода, Қарши давлат техника университетидаги ислоҳотлар нафақат таълим муассасаси нуфузини оширишга, балки ёшларнинг орзуларига кенг йўл очишга хизмат қилмоқда. Университетнинг бугунги қадамлари унинг эртанги халқаро мавқеини белгилаши шубҳасиз. Зеро, орзуларга элтувчи энг ишончли маскан дунё билан ҳамнафас яшайдиган, илм-фан ва инновацияни ўз тараққиётининг асосига айлантирган замонавий университетдир.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
Қарши давлат техника университети ректори