Покистоннинг етакчи «Islamabad Post» газетасида «Покистон-Ўзбекистон бизнес форумида 50 миллион долларга яқин битимлар имзоланди» сарлавҳали мақола босилиб чиқди.
Нашрда, Покистон Бош вазирининг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Дауд парламент юқори палатасига шу йилнинг июль ойида Тошкентда ўтказилган икки томонлама савдони ривожлантириш бўйича Покистон-Ўзбекистон бизнес-форуми якунлари ва натижалари ҳақида ҳисобат тақдим этгани маълум қилинган.
«Парламент эшитуви чоғида Бош вазир маслаҳатчиси форум натижасида қарийб 50 миллион долларга тенг шартнома ва битимлар имзоланганини айтиб ўтди. Шунингдек, у Покистон ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи натижасида 14 та Меморандум имзоланганини билдирди», - дейилади мақолада.
Таъкидланганидек, бизнес-форумдан ташқари жорий йил 15 июлда томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида Транзит савдо тўғрисида битим ҳам имзолаган. Мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапирар экан, Абдул Раззоқ Дауд Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транзит савдо олдиндан белгиланган йўналишлар бўйича, маълум портлар ва чегара ўтиш жойлари орқали амалга оширилишини таъкидлади, деб хабар беради «Дунё» АА.
«Покистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳайдовчилик гувоҳномаларини ва транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини ўзаро тан олиш, шунингдек, юк ташиш машиналари ҳайдовчиларига кўп марталик визалар бериш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш бўйича вазифаларни ҳал этиш юзасидан келишиб олди», — деб ёзади «Islamabad Post».