Ушбу ноёб йўналишда 15 нафар ёш абитуриент ўз билим ва кўникмаларини намойиш этиш учун имтиҳонга келди. Улар орасида Умида Муҳаммадиева ҳам бор — у ушбу соҳада ўз келажагини кўраётган, айнан кар-соқовлар билан ишлашни мақсад қилган фидойи ёшлардан бири. Умида бугун ўз мақсадлари сари яна бир қадам ташлади ва биринчи синовдан муваффақиятли ўтди.

Имтиҳонлар университетнинг Бош ўқув биносида ўтказилмоқда. Бу жараёнда иштирокчилар нафақат назарий билимлар, балки бағрикенглик, сабр-тоқат, инсонпарварлик ва фидойилик каби шахсий фазилатлар орқали ҳам баҳоланади. Чунки сурдотаржимонлик фақат оддий таржима эмас — бу кўплаб одамлар учун кўприк вазифасини ўтайдиган юрак билан эшитиш ва кўз билан сўзлашиш санъатидир.

Махсус педагогика йўналиши жамиятда катта аҳамиятга эга бўлиб, кейинчалик ушбу соҳада ишлайдиган мутахассислар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётини енгиллаштириш, уларнинг таълим олиш ва жамиятда фаол иштирок этиши учун кўмаклашади.

Таъкидлаш жоизки, университет маъмурияти имтиҳонларни очиқ ва холис ўтказиш, барча иштирокчилар учун баробар шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ижодий имтиҳонлар жараёнини университетнинг расмий ижтимоий тармоқлари орқали кузатиб боришингиз мумкин.