Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 1 мартдаги ПҚ–108-сон қарори ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 458-сон қарорида белгиланди.

Қарор билан:

транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртасига тегишли ўзгартиришлар киритилди:

  • актуар ҳисоб-китоблар асосида суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилиб, суғурта суммалари ва мукофотлари бозор тамойилларига мувофиқлаштирилди;
  • 2026 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта суммасини 80 млн сўмгача (амалда 40 млн сўм) оширилиши белгиланди, бу ўз навбатида ЙТҲ натижасида жабрланган шахсларнинг мол-мулкига, ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарар миқдорини қоплаш учун йўналтириладиган маблағнинг бугунги кун талабига мос равишда бўлишига хизмат қилади;
  • ҳайдовчилар сонига қараб чекланган ва чекланмаган полисларни расмийлаштириш механизми белгиланди. Бунда айбдор деб топилган суғурта қилдирувчининг суғурталовчиси томонидан суғурта даъволари ва бошқа низоларни кўриб чиқиш тартиби аниқлаштирилди;
  • Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасига транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ҳамда ЙТҲ тўғрисидаги хабарнома билан боғлиқ аджастерлик хизматини кўрсатиш функцияси қўшилди;
  • мажбурий суғурталаш мажбуриятининг бажарилишини назорат қилиш учун масъул органлар ва Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини юритиш тартиби аниқлаштирилди;
  • манфаатдор давлат органлари билан мажбурий суғурта бўйича электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилиши белгиланди;
  • 2026 йил 1 апрелдан Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилади. Бу полисларни расмийлаштиришда суғурта мукофотлари тушумларининг марказлаштирилган ҳисобини юритилишини таъминлайди;
  • фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилмаган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.