Бу жараёнда келгуси беш йилда саноатда қўшилган қийматни ҳозирги 36,5 миллиард доллардан камида 60 миллиард долларга етказиш, юқори ва ўртадан юқори технологияли тармоқлардаги маҳсулотлар ҳажмини 2,5 баробар ошириш марра сифатида белгиланади.
Бунга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.
Масалан, Навоийдаги олтин конларида маъдан қазиб олиш бўйича 320 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиб, қўшимча 2 миллион тонна маъдан қайта ишланади. Шунингдек, «Мурунтов» конини ўзлаштиришнинг навбатдаги босқичи ҳамда кумуш конлари бўйича 2 миллиард 300 миллион долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Натижада йилига 18 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қуввати барпо этилиб, 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилади.
Яна бир йирик лойиҳа – Олмалиқ комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш бошланади.
«Самарқанд кимё» заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Қашқадарёда 200 миллион долларлик кимё заводининг қурилиши бошланади. Бу маиший кимё, полимер, синтетик ёқилғи учун йилига 50 минг тонна алкилбензол маҳсулоти олиш имконини беради.
Умуман, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 миллиард долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 миллиард доллардан, электротехникада 2 миллиард долларлик, фармацевтикада 800 миллион долларлик янги лойиҳалар бошланади.
Шу тариқа 2026 йилда жами экспорт 40 миллиард долларга етказилиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулот улуши 55 фоиздан оширилади.