Долзарб мавзуга бағишланган мазкур китоб Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси мудири Миродил Ҳайдаров ҳамда кафедра доценти, юридик фанлари доктори Нигора Юсупова томонидан яратилган.

Ўқув қўлланманинг тақдимот маросими академияда бўлиб ўтди. БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тайёрланган қўлланмада республикада исломда гендер тенглик моҳияти, аёл ҳуқуқлари ва эркинликларига доир ислом концепцияси, ислом ҳуқуқида аёлнинг ҳуқуқий мақомини тадқиқ этишга бағишланган мақолалар ўрин олган. Мазкур китоб бу соҳадаги илк тадқиқот ҳисобланади.

Тақдимотда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича проректори Баҳромжон Мамадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю, UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Гендер масалалари бўйича мутахассиси Дилора Ғаниева, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси мудири Миродил Ҳайдаров, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, қўлланмада аёллар масаласининг умумижтимоий жиҳатлари, ижтимоий­тарихий негизлари, унинг маданий­маънавий хусусиятларини ҳамда ислом таълимотида аёллар масаласини ҳал этишнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маърифий­ташкилий жиҳатдан ўзига хослигини ҳуқуқий нуқтаи назардан тадқиқ этилган. Шу билан бирга ҳуқуқий ҳамда диний нормаларни ўз ичига олган ислом ҳуқуқининг тузилишини инобатга олиб, тадқиқотда исломда аёл ҳуқуқларини ислом ҳуқуқининг асл манбалари Қуръони карим ва ҳадислар асосида очиб беришга ҳаракат қилинган.

Шунингдек, китобда ислом ҳуқуқида аёл масаласини фуқаролик ҳуқуқи, оила ҳуқуқи, сиёсий ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳал этишнинг ижтимоий­иқтисодий, маънавий­ахлоқий асослари кенг тадқиқ этилиб, ислом ҳуқуқи нормаларида оилавий муносабатларга киришишдаги аёлларнинг ҳуқуқлари, маҳрга оид ҳуқуқлар, нафақа, мерос тақсимотидаги улушлари ҳамда сиёсий ҳуқуқлари ислом ҳуқуқининг асосий манбалари орқали ёритиб берилган.

“Исломда гендер тенгликнинг ўзига хос тамойиллари” китоби ҳақида тақдимот давомида юридик фанлари доктори Нигора Юсупова томонидан тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан сўнгги йилларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш борасида қабул қилинган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида сўз юритилди. Китоб тақдимоти бўйича йиғилганлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Тақдимот якунида муаллифлар томонидан мазкур ўқув қўлланмадан Академия талаба-магистрантлари, Малака ошириш маркази тингловчилари турли ўқув курсларида фойдаланиши тавсия этилди.

Муножат Мўминова