Маълумки, луғатчилик ишлари жуда қадимги даврларда бошланган бўлиб, дастлаб универсал характерга эга бўлган луғатлар яратилиб, улар кейинчалик тарихий тараққиёт давомида тармоқланиб, бугунги кунда бир неча ўн турга бўлинади. Ҳозирги даврда кенг тарқалган лингвистик луғат турларидан бири – бир тилга мансуб луғавий бирликларни бошқа тилларга ўгириб, изоҳлаб берувчи таржима луғатлари – ўзбек лексикографиясида кенг тарқалган, қадимдан маълум луғат тури.

Агар машҳур “Девону луғотит турк” (XI аср), “Муқаддиматул адаб” (XII аср), “Ат-туҳфатуз-закияти фил-луғатит-туркия” (XIII аср) луғатлари дастлабки туркийча-арабча ва арабча-туркийча луғатлар бўлса, XVI–XIX асрларда яратилган “Бадоеъ ул-луғат”, “Абушқа”, “Келурнома”, “Мунтахаб ул-луғот”, “Санглох”, “Луғати чиғатоий ва турки усмоний” каби луғатлар форс, турк ва “чиғатой” (ўзбек) тиллари иштирокида тузилган луғатлардир.

Демак, ўзбек лексикографиясида XX аср бошларигача яратилган икки тилли луғатлар асосан туркий тил(лар), араб ва форс тиллари луғавий бирликларига асосланиб (қўлёзма ҳолида) тузилган. Ҳақиқатан ҳам мазкур тиллар ўзбек тили шаклланиши ва ривожланишининг асосий манбалари ҳисобланади. Бу ҳолатни атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўзининг “Сўз латофати” китобида гўзал тарзда шундай ифодалаган: “Ўзбек тили уч дарёдан сув ичган: диний, илмий, ижтимоий атамаларимиз асосан араб тилидан; кўплаб иш қуроллари номлари, ҳунармандчиликка оид сўзларимиз, бадиий услубга хос сўзлар форс тилидан келган; кўплаб ҳарбий атамалар, барча феъллар туркий тилга мансуб... Ўзбек тилининг буюк денгизи ана шу уч буюк дарё – туркий, арабий ва форсийдан сув ичган...” Шоир ўзининг ушбу китобида арабий сўзларнинг ўзбек адабий тили ривожланиши ва бойишидаги улкан аҳамиятини қайта-қайта таъкидлайди.

XX аср бошларида ўзбек луғатчилигида араб ва форс тиллари билан боғлиқ катта ҳажмли луғатлар яратилмаган бўлса-да, бу соҳада бир қатор ишлар, изланишлар олиб борилган. Шу ўринда атоқли маърифатпарварлардан Исҳоқхон тўра қози бин Жунайдулла Тўрақўрғоний (Ибрат)нинг “Луғоти ситта алсина” (Олти тилли – арабча-форсча-туркча-ҳиндча-сартча(ўзбекча)-русча луғат) асарини (Тошкент, 1901) ҳамда Салоҳиддин Тошкандийнинг “Луғоти салос” (Уч тилли луғат) номли шеърий йўл билан (арузда) ёзилган арабча-форсча-туркийча луғатини (Тошкент, 1909) кўрсатиш мумкин. Ушбу кичик ҳажмли луғатлар ҳаваскор тил ўрганувчилар, мадрасаларнинг толиби илмлари учун мўлжалланган бўлиб, ўз даврида улкан маданий-маърифий аҳамиятга эга бўлган.

Афсуски, юқорида кўрсатиб ўтилган, араб тили иштирокида тузилган луғатлар қўлёзма ёки тошбосма (литографик) усулда тарқалганлиги, нусхаларининг ниҳоятда камлиги сабабли улардан оммавий фойдаланишнинг деярли имкони йўқ эди. Шунинг учун ҳам араб тилини ўрганувчи ўзбек талабалари, ўқитувчилар, таржимонлар, мустақил ўрганувчилар, ҳатто диний мактабларнинг ўқувчи-ўқитувчилари, дин арбоблари узоқ йиллар давомида – ўтган асрнинг 60-йилларидан яқин йилларгача рус шарқшуноси Х.К.Барановнинг арабча-русча луғатидан асосий лексикографик манба сифатида фойдаланиб келганлар.

Х.Баранов луғатидан фойдаланишда ўзига хос қийинчиликлар ҳам кузатилади. Масалан, араб тилидаги матнни аввал рус тилига, сўнг рус тилидан ўзбек тилига ўгириш, аввало, икки ҳисса меҳнат ва вақтни тақозо этар, қолаверса, таржиманинг тўлақонли, сифатли чиқишини кафолатлай олмас эди. Мазкур луғат шўролар даврида яратилган ва бир неча марта нашр этилган, шу сабабли бўлса керак унда араб тилининг айрим хусусиятлари, хусусан, араб тилининг асосини ташкил қилган мусулмон манбалари сўз бойлиги, диний адабиёт атамалари, энг қадимги, жоҳилият даврига оид сўзлар, тушунчалар ва бошқалар эътибордан четда қолган эди.

Шу билан бирга, у нашр этилган вақтдан ҳозиргача бўлган давр мобайнида илм-фан, ижтимоий-сиёсий ҳаёт ўзгариб, ҳозирги араб адабий тилида янги воқеа-ҳодисалар, предметлар, тушунчаларни атовчи минглаб сўз ва иборалар муомалага кириб, кўпдан-кўп сўз ва иборалар эскириб истеъмолдан чиқди. Шунинг учун энди асл араб манбаларидан ҳамда жаҳон лексикографияси тажрибасидан фойдаланган ҳолда, янги, оригинал, мукаммал луғат тузиш эҳтиёжи пайдо бўлган эди.

Ушбу эҳтиёжни чуқур англаган ҳолда таниқли шарқшунос, ЎзР ФА академиги, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Қоҳира Араб тили академияси аъзоси, филология фанлари доктори, профессор Неъматуллоҳ Иброҳимов ва унинг шогирдлари – Абдулҳаким Орипов, Акмалжон Икромжонов ва Абдулҳамид Зайриевлар 2012 йилдан ана шу бениҳоя катта ва ўта масъулиятли, машаққатли ишга бел боғлаб, ҳозирги талабларга тўла жавоб бера оладиган ҳамда мумтоз матнларни ўқишда бошқа луғатларга эҳтиёж қолдирмайдиган мукаммал луғат яратишга киришдилар ва, ниҳоят, уни 2022 йилда шараф билан якунладилар: 100000 сўз ва сўз бирикмаларидан ҳамда 3456 саҳифадан иборат тўрт жилдли “Ал-Қомус. Арабча-ўзбекча қомусий луғат” Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилиб, тўлиғича ўз ўқувчилари қўлига етиб борди.

Луғатнинг 1-жилдидаги “Муқаддима”да унинг тузилиши, манбалари ва луғавий таркиби ҳақида шундай ёзилган: “Ушбу луғатни тузишда муқаддимада номлари зикр этилган барча мўътабар манбалар, араб ҳамда ғарб ва шарқ тилларидаги таржима луғатларидан фойдаланилди. Шунингдек, луғатга мумтоз ва замонавий араб адабиётининг дурдона асарлари, араб матбуоти, турли соҳаларга бағишланган энциклопедиялар, илмий тадқиқотлар жалб қилинди... Унга (ﻣﻌﺟﻢ ﻋﺭﺒﯽ- ﺁﯠﺯﺒﮑﯽ) ﺍﻠﻗﺎﻤﻭﺱ “Ал-Қомус. Арабча-ўзбекча қомусий луғат” деб ном берилди. Луғатда қадимги давр лексикасидан тортиб энг янги даврда истеъмолга кирган сўз ва иборалар, атама ва тушунчалар мужассам этилди”.

Айтиш керакки, луғат тузиш, луғатчилик сўзларни шунчаки алифбо тартибига солиб, наридан-бери изоҳлаб ёки бирон тилга таржима қилиб қўйишдан иборат осон иш эмас. Аксинча, у қийин ва сермеҳнат жараёндир. Бунда муайян тилни (бу ўринда араб тилини) мукаммал билишдан ташқари луғатчиликка меҳр, зеҳн, қунт ва меҳнат, меҳнат, яна меҳнат керак.

Ҳақиқатан ҳам қийин ва мураккаб жараёнларнинг маҳсули бўлмиш “Ал-Қомус” луғати ўзининг тузилиши, ҳажми, сўзлар маъноси (маънолари)нинг, феъллар бобларининг берилиши, далилий (иллюстратив) мисоллари ва бошқа жиҳатлари билан ўзидан олдинги арабча-русча (Х.Баранов), арабча-ўзбекча (“Ан-На’им”) луғатлардан кескин ажралиб туради.

Луғат тузувчилар луғат тузиш жараёнида араб тили сўз бойлигини, ундаги ниҳоятда кўп синонимик қаторларни, сўзларнинг кўпмаънолилигини тўлиқ кўрсатишга ҳаракат қилганлар ва бунга тўлиқ муваффақ бўлганлар. Шунингдек, улар арабча сўз ва терминларни ўзбек тилига таржима қилишда мумкин қадар уларнинг ўзбекча муқобилларини топишга ҳаракат қилганлар, зарур ҳолларда янги ўзбекча муқобилларни янгидан ясаганлар. Луғатни варақлаган ўқувчилар бундай янгиликларга ўзлари гувоҳ бўладилар.

Ўтмиш даврларда тузилган, ҳозирда яратилаётган, яратилажак мукаммал арабча-ўзбекча, форсча-ўзбекча луғатларнинг ҳамда Навоий ва бошқа мумтоз шоиру адибларимиз ижодини ўрганиш бўйича мукаммал луғатларнинг ўзбек адабиёти намуналарини, хусусан, Алишер Навоий ижодиётини ўрганиш, моҳиятини англаш, улардан муайян сўзларнинг маъноларини, маъно қирраларини белгилаш, аниқлашда улкан аҳамиятга эгалиги кўпчиликка, айниқса, мутахассисларга яхши маълум. Бунга атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов катта эътибор қаратган ва “Сўз латофати” китобида бундай луғатларнинг аҳамияти ҳақида талай маълумотлар берган. У ўзининг мумтоз адабиётимиз бўйича изланишларида мурожаат қилган ва Шарқ қўлёзмалари хазинасида сақланаётган “Мунтахаб ул-луғот”, “Баҳр ул-жавоҳир”, “Бурҳони қотеъ”, “Чароғи ҳидоят”, “Ғиёс ул-луғот”, “Абушқа” сингари 29 та луғатни санаб ўтади. Шоир, шунингдек, Навоий ижодини ўрганишда луғатларнинг аҳамияти ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Ҳар бир саводли инсон яхши тушунадики, луғат кўрмай тарихимизни, кўп асрлик адабиётимизни ўрганиб ҳам, ўргатиб ҳам бўлмайди. Навоий сўзлари луғати бор-ку, дерсиз... Бу луғатларда Навоий сўз хазинаси тўлиқ акс этган эмас. Шу номукаммал манба ҳам кўп йиллардан бери қайта нашр этилмагани учун китоб дўконларидан топиш иложсиз”. Демак, Эркин Воҳидов Алишер Навоий ижодини ўрганиш, уни тушуниш учун мукаммал луғат зарурлигини алоҳида таъкидлайди.

Мана, атоқли шоиримиз орзу қилган мукаммал луғатлардан бири – “Ал-Қомус. Арабча-ўзбекча қомусий луғат” қўлимизда. Бу луғат нафақат Алишер Навоий ва бошқа мумтоз шоирларимиз асарларини, уларнинг тилини теран ўрганиш ва англашда, балки республикамизнинг турли илмий марказларида, шахсий жамғармаларда сақланаётган ва ўз тадқиқотчисини кутиб ётган 100 мингдан ортиқ қўлёзма ва тошбосма асарларни, умуман, 1200 йиллик ёзма ёдгорликларимизни ўрганишда ҳам улкан аҳамиятга эгадир.

“Ал-Қомус. Арабча-ўзбекча қомусий луғат” юқорида кўрсатиб ўтилган афзалликлари билан бирга нафақат араб тилини ўрганиш, ўқитиш-ўргатишда таълимий, балки маърифий, илмий, тарбиявий аҳамиятга ҳам эга; шунингдек, узоқ тарихий даврлардан бошлаб яратилган илмий-маданий меросимизни ўрганишга, диний билимларни оширишга, Ислом динининг асл моҳиятини тушунишга, бадиий, илмий ва диний адабиётни бевосита араб тилининг ўзидан таржима қилишга, ўзбек тилида турли тип (терминологик, изоҳли, икки ва кўп тилли ва б.) луғатлар ва энциклопедиялар яратишга, хусусан, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” янги нашрларида арабча сўзлардаги этимологик маълумотларни аниқлаштириш ва янгилашга катта ёрдам беради.

Луғатнинг тақдимот маросимларида, оммавий ахборот воситаларида “Ал-Қомус. Арабча-ўзбекча қомусий луғат” мутахассислар, дин арбоблари, кенг жамоатчилик томонидан илиқ, самимий кутиб олинди ва унинг ҳар томонлама аҳамияти тўлиқ эътироф этилди. Ўйлаймизки, луғат ва унинг муаллифлари бундан-да зўр эътирофларга сазовор бўладилар.

Абдуваҳоб МАДВАЛИЕВ,

ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг бўлим мудири, филология фанлари номзоди, доцент