Иштван Монок Венгрия Фанлар академияси кутубхонаси 1825 йилда ташкил топганлигини, кутубхонада 10 мингдан зиёд тарихий қўлёзмалар сақланиши, улар орасида Шарқ қўлёзмалари тўплами ўзининг ноёблиги билан ажралиб туришини маълум қилди.
Қайд этилганидек, 1951 йили венгриялик олим ва шарқшунос Лаёш Лигети томонидан асос солинган ушбу тўпламда Ўрта Осиё олимлари, шоир ва ёзувчиларига тегишли форс ва туркий-чиғатой (қадимий ўзбек) тилида ёзилган 80 га яқин қўлёзма сақланади.
Жумладан, учрашув чоғида Шарқ қўлёзмалари бўлимида сақланаётган Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари қўлёзмаси, Навоий асарларини ўрганишни осонлаштириш учун тайёрланган XVI асрга оид «Чиғатой усмонли луғати», венгриялик машҳур шоир Арани Янош қаламига мансуб «Ажойиб буғунинг ҳикояти» асарининг ўзбек олими Мулла Исҳоқ Иброҳим томонидан XIX асрдаги таржимасининг асл нусхаси билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.
Маълум бўлишича, Ўрта Осиё олимлари қаламига мансуб кўплаб асарлар Усмонли турклар империяси даврида венгриялик машҳур туркийшунос олим ва саёҳатчи Армин Вамбери томонидан Истанбул орқали Будапештга олиб келинган.
«Армин Вамберининг энг яхши кўрган асарларидан бири бу Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” (Икки тил муҳокамаси) асаридир. Бу муҳим қўлёзманинг дунёда фақат тўртта асл нусхаси мавжуд. Ушбу асарда эски ўзбек ва форс тилларининг шеърий қудрати ўзаро қиёсланади. Навоий бу асарида ўзбек тилининг афзалликларини кўрсатиб беради ва ўз замондошларини форс тилида шеър ёзмасликка, балки она тилида - эски ўзбек тилида ижод қилишга даъват этади», дея таъкидлади Иштван Монок.
И.Монок ушбу асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш ниятида бўлган барча ўзбек мутахассисларига Академия кутубхонаси доимо очиқ эканлигини алоҳида қайд этди.
Бенедек Пери ўз фаолияти давомида туркий адабиётни тадқиқ этиб келаётганлигини айтди. Сўнгги йилларда у Алишер Навоий ижодини ўрганиш билан машғул бўлиб, бу йўналишдаги мақолаларини инглиз тилида нашр этмоқда. Шунингдек, у ҳозирги пайтда Бобурнинг “Бобурнома”асарини венгер тилига, Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини эса инглиз тилига ўгириш устида ишлаётганини маълум қилар экан, келгуси йилда ушбу таржималар бўйича дастлабки материаллар тайёр бўлишини айтди.
«Навоий асарини инглиз тилига таржима қилишимнинг асосий сабаби буюк алломанинг ижод маҳсулини нафақат Венгрия, балки бутун Европа бўйлаб тарғиб қилишдан иборат» -деди у.
Учрашувда шунингдек, Венгриянинг Этвош Лоранд университетида ўзбек тили ўқув курсларини жорий этиш ва Ўзбекистондан тегишли мутахассисларни жалб қилиш имкониятлари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.