Буюк тарихий шахслар ҳақида ёки уларнинг номи билан боғлиқ ҳолда турли хил асоссиз афсоналар, миш мишлар тарқалиши, маълум бир мақсадлар йўлида тарқатилиши инсоният тарихида кўп учрайдиган ҳолатлардан биридир. Амир Темур фаолияти ва шахсияти билан боғлиқ бўлган маълумотлар ҳам бундан мустасно эмас. Бундай афсоналар, ақл ишонмайдиган ривоятларнинг илм-фан тараққий этган замонавий дунёда ҳам тарқатилаётганлиги ачинарли ҳолат, аслида.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Индиана Жонс Ўзбекистонда» номли видеороликда Амир Темурнинг «ўлим отаси» сифатида таърифлангани, унинг юришлари оқибатида 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлганлиги, бу эса XIV асрда Ер юзида яшаган барча аҳолининг 5 фоизини ташкил этгани каби асоссиз маълумотлар берилган бўлиб, жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Амир Темур ҳақида турли тилларда минглаб тарихий асарлар, рисола ва мақолалар яратилган. Яъни, Амир Темур ҳақида сўз юритиларкан, ўқиб ўрганиш, турли маълумотларни таҳлил этиш ҳамда оммага етказиш учун кенг имконият мавжуд. Лекин у ҳақида ҳамон турли туҳматлар, ақлга сиғмас нотўғри маълумотларнинг тарғиб қилинаётганлиги ва унинг Амир Темур туғилган, ўз умрини, бутун ақл заковатини бағишлаган юртда амалга оширилаётганлиги афсусланарлидир.
Амир Темур урушлар даврида яшаган ўрта аср саркардаси, у ўз даври қонунлари доирасида фаолият олиб борган. Унинг давлатчилик фаолияти асосан икки босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқич 1360 – 1381 йилларни ўз ичига олган бўлиб, бу даврда Амир Темур марказлашган давлат тузиш, Мовароуннаҳрда мўғул босқинчиларидан мустақил давлат барпо этиш учун кураш олиб борди. 1381 – 1404 йилларда эса Соҳибқирон ўз давлати ҳудудларини кенгайтириш учун ҳарбий юришлар олиб борди.
Аввало, Амир Темур туғилган тарихий вазиятга эътибор қаратсак. Мамлакатнинг мўғул истилочилари зулми остида қолиб халқимиз энг буюк неъмат мустақилликдан маҳрум этилгани, ижтимоий- иқтисодий ҳаётда қашшоқлик, фан ва маданиятда тушкунлик ҳукм сураётганлиги шароитида Соҳибқироннинг болалиги, ёшлиги кечди. Мамлакат мустақиллигини, жамият ҳаётининг барча соҳаларида тараққиётни таъминлаш тарихий заруриятга айланди. Айнан шу тарихий зарурият талабларига жавоб бера оладиган хислатларга, салоҳиятга эга бўлган тарихий шахсга эҳтиёж туғилган бир шароитда Амир Темур тарих саҳнасига чиқди. Уни оиладаги тарбия, устозларининг ўгитлари, халқнинг дардини ва давр муаммоларини ҳис этиш ҳамда уни ечимлари бўйича изланиш қобилияти шундай шахс сифатида шакллантирди.
Шу ўринда уни буюк фотиҳларининг энг машҳурлари Александр Македонский ҳамда Чингизхондан фарқли равишда оддий оилада туғилиб, тарбия кўрганлиги эслаб ўтиш лозим. Александр Македонский подшоҳнинг ўғли ва валиаҳди, Чингизхон эса қабила сардорининг фарзанди бўлгани ҳолда фотиҳликда улардан кам бўлмаган Амир Темур барлос қабиласи бекларидан бири Тарағайбекнинг ўғли эди, холос. Ўз халқининг куч-қудрати ва салоҳиятига бўлган улкан ишонч, уларни буюк бунёдкорлик ишлари йўлида бирлаштира олиш салоҳияти Амир Темурни ушбу буюклик чўққисига олиб чиқди.
1360 йили Мўғулистон хони Тўғлиқ Темурхон Мовароуннаҳрга бостириб кирган вақтда ўз сиёсий ва ҳарбий фаолиятини бошлаган Соҳибқирон 1370 йилга келиб, нафақат мамлакатдан босқинчиларни қувиб чиқарди, балки уни ягона давлат сифатида бирлаштира олди ҳам. Бу билан энг муҳим тарихий вазифа бажарилган эди.
Лекин бу буюк ишларнинг бошланиши бўлди. Мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, уни хавфсизлигини таъминлаш қисқа қилиб айтганда «тенглар ичра тенг яшаш» зарур эди. Олтин Ўрда ва Мўғулистон каби йирик кўчманчи давлатларнинг Мовароуннаҳр бўлган даъволарига, ўтроқ ҳудудларни тинимсиз талон-тарож қилинишига чек қўйиш, халқнинг тинч бунёдкорлик фаолияти билан шуғулланишига шароит яратиб бериш навбатдаги муҳим вазифага айланди. Соҳибқироннинг 1371-1390 йиллар давомида Мўғулистонга 7 марта, Олтин Ўрдага эса 1391 ва 1395 йилларда 2 марта уюштирилган ҳарбий юришлари натижасида ушбу давлатларнинг ҳарбий қудрати синдирилди.
Амир Темур давлатчилик фаолиятининг иккинчи босқичида олиб борилган ҳарбий юришлари натижасида нафақат Мовароуннаҳрда, балки Хуросон, Эрон, Кобул, Озарбайжон, Ироқ каби ҳудудларда ҳам ўзаро урушларга барҳам берилди, иқтисодий ривожланиш учун шароит яратилди. тўлиқ хавфсизлиги таъминланди. Яъни Соҳибқирон шарқу ғарбни қайта боғлади.
Юқорида айтганимиздек, Амир Темур ўрта аср шароитида яшади ва ўша давр урф-одатлари, қонунлари доирасида фаолият олиб борган. Унинг олиб борган урушлар видеоролик муаллифлар таъкидлаганидек, катта қурбонлар ва вайронагарчиликлар олиб келмаган. Аксинча, у нафақат ўз ватанини, балки забт этган ҳудудларни ҳам ободонлаштиришга, у ерларда ҳам бунёдкорлик ишларини олиб боришга ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам Шарофуддин Али Яздий у ҳақида «Ҳазрат Соҳибқироннинг олийҳимматида ул эрдиким, ҳар сафари асносида борғон ва бирор муддат иқомат бўлғон ерида мамоликка оройиш бермак ва хайрият пойдеворининг рўзғори била машғул бўлур эди», - деб бежиз таъкидламаган эди. Айнан унинг фармони билан Боғдод шаҳридаги вайронагарчиликлар Мирзо Абубакр ва мирзо Рустамлар бошчилигида қайта тикланган. Амир Темур Озарбайжонда Байлоқон шаҳрини ва «Наҳри Барлос» каналини бунёд эттирган эди. Соҳибқирон ўзи забт этган ҳудудларни обод қилиш билан биргаликда у ерда адолат ҳам ўрнатган. Тарихий манбаларда 1403 йили Шероз вилоятида солиқ йиғиш учун масъул бўлган Мавлоно Қутбиддин Қуммий халқдан 300 минг олтин танга миқдорида ошиқча маблағ йиғиб хазинага топширганида, унинг оёғига кунда солингани, халққа зулм қилинган солиқчилар дорга осилгани, барча ошиқча йиғилган маблағ эгаларига 1403 йил 23 ноябрь жума куни тўлиқ қайтариб берилгани, Эрон халқи Соҳибқиронни йиғлаб дуо қилганлиги таъкидланади.
Соҳибқирон забт этилган ҳудудларни вайрон қилиш ва аҳолисини қиришдан манфаатдор бўлмаган. Иқтисодиётни яхши тушунган ҳукмдор сифатида у ерларнинг обод бўлиши, аҳолисининг кўпайиши мамлакат хазинаси ва қудрати учун нақадар зарурлигини чуқур англаган. У фақатгина ҳарбий амалиётлар вақтида зарар етказиши мумкин бўлган баъзи мудофаа истеҳкомларини буздирган.
Амир Темур томонидан забт этилган ҳудудлардан ўтиб Самарқандга келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг кундаликларида ҳам унинг Озарбайжон, Эрон ҳудудларидаги ободончилик ва фаровонликдан ҳайратга тушганлиги қайд этилган. Унинг ёзишича, биргина Табриз шаҳрида 1404 йили 200 000 аҳоли яшаган. Табриз, Султония шаҳарларига бутун дунёдан савдогарлар ташриф буюриб, бозорлар маҳсулотларга тўла бўлган. Клавихо таъриф этган Табриз, Султония, Теҳрон(Рай), Нишопур шаҳарларининг урушлар давомида бир неча бор қўлдан қўлга ўтганлигини инобатга олсак, қирғин ва вайронагарчиликлар кўлами ниҳоятда бўрттирилганлиги, муболағалардан иборат эканлиги ойдинлашади. Айнан шундай ҳолатни Шероз ва Исфаҳон шаҳарлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Амир Темурнинг уч, беш ва етти йиллик асосий юришлари билан боғлиқ бўлган бу ҳудудлардаги ободончилик, маъмурчилик, тўкинчиликни яна нима билан изоҳлаш мумкин? Агарда видеоролик муаллифлари қайд этган қирғинлар юз берганида мазкур ҳудудлар шунчалик ободончиликка, маъмурчиликка, қолаверса аҳолининг бу нуфузига эришиши мумкин бўлмасди. Ҳатто Амир Темурнинг энг ашаддий қораловчиси бўлмиш Ибн Арабшоҳ ҳам ўз асарида Бағдод аҳолиси ўз ҳукмдорлари Султон Аҳмад Жалойирнинг зулмидан безиб, Амир Темур адолатини истаганликларини ёзиб қолдирганлиги бежиз эмас. Рус олими А.Ю.Якубовский айни шу ҳолат Табриз аҳолиси билан ҳам юз берганини қайд этган. Демак, хулоса шуки, Амир Темур адолатпарвар ва бунёдкор шахс бўлганлиги тарихнинг ойдин ҳақиқатидир.
Баҳриддин УСМОНОВ,
Фарғона давлат университети доценти,
Тарих фанлари доктори