Темурийлар даври мероси, “Темур тузуклари”даги ғоялар, архивларда сақланаётган ноёб қўлёзмалар ва турли манбалар бугун ҳам илмий изланишлар марказида турибди.
Айниқса,
бугунги мураккаб ва зиддиятли дунёда адолатли давлатчилик, қонун устуворлиги,
куч ва ақл уйғунлиги, миллий қадриятларга таянган тараққиёт каби масалалар
янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу маънода Амир Темур мероси нафақат ўтмиш
ҳақидаги ёдгорлик, балки бугунги кун учун ҳам муҳим сабоқ манбаи сифатида
намоён бўлмоқда.
Биз
темуршунослик соҳасида фаолият юритаётган олим, сиёсий фанлар доктори,
профессор Тўлқин Алимардонов билан суҳбатда айнан шу масалалар хусусида фикр
юритдик.
Амир Темур
шахсига қизиқиш нега ортмоқда?
Мутахассиснинг
таъкидлашича, Амир Темур шахсига бўлган қизиқишнинг ортиши тасодифий эмас. Бу
бир томондан тарихий меросга қайтиш бўлса, иккинчи томондан янги илмий
ёндашувлар, янги манбалар ва давлатчиликка доир қарашларнинг чуқурлашуви билан
боғлиқ.
Профессор
Тўлқин Алимардонов бу ҳақда шундай дейди:
“Салкам етти
аср ўтган бўлса-да, Амир Темур қолдирган улуғ меросга бўлган эҳтиёж камайгани
йўқ. Аксинча, бугунги нотинч дунёда адолатли давлатчилик, барқарорлик,
тараққиёт ва умуминсоний қадриятларга таянган бошқарув тамойилларига эҳтиёж
ортгани сайин, Амир Темур меросига мурожаат қилиш ҳам кучайиб бормоқда”.
Унинг
фикрича, бугун Америка, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Россия каби
давлатларда ҳам Амир Темурнинг давлатчилик таълимоти, сиёсий қарашлари ва
тарихий фаолиятини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Бу эса унинг мероси фақат
бир миллат ёки бир ҳудуд доирасида эмас, балки кенг цивилизацион аҳамиятга эга
эканини кўрсатади.
Мутахассис
айниқса бир жиҳатга урғу беради: инсон қадри, адолат ва давлат масъулияти каби
тушунчалар бугунги кунда яна марказга чиқмоқда. Шу маънода Амир Темур мероси
замонавий давлатчилик муҳокамаларида ҳам аҳамиятли манбага айланмоқда.
Давлатчилик
таълимоти ва “Темур тузуклари”нинг аҳамияти
Амир Темур
меросининг энг муҳим жиҳатларидан бири — унинг давлатчилик ҳақидаги қарашларидир.
Мутахассис фикрича, “Темур тузуклари”ни оддий тарихий ёднома сифатида эмас,
балки ўз даврининг давлат бошқарув дастури, давлатчилик концепцияси сифатида
баҳолаш керак.
Профессор бу
ҳақда шундай дейди:
“Амир Темур
давлатни адолат билан бошқаришга жазм этганини таъкидлайди. Бу жумла оддий шиор
эмас, балки бутун давлатчилик фалсафасининг моҳиятидир. Адолат — давлат
қудратининг асоси, деган қараш у кишининг сиёсий тафаккурида марказий ўрин
тутади”.
Унинг
таъкидлашича, Амир Темур давлатни куч билан эмас, ақл билан бошқариш ғоясига
катта аҳамият берган. Куч ақлга хизмат қилиши керак, деган тамойил эса бугунги
ҳуқуқий давлат ва самарали бошқарув тушунчалари билан ҳамоҳангдир.
Яна бир
муҳим жиҳат — муносиб кадрларни танлаш масаласи. Амир Темур ақли, шижоати ва
салоҳияти билан ажралиб турган шахсларни давлат хизматига жалб этган. Бу борада
мутахассис қуйидаги фикрни билдирди:
“Темур
тузукларида қайси инсоннинг ақли ва шижоати синов тарозисида тортилиб,
бошқалардан афзал экани аниқланса, уни юқори лавозимга тайинлаш лозимлиги
айтилган. Бугунги тил билан айтганда, бу кадрлар сиёсати, салоҳиятни баҳолаш ва
натижадорликка таяниш тамойилидир”.
Амир Темур
сиёсати ва бугунги давлатчилик ўртасидаги уйғунлик
Суҳбат
давомида Амир Темур давлатчилик анъаналари билан бугунги Ўзбекистонда амалга
оширилаётган ислоҳотлар ўртасидаги маънавий ва концептуал уйғунликка ҳам
алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассис
фикрича, бугун мамлакатда инсон қадрини юксалтириш, қонун устуворлигини
таъминлаш, маҳалла тизимини кучайтириш, тадбиркорликка, ёшларга, илм-фан ва
инновацияга кенг йўл очиш каби жараёнлар тарихий давлатчилик анъаналаримиз
билан маълум маънода уйғунлашиб бормоқда.
Профессор
Тўлқин Алимардонов бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлади:
“Бизга фақат рақобат ва фойда ортидан қувишга
асосланган модел эмас, инсонпарвар адолат керак. Шарқ тафаккурида инсон қадри
ҳар нарсадан устун турган. Амир Темур давлатчилигида ҳам шу руҳ мавжуд бўлган.
Шу боис бу меросни фақат тарих сифатида эмас, маънавий ва сиёсий сабоқ сифатида
ҳам англашимиз зарур”.
Солиқ,
иқтисод ва ижтимоий адолат ҳақидаги қарашлар
Амир Темур
давлат бошқарувида фақат ҳарбий ёки сиёсий масалаларга эмас, иқтисодий рағбат,
солиқ сиёсати ва ижтимоий мувозанатга ҳам катта аҳамият берган. Мутахассиснинг
таъкидлашича, “Темур тузуклари”да деҳқончилик, ерни обод қилиш, меҳнатни
рағбатлантириш ва солиқ юкини босқичма-босқич белгилаш каби ғоялар аниқ
кўринган.
Унинг
фикрича, сув чиқмайдиган, ташландиқ ёки тошлоқ ерларни ўзлаштирган деҳқонларни
солиқдан маълум муддатга озод қилиш ҳақидаги ғоялар бугунги иқтисодий имтиёз ва
рағбатлантириш сиёсатининг тарихий илдизларидан далолат беради.
Мутахассис
бу ҳақда шундай дейди:
“Бу
қарашларда инсон меҳнатини қадрлаш, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва
давлат ривожи билан шахс манфаатини уйғунлаштириш ғояси ётади. Бу эса ҳар
қандай замонавий давлат учун ҳам долзарб тамойилдир”.
Ҳарбий
стратегия ва тактиканинг ҳал қилувчи ўрни
Амир
Темурнинг муваффақиятида унинг ҳарбий стратегияси ва тактикаси алоҳида ўрин
тутгани шубҳасиз. Бироқ бу фақат жанг майдонидаги жасорат билан эмас, балки
чуқур стратегик тафаккур, табиатни англаш, геосиёсий ҳолатни ҳисобга олиш ва
аниқ режалаштириш билан ҳам боғлиқ бўлган.
Профессор
Тўлқин Алимардоновнинг таъкидлашича, Амир Темур ҳарбий юришларда қуёш, шамол,
сув, тоғ, чўл, ўрмон каби табиий омиллардан моҳирона фойдаланган. У табиат
билан уйғун ҳаракат қилиш, ғанимнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш,
мафкуравий босим ўтказиш ва сипоҳларни руҳан тайёрлаш каби омилларни муҳим деб
билган.
Суҳбатдошга
кўра, Амир Темур учун ҳарбий ғалаба фақат куч билан эмас, стратегик фикрлаш
билан таъминланган. У киши амалсиз кўп сонли қўшиндан кўра, тадбиркор ва пухта ўйланган
ҳаракатни устун қўйган. Шу жиҳат унинг саркардалик маҳоратини белгилайди.
Сипоҳларнинг
унга бўлган ишончи ҳам унинг муваффақиятида катта роль ўйнаган. Манбаларда Амир
Темурнинг шахсий намунаси, қийин шароитларда ҳам иродасини намоён этиши қўшинни
руҳлантиргани қайд этилади.
Темуршуносликдаги
илмий ютуқлар ва долзарб вазифалар
Суҳбатда
темуршунослик соҳасида сўнгги йилларда эришилган илмий ютуқлар ҳақида ҳам фикр
юритилди. Мутахассиснинг таъкидлашича, мустақиллик йилларида Амир Темур
меросини холис ва миллий нуқтаи назардан қайта ўрганиш жараёни фаоллашган.
Бадиий, тарихий, сиёсий, фалсафий асарлар сони кўпайган, янги тадқиқотлар юзага
келган.
Шу билан
бирга, бу соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам кўп. Айниқса, турли
тилларда сақланаётган манбаларни таржима қилиш, илмий изоҳлар билан нашр этиш,
ёш манбашунос ва матншунос мутахассислар тайёрлаш долзарб вазифа бўлиб
қолмоқда.
Профессор бу
ҳақда қуйидагиларни таъкидлайди:
“Амир Темур
ҳақида ҳали таржима қилинмаган араб, форс, турк ва бошқа тиллардаги кўплаб
манбалар бор. Бу манбаларни ўрганмасдан туриб, Темур шахси ва унинг давлатчилик
меросини тўлиқ англаб бўлмайди”.
У,
шунингдек, манбаларни таржима қилишда нафақат тилни, балки ўша даврнинг
тафаккури, услуби ва тарихий муҳитини ҳис қила оладиган мутахассислар
зарурлигини алоҳида қайд этди.
“Сирли”
манбалар ва ҳали ўрганилмаган қирралар
Суҳбатнинг
энг қизиқ нуқталаридан бири Амир Темурга оид ҳали кенг жамоатчиликка маълум
бўлмаган ёки етарлича ўрганилмаган манбалар ҳақида бўлди.
Мутахассиснинг
айтишича, Амир Темур ҳақидаги тасаввурларимизни бойитадиган жуда кўп манбалар
ҳали илмий муомалага киритилмаган. Хусусан, араб муаррихлари, Миср ва Сурия
олимлари, турк тадқиқотчилари ва Европа манбаларида сақланаётган маълумотлар
ҳали ҳам тўлиқ тадқиқ этилмаган.
Профессор
Тўлқин Алимардонов шундай дейди:
“Биз Амир
Темур ҳақида ҳамма нарсани билиб бўлдик, деб айта олмаймиз. Аксинча, ҳали
ўрганилиши керак бўлган қўлёзмалар, тарихий ёдномалар ва тадқиқотлар жуда кўп.
Уларни илмий жиҳатдан ўрганиш орқали Амир Темур шахсининг янги қирралари
очилиши мумкин”.
Унинг
таъкидлашича, тарихий манбаларни холис ўрганиш Амир Темур ҳақида узоқ йиллар
давомида шаклланган бирёқлама ва ноҳолис тасаввурларни ҳам қайта кўриб чиқиш
имконини беради.
Баҳсли
масалалар ва тўлиқ ўрганилмаган жиҳатлар
Темуршуносликда
ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва айрим ҳолларда баҳсли бўлиб қолаётган масалалар ҳам
талайгина. Мутахассис фикрича, булар қаторига манбаларни қиёсий таҳлил қилиш,
ғарб ва шарқ тарихчилари талқинини солиштириш, айрим юришлар ва сиёсий
қарорларнинг тарихий моҳиятига холис баҳо бериш каби масалалар киради.
Шунингдек,
Амир Темур давлатчилиги фалсафасини бугунги сиёсий назариялар, давлат бошқаруви
ва геосиёсий ёндашувлар билан қиёсий ўрганиш ҳам ҳали кенг кўламда амалга оширилмаган.
Сиёсий
фанлар доктори бу борада қуйидаги фикрни билдирди:
“Бугунги
кунда бизга Амир Темурни фақат тарихий шахс сифатида эмас, давлатчилик
тафаккури муаллифи сифатида ҳам ўрганиш керак. У кишининг фалсафасини ёшларга
сингдириш, унинг меросини замонавий илм ва давлатчилик нуқтаи назаридан таҳлил
қилиш муҳим”.
Ёшлар Амир
Темур меросидан қандай сабоқ олиши керак?
Суҳбатнинг
якунловчи қисмида бугунги ёш авлод учун Амир Темур меросининг аҳамияти ҳақида
тўхталинди. Мутахассиснинг фикрича, ёшлар бу меросдан, аввало, жасорат,
интизом, ватанпарварлик, стратегик фикрлаш ва масъулият сабоғини олиши керак.
Мутахассисни
таъкидлашича, Ёшлар Амир Темур меросидан шуни англаши керакки, буюклик
тасодифан келмайди. У интизом, билим, шижоат, мақсадга содиқлик ва ватанга
муҳаббат орқали келади. Тарихий меросдан фахрланишнинг ўзи етарли эмас, унинг
мазмунини англаб, ҳаётга татбиқ эта олиш муҳим.
Мутахассиснинг
таъкидлашича, янгиланаётган жамият ўз тарихий меросини қанчалик чуқур билса,
унинг истиқбол тараққиёти ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Шу боис Амир Темур
меросини ўрганиш — бу фақат тарихни эслаш эмас, балки келажакни англаш
демакдир.
Амир Темур
мероси — бу фақат ўтмишда қолган тарих эмас. У давлатчилик, тартиб, масъулият,
адолат ва стратегик фикрлаш ҳақидаги тирик тажрибадир. Бугунги кунда унинг
шахсига қизиқишнинг ортиши ҳам бежиз эмас. Зеро, дунё адолатли бошқарув,
барқарор тараққиёт ва инсон қадрини таъминлайдиган ғояларга эҳтиёж сезаётган
бир паллада, Амир Темур мероси янада долзарб тус олмоқда.
Унинг давлатчилик
фалсафаси, “Темур тузуклари”даги ғоялар, муносиб кадр танлаш, кучни ақлга
бўйсундириш, адолатни давлат сиёсатининг мезонига айлантириш каби тамойиллар
бугун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими,
бу мерос ёш авлод учун катта маънавий мактабдир. Чунки Амир Темур сиймосида биз
фақат саркардани эмас, балки миллат тақдири учун масъулиятни зиммасига олган,
ирода ва тафаккурни бирлаштира олган буюк давлат арбобини кўрамиз.
Шу маънода,
Амир Темур мероси — бу тарих эмас, сабоқ. Бу — кечаги шон-шараф эмас, балки
бугунги англаш ва эртанги тараққиёт учун мустаҳкам пойдевордир.
Зулхумор
Акбарова