Шунингдек, Ўрта ер денгизи соҳилида олиб борилган алоҳида қазишмалар чоғида яна 18 та қадимий қабр ва кўплаб ноёб артефактлар топилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Қазишмалар Янги Водий вилояти таркибига кирувчи Дахла воҳасида олиб борилди. Археологлар турар жой маҳаллалари, жамоат ҳудудлари ва диний иншоотларни ўрганишди. Улар орасида IV аср ўрталарида қурилган, шаҳарнинг асосий кўчаларига қаратиб тепалик устига барпо этилган базилика ҳам бор.

Миср Туризм ва қадимиятлар вазирлиги маълум қилишича, шаҳар режаси аниқ ва пухта тузилган. Асосий кўчалар бир-бирини тўғри бурчак остида кесиб ўтиб, майдонлар ва очиқ жамоат ҳудудларини шакллантирган.

Археологларнинг таъкидлашича, базилика яқинида икки қоровул минораси қолдиқлари ҳамда қалин мудофаа деворлари билан ўралган мустаҳкам иншоот сақланиб қолган. Шунингдек, қабул хоналари ва гумбазсимон томларга эга турар жойлар ҳам топилган.

Тадқиқотчилар эътиборини айниқса IV асрнинг иккинчи ярмига оид диакон Тисуснинг уйи тортди. Тахмин қилинишича, асосий базилика қурилишидан олдин бу уй хонадон черкови сифатида фойдаланилган бўлиши мумкин.

Қазишмалар давомида нон пишириш ўчоқлари, тош тегирмонлар, ошхона хоналари, шунингдек, Рим ва Византия империялари даврига мансуб бронза ва олтин тангалар ҳам топилди. Улар орасида император Констанций II (337–361 йиллар) ҳукмронлиги даврига тегишли тангалар ҳам мавжуд.

Яна бир муҳим топилма сифатида ёзувлар туширилган 200 га яқин остракон — керамика парчалари аниқланди. Уларда савдо-сотиқ, ёзишмалар ва шаҳар аҳолисининг кундалик ҳаётига оид маълумотлар қайд этилган, деб хабар берди korrespondent.net.

Алоҳида қазиш ишлари Александрия яқинидаги Марина-эль-Аламайн ёдгорлиги ҳудудида ҳам ўтказилди. Бу ерда археологлар яна 18 та қабр, сопол буюмлар, амфоралар, ёритгичлар ва ноёб артефактларни топишди. Улар орасида марҳумларнинг оғзига қўйилган олтин пластиналар ҳам бор бўлиб, бу қадимги “олтин тил” деб номланган дафн маросимига хос урф-одат ҳисобланади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, Марина-эль-Аламайн ҳудуди IV асргача равнақ топган ва Ўрта ер денгизидаги муҳим савдо марказларидан бири бўлган қадимги грек-рим порт шаҳри — Леукаспис қолдиқларидир.

Мутахассислар таъкидлашича, Дахла воҳасидаги ушбу кашфиёт мазкур ҳудудни UNECKOнинг Бутунжаҳон мероси асосий рўйхатига киритиш учун муҳим далиллардан бири бўлиши мумкин.