Асосий капиталга инвестициялар, бу — фойдани ошириш мақсадида асосий воситаларни сотиб олиш, модернизация ва реконструкция қилиш, қуриш ҳамда бошқа саъй-ҳаракатлар учун қўшимча харажатлар эвазига корхона активлари ва баланси қийматининг ошиши ҳисобланади. Ушбу  жараён корхоналарнинг қўшимча маблағларни инвестициялаши орқали ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ишлаб чиқаришни ошириш, ундан келадиган фойдани кўпайтиришга қаратилади. Анъанавий тамойилга кўра, асосий капиталга қўйилган инвестицияларнинг тез муддатда қайтишини кутмаслик керак, аммо улар узоқ вақт давомида барқарор фойда келишининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

2018–2022 йиллардаги маълумотларни таҳлил қилар эканмиз, асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортиб борганини кўришимиз мумкин. Агар 2018 йилда мазкур кўрсаткич 124 триллион 231,3 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, кейинги йиллар давомида унинг ўсиш ҳажми 145 триллион 626,2 миллиард сўмга ошган. Уларнинг минимал қиймати 2018 йилда кузатилган ва индикаторнинг максимал қиймати 2022 йилда 269 триллион 857,5 миллиард сўмга тенг бўлган. Бу инвестициялар фаоллигини тавсифлайди. Уларнинг ўртача қиймати 207 триллион 952,7 миллиард сўмни ташкил қилган.

(2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида асосий капиталга киритилган инвестициялар динамикаси, миллиард сўм)

2023 йилнинг январь–март ойларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун жами молиялаштириш манбалари ҳисобидан 56,6 триллион сўм ўзлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,1 фоизга ўсганини ифода этади.

Иқтисодиётни модернизация қилиш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва асосий фондларни яратиш, тармоқ ва соҳаларда амалдаги техника ва технологияларни янгилаш, уларни қўллаб-қувватлаш инвестицион жараёнларнинг тўғри ва самарали амалга оширилиши билан уйғунлашса, кўзланган мақсадга эришилади. Бу, ўз навбатида, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш билан ҳам узвий боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан қараганда, сармоялар ҳажми ўсишининг аксарият қисми 2021–2022 йилларда Инвестиция дастурига киритилган йирик лойиҳалар ҳисобига тўғри келаётгани кузатилади. Хусусан, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, умумий қуввати 900 мегаваттдан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ турбинасини қуриш билан Таллимаржон ИЭСни кенгайтириш, “Поп – Қўқон – Андижон” участкасини электрлаштирган ҳолда, Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини барпо этиш, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Талго-250” русумли йўловчи 2 та электр поезди ҳамда 4 та вагон харид қилиш, локомотив паркини янгилаш, “Боинг-787-8” самолётларини сотиб олиш ва ҳакозо.

Бир ҳудуд мисолида амалга оширилган лойиҳаларга эътибор қаратадиган бўлсак, Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали, Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Самарқанд туристик марказидаги меҳмонхоналар, халқаро конгресс хол, “Боқий шаҳар” мажмуаси турли халқаро анжуманлар ўтказиш, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилишда беқиёс ўрин тутаётганини кўриш мумкин.

2022 йилда мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш учун жами молиялаштириш манбалари ҳисобидан 269 триллион 857,5 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиб, бу аввалги йилга нисбатан 100,9 фоизни ташкил қилди.

(Молиялаштириш манбалари бўйича  2022 йилда ўзлаштирилган  асосий капиталга инвестициялар)

Бунда марказлашган манбалар ҳисобидан жами асосий капиталга киритилган инвестициялар улуши 15,4 фоизга ёки 41 триллион 784,3 миллиард сўмга тенг бўлса, унинг 84,6 фоизи марказлашмаган молиялаштириш манбалари ҳисобига тўғри келди. Бу 2021 йилга нисбатан 3,8 фоизга кўпайиши баробарида, жами киритилган сармояларнинг 40,9 фоизи корхона, ташкилот ва аҳолининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилгани билан эътиборга моликдир.

2023 йил январь–март ойларида жами инвестициялар ҳажмида марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштирилган асосий капиталга нисбатан инвестициялар улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,4 фоизни ёки 5,9 триллион сўмни ташкил этди. Марказлашмаган манбалар ҳисобидан 50,7 триллион сўм ёки жами инвестицияларнинг 99,2 фоизи ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоиз пунктга камайди.

2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобидан 15 триллион 0,37 миллиард сўм инвестиция ўзлаштирилиб, 2021 йилга нисбатан 74,9 фоизни ташкил этди. Уларнинг жами ҳажмидаги улуши эса, 5,6 фоиз даражасида қайд этилди ва йирик ҳажмдаги инвестицион лойиҳаларга йўлланди. А–380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобил йўлининг 964-1204 километр қисмини реконструкция қилиш, Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТС-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини таъмирлаш ва энергия самарадорлигини ошириш, электр энергетика тармоғи салоҳиятини ривожлантириш ана шундай лойиҳалар сирасига киради.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2 триллион 482,7 миллиард сўм ва жами инвестициялардаги улуши 0,9 фоизга тенг бўлди. Шунингдек, мазкур жамғарма ҳисобидан молиялаштирилган инвестициялар ҳажми 2021 йилга нисбатан 73,5 фоизни ташкил этди.

Давлат даражасида ҳам, алоҳида ҳудудлар миқёсида ҳам инвестицияларни бошқариш самарадорлигини ошириш мамлакатда, Ўзбекистондаги субъектлар, саноат корхоналари ва ташкилотларида иқтисодий жараёнларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш манбалари бўйича энг юқори кўрсаткич ва ўсиш суръатлари корхона ҳамда ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобига тўғри келиб, 2021 йилга нисбатан 110,6 фоизга ўсди. Энг юқори улуш Тошкент шаҳрида кузатилиб, бу ҳудудда ўзлаштирилган инвестицияларнинг 52,1 фоизига тўғри келди. Бу борада  Тошкент (39,3 фоиз) ва Навоий вилоятлари ( 30,7 фоиз) ҳиссаси ҳам юқори.

Кафолатланмаган ва бошқа хорижий инвестициялар, кредитлар ҳисобидан ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар кўлами ҳам ортиб боряпти. Уларнинг жами асосий капиталга инвестициялар ҳажмидаги улуши 2022 йилда 22,3 фоизни ташкил этгани бунинг амалий тасдиғидир. Аҳоли маблағлари ҳисобидан эса, 27 триллион 296 миллиард сўм ўзлаштирилди. Бу маблағлар асосан уй-жойлар қурилишига йўналтирилган. 

Шу ўринда қайд этиш жоиз, мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳити самарасида сўнгги йилларда чет эл корхоналари 5 мингтадан 16 мингтага етди. Ҳар бир туман ва шаҳарга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди. Экспорт қилувчи корхоналар сони беш йилда 4 минг 500 тадан 7 минг 200 тагача кўпайди. Хорижга йўлланаётган маҳсулот турлари ҳам 1 минг 500 тадан қарийб 3 мингтагача ошиб, географияси 164 мамлакатни ташкил этди. Тайёр маҳсулот экспорти 2 баробарга, уларнинг товарлар экспортидаги улуши 50 фоиздан 65 фоизга ошди. Жорий йилда қарийб 11 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳудудларда 23 миллиард долларлик 12 мингта янги лойиҳа, шу жумладан, 3 мингдан зиёд саноат лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган.

Иқтисодиётнинг ўсиши ва уни модернизация қилишнинг юқори суръатларини таъминлаш фақат вилоят ҳудудида иқтисодиётнинг устувор тармоқларига сармоялар йўналтирилган тақдирда самараси янада катта бўлади. Шу жиҳатдан жорий йилнинг дастлабки чораги таҳлил этилганда, ҳудудлар кесимида асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилиши бўйича ўтган йилнинг мос даврига нисбатан энг юқори ўсиш суръати Фарғона вилоятида (132,3 фоиз) кузатилди. Ушбу натижани 1500 мегаватт қувватга эга янги электр станцияси ва 220 мегаватт қувватга эга газ пистонли электр станциясини қуриш каби йирик лойиҳаларга инвестицияларни ўзлаштириш билан изоҳлаш мумкин. Самарқанд вилоятида ҳам бу борадаги ишлар кўлами катта. Шу боис, ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 130,7 фоизни ташкил қилди. Бу ҳудудда туристик марказ, қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, Самарқанд кимё мажмуаси қурилиши каби йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

Вилоят иқтисодиётига замонавий шароитларда инвестицияларни жалб этишни минтақада инвестиция жозибадорлигини ошириш ва инвестиция хатарини камайтиришга қаратилган фаол ишларсиз амалга ошириб бўлмайди. Ҳудудда инвестицияларни бошқаришнинг янги, ностандарт усул ва воситаларини излаш ҳудудий ҳокимият органларининг тижорат шароитида фаолият юритувчи замонавий бошқарув технологияларидан фойдаланиш заруратини келтириб чиқаради.

Глобаллашув натижасида минтақалар халқаро иқтисодий муносабатларнинг тўлақонли иштирокчисига айланади. Шу билан бирга, улар савдо бозорлари, инвестициялар, бюджет ва маъмурий ресурслар учун бир-бири билан қаттиқ рақобатлашади. Ҳар бир ҳудуд ўзининг географик жойлашуви, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши, меҳнат ресурслари, фойдали қазилма конлари мавжудлигининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши зарур. Ушбу омилларни ҳисобга олиш ҳудудий ҳокимият органларига минтақа иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларини шакллантириш имконини беради.

Инвестицион стратегияни амалга оширишда унинг самарадорлигини юксалтириш учун бир қанча вазифаларни ҳал қилишга эътибор қаратиш лозим. Хусусан, ҳудуднинг тасдиқланган ривожланиш стратегиясига мувофиқ, инвестиция эҳтиёжлари ва устувор йўналишларини аниқлаш, шунингдек, ҳудудда инвестициявий жозибадор объектларни ривожлантиришга кўмаклашиш ва эркинлик яратиш лозим. Қолаверса, ҳудудлардаги корхоналарга инвестицияларни жалб қилишга тайёрлашда ҳокимят органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатиш, тўғри тушунчалар бериб борилишини таъминлаш керак. Ҳудудлар имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатга стратегик инвесторларни жалб қилиш масаласини атрофлича кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Инвестиция муҳитини нафақат ташқи манбалар ҳисобидан ривожлантиришга, балки минтақа аҳолисининг молиявий ресурсларини инвестиция айланмасига жалб қилишга ҳам эътибор қаратиш лозим. Хорижий ва маҳаллий инвесторлар рискларини камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш орқалигина инвестицион жозибадорликни ошириш мумкин.

Музаффар ЖАМОЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Статистика агентлиги бошқарма бошлиғи