Эндрю Станиланд ушбу қутлуғ сана муносабати билан барча ўзбекистонликларни чин дилдан табриклади. Унинг маълум қилишича, 2020 йил Ўзбекистон бўйлаб амалга оширган саёҳати ва Алишер Навоий ижодидан илҳомланган ҳолда ёзган шеърлари ўша йилиёқ “A New Diwan. H/T Alisher Navoiy” (“Янги Девон. Ҳазрат Алишер Навоий”) номи билан алоҳида китоб шаклида Лондонда чоп этилган. Ушбу шеърий тўплам 2021 йил 8 февраль куни А.Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан элчихона томонидан ташкил этилган Британия-Ўзбекистон халқаро маданий форуми доирасида расман тақдим этилган эди.
Маълумот тариқасида шуни ҳам қайд этиш жоизки, 2021 йилда британиялик шоир ўзбекистонлик таржимон ва адабиётшунос Аидахон Буматова ва Авазхон Ҳайдаров билан ўзаро ҳамкорликда Алишер Навоийнинг қатор ғазаллари ва Абдулҳамид Чўлпоннинг шеърларини илк бор ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилди. Мазкур таржималар тўплами “12 Ghazals by Alisher Navoiy and 14 Poems by Abdulhamid Cho’lpon” номи осида чоп этилди. Ушбу китобнинг расмий тақдимоти ўтган йил 30 сентябрь куни элчихона биносида бўлиб ўтганди.
Британиялик шоир Эндрю Станиланд онлайн-мулоқот чоғида бобокалонимиз, ғазал мулкининг султони таваллуди куни муносабати билан ҳазрат Алишер Навоийнинг инсониятга туҳфа этган бой маънавий-маданий ва илмий мероси ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.