Назаримда, бунинг бир неча омиллари бор. Биринчидан, сўз Усмон Азимники эди. Сўзи қадрли инсоннинг ҳар қадами залварли бўлади. Иккинчидан, унда на унвон, на бойлик тамаси бор. Учинчидан, сўз ҳақиқат эди. Усмон Азим ҳақиқатни ёзди. У воқелик моҳиятини асос ва далиллар билан юракка тегадиган, ақлни ёритадиган қилиб битди.

Усмон Азимнинг, етмиш олти ёшга кирган ва умри давомида бирор марта ўзи ҳақ билган сўздан бошқасини айтмаган, бирор марта тама ва лаганбардорлик соясига яқин келмаган забардаст шоирнинг бу битикларидан сўнг инсон ўзи кўрган яхшиликларини айтиши керак экан, ҳатто бу ўша одамнинг ўзи учун зарур, виждони олдидаги масъулия­ти экан деб ўйлаб қолдим.

Ҳар ким ҳаётни ўз тақдири кўзгусида кўради. Одам қандай яшаган ва яшаётган, қандай азоб-уқубат ва қувончу фараҳни ўтказган бўлса, шуларга суяниб, ҳаёт шундай экан деб хулоса қилади. Лекин тажрибали ва ориф инсонлар ҳаёт бир хил кечмаслигини идрок этиб, яхши ва ёмон, оғир ва енгил, оқ ва қора кунлар алмашиб туришини билади. Ҳаёт ҳикматини тушунган одам мусибатдан дод-фарёд чекиб ёки ютуқлардан севиниб кетмайди, балки тўғри яшаш, ҳақиқат ва адолат, шафқат ва раҳмат тарафида туришга интилади. Мусибат ва бахтиёрлик асири бўлмай, ўзлигини, кўнгил поклигини сақлаб қолиш, инсонийликни бой бермаслик, тўғри яшаш росмана ғалабадир.

2011-2015 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олдим. Талабаликнинг илк йили 21 ёшни тўлдирган эдим. Бу — ҳали дунёқараш буткул шаклланмаган, лекин руҳ ва қалб ўзи учун тафаккур ва маъно оламидан мақом ва макон истайдиган давр. Кўзимга олам қоронғи кўринади. Чунки ҳамманинг юзида мунг бор эди. Одамлар очилиб гаплашмас, уларни оғир юк эзиб, елкасини букиб ташлагандек эди.

Мен — ёш, қалам ва сўзга ошуфта, ҳар хил китобларни қалаштириб ўқийдиган йигит вазиятни тўлиқ тушуниш, баҳолаш ва ўзимни қандай тутсам, тўғри бўлишини аниқлашга уринаман. Назаримда, ҳамма ўзи билан ўзи овора; одамлар куни ўтиши учунгина ишга келиб кетаётгандек. Жўшқинлик ва умид йўқдек туюлган бу даврда руҳиятимда оғир маҳзунлик ва юк бор эди гўё. Мен излаган манзил Ватанда эмас эди; мен излаган бахт Ватанда топилмайди; мен истаган ҳуррият ва эркинлик юртдан қувилган; ҳур ва хотиржам яшашим учун Ватаним бошқа бир шаклда бўлиши керак эди, назаримда. Шу сабабли хаёлотнинг турли эшикларига, тасаввурнинг турли деразаларига бошимни уриб кўраман.

Шунда тўғри йўлни, нажот йўлини четдан — ташқаридан излай бошладим. Шундай қилсам, халқим ва Ватанимга энг катта хизмат қилган бўламан деб ўйлардим. Ақлимга ҳам, қалбимга ҳам бу иш хато бўлиб туюлмасди. Чунки ақл адашса, қалб бузилса, ўзидан бош­қани ҳақ дея қабул қилмайди, ўзини таҳлил ҳам этмайди. Бу хато қарор ва хато ишнинг охири қўлга кишан урилиб, панжара ортига тушиш билан якунланди. У томонларнинг манзараси нечоғлиқ аянчли бўлгани ­бугун ҳаммага равшан. Бу ҳақда ўзим ҳам анча ёзганман. Лекин қўшимча қилиш мумкинки, инсон ҳаёти тушга ўхшаб қолади, иложсизлик ва имконсизликни бутун вужудинг билан туясан ва ҳар бир кун курашлар ичида кечади. Жиноятчилар тўдаси ичида уларнинг жаҳолатига тоқат қилиб яшаш билан бирга зулмларга чидаб бериш у қадар енгил эмас. Ана шу лаҳзаларда инсон ўз қадри ҳақида, балки умуман одамзод жонининг қадри ҳақида ўйлаб қоларкан. Шунда инсон қадрининг пашша қадар ҳам баҳоланмаслигини кўргач, “дунёда адолат ва марҳамат, самимият ва ростгўйлик бор” деган гап ёлғонга айланади. Киши турли ҳийла ва алдовлар билан бўлса-да, жонини сақлаб қолиш учун курашга киради. Бу онда инсонийлик ва ахлоқ, шараф ва ҳамиятни ҳимоя қилиш жонни хатарга қўйиш билан тенг­лашади.

Аниқ эслайман: 2016 йил июль-август ойларида қоп-қоронғи ҳибсхонада ярим тунгача калтакланаётган маҳбуслар оҳу фарёдини тинглар, шунингдек, Жаслиқдан, Навоийдан, Қашқадарёдан тергов учун қайтадан ҳибсхонага чақирилган маҳкумлар билан суҳбатлашар эканман, ўзимга ўзим айтар эдим: ­­
“Бу — зулмнинг чўққиси. Бу — ҳақсизликнинг ҳадди. Зулм ва ҳақсизлик бундан ортиб қаерга бориши мумкин яна? Демак, зулмнинг заволи яқин!”.

Лекин бу қандай содир бўлишини ҳеч ким билмас эди. Ҳатто тушда ҳам зулмдан қутулиш ҳақида орзу қилиш, зулм чекинганини тушда ҳам кўриш мумкин эмас эди.

“Мозийға қайтиб иш кўрмак хайрли дей­дилар”. Бу жумлани Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”нинг кириш қисмига битиб қўйган.

Мозийдан эсласам, кўп жиддий ва оғриқли хотиралар қолган. Уларнинг ҳаммасини ҳам айтиб бўлмайди. Лекин гап у хотираларда эмас, гап бошқа жойда. Яъни гап зулм­нинг чўққига чиққан вақтда завол топгани ва халқимизнинг кўкрагига шамол, елкасига офтоб теккани ҳақида.

2017 йил 13 январь куни суд мажлиси бўлди. Судья менга ачина-ачина 6 йил қамоққа ҳукм қилди. Шундан кейин март ойининг бошида Навоий шаҳридаги қамоқхонага олиб кетилдим.

Тасаввур қилинг: 2016 йил 22 июль куни уйдан чиқиб, бедарак кетганман. Изсиз. Ҳеч ким менинг қаерда эканимни билмаган. Бу чин маънода ўғирлаш эди. Одам ўғирлаш. Ўғрилар ким бўлганини бугун ҳамма билади. Ота-онамнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

2017 йил 4 апрель. Чоршанба эди, адашмасам. Илк марта мени кўргани уйдагиларим қамоқхонага келди. Роппа-роса 7 ой 12 кун — ҳаётимда энг узоқ муддат онам мени, мен онамни кўрмаган вақт.

Кейинчалик онам айтди: “Туну кун сени ўйлайвериб, томоғимдан бир томчи сув, бир тишлам нон ўтмай қолди. Шунчалик кўп ўйладимки, Акром деган болани туққанмидим, шундай болам бормиди деб қолдим... Кечалари юрагим ортимга тортиб уйғонар эдим. Нафас етмасди. Шу вақтларда қамоқда Акромни азоблашаётган бўлса-я... Акромни ураётган бўлсалар-а, дея хавотирга тушар эдим...”.

Мен ўз онам ҳақида айтяпман. Лекин Ўзбекистонда бундай оналар минглаб эди. Бир вақтнинг ўзида, туну кун минглаб оналар юрак оғриғидан уйғониб кетарди. Уларнинг Яратганга илтижо қилишдан ўзга йўли йўқ эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиши биланоқ зулм занжирларини бирма-бир синдиришга киришди. Бу ҳодисанинг ҳосиласи 2017 йил ёзининг бошидан бошлаб қамоқхоналарда кўринди.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 27 август куни бир гуруҳ маҳкумларни афв қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида менинг ҳам исмим бор эди. Аммо озодликка чиқдинг, энди байрам дегани эмас экан. Ич-ичингга ўрнашган зулм заҳмати, оғриқлар сени ҳар нарсадан шубҳаланишга, одамларга ишонмасликка етаклайди. Айтилаётган яхши гаплар ёлғон ва тузоқ каби кўринади. Яъни эркин ҳаётга қўшилиб кетиш ҳам оғир жараён. Бу худди қайта туғилишдек гап.

Аммо давлат мени ташлаб қўймади. Ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Ўзимни яхши ҳис қилишим, ўзимни тутиб олишим учун кўмаклашди. Отам ҳамиша “Биз Шавкат Миромоновичдан қарздормиз. Унинг, энг аввало, оиламизга қилган яхшиликларини унутишимиз мумкин эмас. Қолаверса, халқимизга, юртимизга қилаётган хизматини таърифлаб, тавсифлаб тугатиш имконсиз. Биз Президентимизнинг ҳаққига кечаю кундуз дуо қилишимиз керак”, деб айтади.

Президентимизнинг фақат шахсимга қилган яхшилиги, бағрикенглигига суяниб сўз айтсам, кимлар учун бирёқлама туюлар, лекин унинг юритаётган сиёсатига назар солиб, бундай хулоса қиламан: давлатимиз раҳбари узоқни кўрадиган, вазиятни тўғри баҳолайдиган, инсофли ва диёнатли инсон. Халқи ва Ватани учун жонини берадиган, халқнинг муҳаббатини, ишончини қозониб, дуосини олаётган шахс.

Давлатимиз раҳбари мамлакатда кичик ҳақсизлик кўрса ҳам жим тургани йўқ. Заррача зулмга рози бўлмайди. Одамларнинг бирорта мурожаати ҳавода муаллақ қолмаётир. Ҳар бир ҳолат ўрганилмоқда, ҳужжатлар, далилларга мувофиқ таҳлил этилмоқда; Президентимиз энг яхши усул ва йўллар билан мамлакатни қудратли, элни рози қилиш, халқнинг салоҳиятини юзага чиқариб, бутун дунёда ўз ўрнимизни топишимиз учун курашмоқда.

2016 йилдан кейин шу кунгача — 10 йил давомида яна бир авлод катта ҳаётга кириб келмоқда. Ўн ёшли гўдаклар йигирма ёш бўлди. Бугун уларда биз қўрқув ва даҳшатни кўрмаяпмиз. Уларда эркин руҳни кўряпмиз. Шатранж усталари Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Англияда тўп тепаётган Абдуқодир Ҳусанов ва жаҳон беллашувига йўл олган футболчиларимиз ҳам ана шу эркинликнинг ҳосиласи деб ўйлайман.

Дунё саҳнаси тинч эмас. Шундай мураккаб паллада Президентимизнинг оқилона, жасоратли ва донишмандона қарашлари, ёндашувлари билан Ўзбекистон мавқеини сақлаб, ҳатто янада юқори даражага кўтарилмоқда.

Юртимизга эркин руҳ қайтди. Халқимиз бир куни шундай кунлар келишини ҳатто туш кўра олмай қолган эди. Аммо бугун ҳаммаси ҳақиқатга эврилмоқда.

Неъматнинг зиёда бўлмоғи шукр қилиш билан. Бу неъмат ва яхшиликларни сақлаб қолиш учун ҳар бир инсон чин дилдан шукр қилиши керак экан. Яъни яхшиликлар сабаб­чиси ҳақига дуо қилиш; ўз вазифасини чин дилдан бажариш; илму маърифатини ошириш учун интилиш, адолат ва инсофли бўлиб одамларга яхшилик қилиш; кераксиз гаплар, ғийбат ва бўҳтонларга эътибор бермаслик — ана шулар шукрнинг тажаллийларидандир. Айниқса, илм аҳли, зиёлилар халқимизга бу борада сўз билан, гўзал нутқ ва чиқиш­лар билан, аниқ ва ҳаётий мисоллар билан ҳақиқатларни англатмоғи, маърифат тарқатмоғи мақсадга мувофиқдир. Бу тараққиёт ва тинчлик-хотиржамликни ҳимоя қилиш йўлидаги улкан хизмат саналади.

Акром МАЛИК,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори