Журналист Эстель Жоливе “La Voix du Nord” газетаси сайтида эълон қилган мақоласида франциялик талаба Леонинг Ўзбекистондаги, хусусан, Тошкент ва Қорақалпоғистон Республикасидаги таассуротларини баён қилади.

Аслида талабаларнинг Ўзбекистонга “юриши”, Леонинг айтишича, имконият ва саргузашт ўртасида ривожланган, талабалар сув ресурсларини бошқариш билан боғлиқ лойиҳаларни ичимлик сув танқис ҳудудларда қўллаб кўришни мақсад қилган ва тинимсиз изланган. Бунда улар Орол денгизи атрофидаги аҳоли пунктларига тўхталган.

– Ўзбекистон халқаро ҳамкорликка очиқ ҳамда илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун имкониятлари етарли ва жуда қизиқарли мамлакат. Шу боис, виза олиш ҳам анча осон.

“Нукус давлат университети ётоқхонасида яшаётган уч француз талабаси ўз олдига шундай мақсад қўйган: пластик қопламалар, поливинилхлорид каби материалларни осонликча топиш мумкин бўлган мамлакатда тоза ичимлик сув ишлаб чиқаришга эришиш”, деб ёзади муаллиф.

– Биз лойиҳа билан аҳолининг ўзи шуғулланишини истаймиз. Бунинг учун уларга қурилмани кўпайтириш, қуриш ва техник хизмат кўрсатиш йўлларини ўргатамиз, – дейди Лео. – Лойиҳа кечаси ҳароратнинг пасайиши натижасида ҳосил бўлган конденсация жараёнидан фойдаланиб бир квадрат метрдан ҳар куни 0,7 литр ичимлик сув йиғиб олиш имконини беради.

Лео Париж транспорт бошқармасининг тадқиқотлар бўлимида амалиёт ўтагани, бу вақтда симуляция дастурлари устида ишлагани, шунингдек, станциялар орасидаги масофа, баландлик фарқларини ишлаб чиққани ҳақида гапириб берар экан, Ўзбекистондаги поездлар ва Тошкент метроси ҳаракати акс этган видеоларни ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштиради ва “Расмийлар уни суратга олишга рухсат берганига атиги уч йил бўлди. Илгари бу давлат сири ҳисобланарди”, дея изоҳ қолдиради.