Тадбир Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикасининг Берлин шаҳридаги элчихонаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакиллиги ҳамда Гумболдьт университети ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Гумбольдт университети Марказий Осиё бўлимининг профессор-ўқитувчилари ва ўзбек тилини ўрганаётган хорижлик талабаларнинг “Ўзбек тили дўстлари” клуби аъзолари иштирок этди.

1810 йилда асос солинган Гумбольдт университети Германиянинг энг кўҳна ва йирик олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. 9 та факультет бўлиб, бугунги кунда уларда 38000 нафар талаба таҳсил олади. Университетда дунёга машҳур олимлар, жумладан, 29 нафар Нобель мукофоти лауреатлари етишиб чиққан ва фаолият кўрсатган.

1995 йилда университетнинг Марказий Осиё бўлими ташкил этилиб, хорижлик талабалар учун дастлабки ўзбек тили курслари очилган. Курсларни тугатган талабаларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий, илмий-маданий ҳаётига оид мавзуларда диплом ёки илмий ишларини ёзадилар.

Элчихонамиз ташаббуси билан университетда «Ўзбек тили дўстлари» клуби ташкил этилган бўлиб, унга аъзо бўлган хорижлик талабалар иштирокида турли адабий ва маданий тадбирлар ўтказиб келинади. Шу билан бирга клуб доимий равишда ўзбек тилидаги бадиий ва илмий рисолалар, жумладан, ўзбек тилшунослиги, адабиётшунослигига оид қўлланмалар, насрий ва шеърий асарлар, ўзбек ёзувчилари ҳаёти ва ижодига оид китоблар билан таъминлаб келинмоқда.

Университетнинг Марказий Осиё бўлими Самарқанд давлат чет тиллари институти билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўзбек тилини ўрганаётган талабалар Германия академик алмашувлар хизмати (ДААД) кўмагида Самарқандда амалий курсларда қатнашишади.

Бу галги тадбир бир оз ўзгача бўлиб, унда Германиядаги ватандошларимиз ҳам қатнашдилар ва хорижлик ўзбек тили ошнолари билан мулоқот қилишди. Бу, албатта, германиялик талабаларга ҳам амалиёт, ҳам қизиқарли танишув бўлди. Хорижлик талабалар Ўзбекистон ҳақида ўзбек тилида қисқача маълумотлар берди ҳамда ўзбек тилида ўтказилган қизиқарли суҳбат давомида миллий адабиётимиз ва маданиятимиз билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Тадбир иштирокчиларига Алишер Навоий ғазаллари тўпламининг немис тилидаги таржимаси тақдим этилиб, ундан хорижлик талабалар парчалар ўқиб берди.

Тадбирда сўзга чиққан Гумбольдт университети Шарқ тиллари бўлими ўзбек тили ўқитувчиси доктор Айфер Дурду хоним ўзбек тилини ўрганиш университетда бугун анъанага айлангани, бу ерда нафақат ўзбек тилини балки, ўзбек маданияти, тарихи, урф-одатлари ҳақида ҳам кенг билим олиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Ўтган давр мобайнида бу ерда ўзбек тилини ўрганган кўплаб талабалар Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўз билимларини ошириш билан бирга ўзбек адабиёти, маданиятига оид магистрлик ва докторлик ишларини ёзганликларини қайд этди. Шунингдек, келгусида талабалар билан биргаликда Ўзбекистонга сафар қилиб, университетлар билан алоқаларни кучайтириш ва ёзги курсларда қатнашишни режалаштирганликларини маълум қилди.

Тадбирда Навоий ва Бобур ҳазратларининг ғазалларидан намуналар ўқилди. Энг фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўзбек таомлари тортилган дастурхон ва ош меҳмонларга манзур бўлди.

Камолиддин БЕДИЕВ,

Ўзбекистон Ёшлари Умумжаҳон ассоциациясининг
Германиядаги вакили

Берлин шаҳри