Шу билан бирга, таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда олий педагогик таълим билан қамров даражасини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида таълим, хусусан, олий таълим тизимини ривожлантириш борасида алоҳида тўхталиб ўтилган. Жумладан, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, давлат гранти асосидаги қабул параметрларини 2 баробар ошириш, умумий ўрта таълим ташкилотларини тўлиқ олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш ҳамда 30 та ОТМнинг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, шунингдек, топ-500 таликка кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури ва “икки дипломли тизим”ни жорий этиш каби вазифалар белгиланган.

Профессор-ўқитувчилар юкламасини 25 фоиз камайтириш, олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқотлар натижадорлигини ҳамда илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш учун ажратилаётган маблағ миқдорини 3 баробар ошириш, шунингдек, 15 та ОТМни дунёнинг энг нуфузли олий таълим ташкилотлари рейтингига киритиш каби масалалар ҳам шулар қаторидан ўрин олган.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида халқаро рейтинглардан ўрин эгаллаш юзасидан муайян ишлар қилиняпти. Хусусан, ОТМни QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), THE (Times Higher Education) халқаро рейтинг агентликларининг нуфузли университетлар рўйхатига киритишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, QS компанияси веб сайтида институтнинг профили яратилди.

“QS: EECA 2022” рейтингида иштирок этиш учун зарур талаблар бўйича ҳар бир индикаторга мос келадиган маълумотлар банки тайёрланиб, институтнинг рейтинг агентлиги платформасидаги порталига жойлаштирилмоқда. Академик ва иш берувчилар репутацияси бўйича хорижий ва маҳаллий респондентлар рўйхати шакллантирилди ҳамда маълумотлар базасига етказилди.

Шунингдек, Times Higher Education рейтинг платформасида ҳам институт профили очилди. Ҳозир институтнинг ўқув, илмий тадқиқот фаолиятига тегишли маълумотлар базаси шакллантирилиб, уларни жойлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Шу йил 22 июнда Times Higher Education агентлигининг “Asia University Rankings 2023” (Осиё университетлари рейтинги – 2023) натижаси эълон қилинди. Мазкур рейтингда юртимиздаги 32 ОТМ билан бир қаторда Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам “репортёр” мақомида қайд қилинди. Бундан бироз олдин, яъни 1 июнь Times Higher Education агентлигининг “THE Impact Rankings” рейтингида Ўзбекистондаги 47 та ОТМ номи қайд этилгани маълум қилинди. Мазкур рўйхатда Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳам бўлиб, илк бор 3 йўналиш бўйича “THE Impact Ranking” рейтингига кирди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан бирга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида ҳар йили ОТМда фаолият кўрсатаётган 5 минг профессор-ўқитувчини тажриба алмашиш, 200 ёш олимни илмий даража олиш учун хорижий илмий ташкилотларга юбориш, шунингдек, олий таълим муассасаларининг энг нуфузли хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтириш, улар ҳузурида илмий марказ ва институтлар фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланмоқда. Шунга муқояса қилганда, бугун Самарқанд давлат чет тиллар институти 100 дан ортиқ хорижий ОТМ ва халқаро таълим ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб келади. Мазкур қарор лойиҳасидан келиб чиқиб, фаолиятимизни кенгайтирамиз.

Ўзбекистонни жаҳонга танитиб, ёшларни руҳлантирадиган, куч-қувват берадиган куч бой тарихимиз, миллий қадриятларимиз, боболаримиздан қолган маданий меросдир. Шу йўналишдаги тадқиқотларни фаол қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, тил ва адабиёт, тарих, археология, маънавият, маданият ва санъат каби ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишлари бўйича алоҳида илмий тадқиқот дастурлари шакллантириш учун нуфузли олимлар (академиклар, фан докторлари) таркибидан илмий кенгашлар (эксперт гуруҳлари) ташкил этиш кабилар ҳам лойиҳадан жой олган. Жумладан, ёш тадқиқотчилар улушини ошириш, илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш йўналишида стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мақсадли докторантура квоталари сонини босқичма-босқич ошириш ва стажёр-тадқиқотчилик институти самарадорлигини таъминлаш, бунда битирувчиларнинг докторантурага ўқишга киришини ташкил этиш вазифаси киритилган. Бундан англашиладики, илмий иш қиламан, деганлар учун имконият янада кенгаяди. Шу маънода, охирги беш йилда институтимизда фан докторлари сони 17 нафардан 29 нафарга, фан номзодлари 75 нафардан 125 нафарга етди. Бу кўрсаткич муттасил ортиб бормоқда.

Лойиҳада банд бўлмаган шахслар, камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари, фарзандлари ҳамда ёшларни бюджет ҳисобидан давлат ва нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига тайёрлаш, малакасини ошириш орқали бандлигига кўмаклашиш белгиланган. Бу йўналишда ҳам институтимизда дастлабки қадамлар қўйилган. ОТМда “Карьера маркази” ташкил этилган бўлиб, ишлашга эҳтиёжманд талабалар билан иш олиб борилади. Жорий йил ҳисобидан талабаларнинг 48 фоизи иш билан таъминланди. Улар ҳозир мактабгача таълим, мактаб, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва хорижий тиллар ўқитиладиган ўқув марказларида фаолият юритмоқда.

Ёшларни замонавий касблар ва чет тилларга ўқитиш тизимини яратиш йўналиши бўйича мактаб битирувчиларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва олий таълимга қамровни ошириш мақсадида институтимизда 6 та тил ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. Уларда йилига 4 мингдан ортиқ абитуриент чет тилларни ўрганмоқда. Келгусида бу кўрсаткични оширишни режалаштирганмиз.

Самарқанд вилоятидаги 9 та коллеж ва техникумда немис тили ўқув курслари очилган. Дарсдан ташқари вақтда ҳар бири 15 ўқувчидан ошмаган гуруҳлар учун машғулотлар ташкил этилади. Техникумларда ташкил этилган ўқув курсларига Самарқанд давлат чет тиллар институтининг малакали ҳамда халқаро тил билиш даражасига (C1) эга профессор-ўқитувчилари жалб этилган. Бу борада ўқув ва фан дастурлари ишлаб чиқилиб, чет элдан махсус дарслик ва адабиётлар келтирилди. Немис тилини ўқитиш курсларига ўқувчилар А1 даражадан қабул қилинади ва Б2 даражага эга бўлгунга қадар тайёрланади.

Лойиҳанинг ёшлар ўртасида IТ соҳани янада оммалаштириш ҳамда соҳада хизматлар экспортини ошириш йўналишида ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиш, юқори даромадли соҳаларда бемалол ишлай олиши учун шароит яратиш белгиланган. Ёш олимларнинг инновацион ва илмий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида институтимизда “Incubation and acceleration center” ташкил этилган. Қолаверса, Самарқанд вилоятидаги IT парк, Ёшлар технопарки ва “MIT academy” ўқув маркази каби ташкилотлар билан шартнома тузганмиз. Улар талабаларимизни ахборот технологиялари бўйича мутахассис қилиб тайёрлайди. Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўтказилган “TechnoWays” технологик ривожлантириш марафонида ғолиб бўлган 3 нафар талабамиз 10 миллион, 8 миллион ва 6 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилгани мазкур саъй-ҳаракатлар ҳосиласидир.

Қарор лойиҳасининг олий таълимга қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш йўналишида ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 2023/2024 ўқув йилида 42 фоизга, 2024/2025 ўқув йилида эса 43 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, давлат ОТМларига грант асосидаги қабул параметрларини ошириш даражасини 2024/2025 ўқув йилида 20 фоизга, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари юкламасини 2023/2024 ўқув йилида 10 фоиз, 2024/2025 ўқув йилида эса 15 фоиз қисқартириш кабилар белгиланган.

Бу саъй-ҳаракатларга биз ҳам ҳисса қўшишга интиляпмиз. Хусусан, институтимизда янги ўқув бинолари, талабалар турар жойлари ва кутубхоналар қурилиши, шунингдек, янги таълим йўналишлари, факультетларни очиш ишлари мунтазам давом эттирилмоқда. Мисол учун, 2022 йилда давлат-хусусий шериклик асосида 500 ўринли талабалар турар жойи бунёд этилди. Шунингдек, 350 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойлари мукаммал қайта таъмирдан чиқарилди. Ўтган йили октябрь ойида янги қурилган, барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган 130 ўринга мослашган ўқув, 70 ўринли компьютер хоналари ҳамда 200 ўринли фаоллар зали ишга туширилди. Қолаверса, 25 минг 500 номдаги 288 минг нусха илмий, ўқув ва хорижий адабиёт билан бойитилган, бир вақтнинг ўзида 500 талабанинг ўқиб изланишига мўлжалланган уч қаватли ахборот-ресурс маркази фойдаланишга топширилгани ҳам ёшлар учун катта имконият бўлди.

Жорий йилда яроқсиз ҳолатда турган 1000 ўринли ўқув биноси мукаммал қайта таъмирланиб, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган ҳолда ишга туширилди. Ҳозир 7 қаватли, 2 минг ўринли ўқув биносини қуриш ва 350 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойини мукаммал таъмирлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, битта очиқ спорт майдони, битта ёпиқ спорт мажмуаси, битта мактабгача таълим муассасаси ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб қуриш ишлари келгуси режамиздан ўрин олган.

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш янги тизимини яратиш йўналиши бўйича ҳам муайян ишларни бошлаганмиз. Самарқанд шаҳридаги Девори кўндаланг, Гулистон, Бўстон ҳамда Дукчиён маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган 40 нафар ёш бизга бириктирилган. Улар билан мунтазам учрашиб, муаммо ва таклифларини ўрганяпмиз. Кўмакка муҳтожларга талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб қурилиш анжомлари, аёллар сартарошхонаси учун жиҳозлар, ноутбук, духовка, бир марталик моддий ёрдам ҳамда китоблар жамланмалари берилмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида барча йўналишдаги ишларнинг ижро механизми бандма-банд келтирилган. Вазифа ва топшириқлар аниқ-тиниқ белгиланган. Уни таклифларимиз билан янада бойитиш имконига эгамиз. Бу ҳам янги даврнинг ўзига хос жиҳатларидан. Зеро, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда”, деган гапи барча юртдошларимизни, хусусан, ёшларни Ватанимиз равнақи йўлида бирлашиб, янги Ўзбекистонни барпо этиш, ҳар томонлама обод ва фаровон давлатга айлантиришга муносиб ҳисса қўшишга даъват этади.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

педагогика фанлари доктори, профессор