Кишилик тамаддуни тарихини таҳлиллар асосида тизимли ўрганган илм кишиларининг таъкидлашича, илк Ренессанс — уйғониш даври Ғарбий Европадан илгари Марказий Осиё, тўғрироғи, қутлуғ диёримиз Мовароуннаҳр ҳудудларида вужудга келган.
Юртимизда кечган биринчи уйғониш — илк Ренессанс даври IX-XII юз йилликларни ўз ичига олган. Бу даврни швейцариялик профессор Адам Мец “Мусулмон Ренессанси”, рус шарқшуноси, академик Николай Конрад эса “Шарқ Уйғониши” истилоҳлари билан аташган. IX-XII асрларда жамиятнинг барча соҳаларида катта кўтарилиш юз берди. Таълим, иқтисодиёт, маданият, маърифат, тиббиёт, ҳарбий ва маънавий соҳалар юксалди. Марказий Осиёда ўша пайтлари ҳукмронлик қилган сомонийлар, қорахонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар ва хоразмшоҳлар илму фан ва маданият тараққиёти учун эътиборга молик ишларни амалга оширди. Уларнинг қўллаб-қувватлаши, ташаббуси билан Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Термиз сингари кентларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, янги мадрасалар, масжидлар, мақбаралар, хонақоҳлар, карвонсаройлар, академиялар, қалъаю саройлар қурилди. Бу илмий марказлар ва мадрасаларда жаҳон таниган улуғ алломалар Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом ал-Бухорий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Абу Наср Форобий, Абу Бакр ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд аз-Замахшарий, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий сингари юзлаб мутафаккирлар фаолият юритган.
Бу қутлуғ масканларда яқин ва узоқ ўлкалардан келган минглаб илми толиблар таълим ва тарбия олиб, етук мутахассислар бўлган. Биргина Хоразм Маъмун академиясида ўнлаб олимлар самарали илмий тадқиқот ишларини олиб борган, улар томонидан илм-фаннинг турли жабҳаларида юзлаб асарлар, китоблар ёзилган. Ҳозирда ҳам мазкур бой илмий ва маънавий мерос ўз қадрини йўқотган эмас, дунёнинг нодир кутубхоналарида сақланиб келинади.
Ўлкамиздаги иккинчи Ренессанс даври эса XIV-XV асрларга тўғри келади. Марказий Осиёда Амир Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги даври эди. Хусусан, Амир Темур, Шоҳруҳ мирзо, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида жамият тараққиётининг барча соҳалари, айниқса, илму маърифат, бунёдкорликка катта эътибор берилган. Мовароуннаҳр ўша кезлар дунёнинг илму ирфон, таълим, маърифат ва маданият ўчоғи эди.
Самарқанду Бухоро, Насафу Кеш, Термизу Ҳирот сингари ўнлаб шаҳарларда илм-фан юксак мақомга кўтарилди. XV асрга келиб, Самарқандда Мирзо Улуғбек илмий мактаби вужудга келди. Айни шу даврларда Қозизода Румий, Жамшид ал-Коший, Муҳаммад Ҳавофий, Али Қушчи каби табиий ва аниқ фанларнинг тадқиқотчилари, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Саккокий, Лутфий каби ижодкорлар, Шарофиддин Али Яздий, Ҳофиз Абру, Мирхонд ва Хондамир сингари тарихчи олимлар, Камолиддин Беҳзод, Мирак наққош каби рассомлар етишиб чиққан. Бу олимларнинг саъй-ҳаракати натижасида темурийлар салтанати дунёнинг етакчи илмий ва маърифий марказларидан бирига айланди.
XXI юз йилликка келиб, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичида ҳамда ҳозирда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазиятда юртимиздаги бу икки юксалиш даврларидаги муҳим воқеа-ҳодисаларга, эришилган натижаларга, улуғ алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларига ўз эътиборини қаратган ҳолда Президентимиз Ўзбекистонда янги уйғониш — Учинчи Ренессанс даврининг пойдеворини қуриш ғоясини ва унинг айни вақти келганлигини илгари сурмоқда. Чунончи, парламент ва халқимизга йўлланган Мурожаатномада ҳам: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, дея алоҳида таъкидланди.
Бу фикрлар амалий ҳаётда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Юртимиздаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, қатор олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, Адиблар хиёбони, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази воқеликка айланмоқда. Бундай илмий масканларда ҳам пухта ва замонавий билимларни эгаллаган, ахборот технологиялари билан тиллаша оладиган фаол ёшлар — янги Хоразмий, Беруний, Замахшарий, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар етишиб чиқса, ажаб эмас.
Шу ўринда, Хоразм элидан етишиб чиққан буюк аждодимиз Маҳмуд Замахшарийнинг илм олишга оид ҳикматларини келтиришни жоиз деб топдик. “Ким комил инсон бўлишни истаса, ҳам олим, ҳам омил (амал қилувчи) бўлсин”. Ёки “Илм қалбнинг нодонликдан фориғ бўлиши, заковатнинг чироғи, зулматда нур, заиф баданда қувватдир, илм билан инсон олий даражадаги ахборотлар манзилига етишади”.
Аллома яна шундай ёзади: “Кечаги иззат-шарафга қаноатланма, у отангнинг топгани. Сен унга янгисини қўш, шунда икки шарафга эга бўласан. Модомики, ўз обрўйингни кўз-кўз қилмаётган экансан, отанг топган обрў билан ҳам ғурурланма. Чунки ўзингда улуғлик ҳосил этмаган экансан, отангнинг улуғлигидан сенга фойда йўқ. Сенинг топган шарафинг билан отанг топган шараф ўртасидаги фарқ — бугунги ризқинг билан кечаги ризқинг ўртасидаги фарқ мисолидир. Кечаги ризқ бугунги очликни кетказадими? Ҳеч ҳам кетказмайди”. Замахшарий фикрларининг айни жиҳатига эътибор қаратилса, фақатгина аждодлар мероси билан фахрланмасдан, аксинча, илму маърифатга бўлган эътиборни бир дақиқа ҳам сусайтирмаслик керак бўлади. Шундагина, юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш ҳақидаги ғоялар воқеликка айланади.
Лазиз ТЎРАЕВ,
Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти