Жаҳоннинг тараққий этган давлатлари тажрибаси ҳар қандай иқтисодий тангликни, аввало, илм-фан ютуқлари ва инновацияларни кенг қўллаш орқали бартараф қилиш ҳамда ривожланишга эришишни кўрсатмоқда. Илм-фан ва инновацион ишланмалар – ривожланаётган ҳар бир давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим омилга айланганлиги бежизга эмас. Зеро, АҚШ, Япония, Германия ва Жанубий Корея каби мамлакатлар иқтисодиётидаги ривожланишлар бунинг яққол исботидир. Муҳими шундаки, иқтисодий ва ижтимоий юксалишнинг асосий омиллари бўлган бу жараёнлар тобора такомиллашиб боряпти.
Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлактимизда миллий иқтисодиётимизни инновацион усулда тараққий эттириш энг долзарб вазифага айланди. Шиддат билан ўзгараётган замон илм-фан ва инновацияни янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Бугун қайси соҳада бўлмасин, энг илғор инновацион ғояларни бошқалардан кўра тезроқ жорий қилганлар муваффақиятларга эришаётганлиги айни ҳақиқатдир.
Мамлакатимиз кон-металлургия саноати кейинги йилларда жадал ривожланмоқда. Қизилқумнинг бепоён кенгликлари қаъридаги қимматбаҳо металларни қазиб олишнинг давлатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини эътиборга олган ҳолда, соҳага дахлдор долзарб масалаларни ҳал этишда илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантиришга эътибор қаратиш жуда муҳимдир. Зотан, илм-фан ютуқлари, инновацион технологиялар маҳсулот сифатининг ошиши, таннархининг камайиши ва рақобатбардош бўлишига олиб келади.
Навоий кон-металлургия комбинати замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган, илмий салоҳият потенциали юқори бўлган йирик корхона сифатида бундай муҳим масалаларни ҳал қилиш имкониятига эга. Комбинатда янги технологияларни жорий этиш, энергия тежаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва унинг самарадорлигини ошириш соҳасида салмоқли илмий-амалий натижаларга эришилмоқда.
Бугунги кунда ўзгарувчан бозор талаби ҳар бир корхонанинг инновацияларга асосланган ривожланиш стратегиясига эга бўлишини тақозо этмоқда. Комбинатда 2026 йилга қадар олтин ва уран каби қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва экспорт маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш учун етарли шарт-шароит яратиш имконини берувчи 105 та инновацион лойиҳани ўз ичига олган Инновацион ривожланиш дастури қабул қилинди. Ҳисоб-китобларга кўра, юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши 1 триллион 267 миллиард сўм иқтисодий самара беради. Дастурда минерал захираларни баҳолашнинг замонавий усуллари, уларни интеграциялашган ва иқтисодий жиҳатдан оқилона қазиб олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иш жараёни хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда, қазиб олишнинг замонавий усулларини ва олтин қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича энг янги технологияларни жорий этиш кўзда тутилган. Машинасозлик ва металлургия соҳасида янги турдаги материалларни ишлаб чиқиш ва уни ривожлантириш, шунингдек, технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Бу ишларни мувофиқлаштириш борасида комбинатнинг Инновация маркази Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари билан самарали фаолият олиб бормоқда. Жумладан, жорий йилда комбинат билан ЎзФАнинг Ядро физикаси, Ион-плазма ва лазер технологиялари институтлари, "O'zGEORANGMETLITI" ДУК, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Навоий давлат кончилик инстиути каби ҳамкорларимиз билан 41 та йўналишда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Уларни татбиқ этиш учун 26 миллиард 181 миллион сўмлик шартномалар имзоланган.
Сўнгги йилларда комбинатда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга мақсадида узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида аниқ натижа берадиган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари йўлга қўйиляпи, энергия ва ресурсларни тежайдиган технологиялар янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга тушириляпти. Илм-фан ютуқлари ва инновацион лойиҳаларни доимий равишда жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш эришилаётган муваффақиятларимиз гарови бўляти.
Комбинат ўз соҳасининг етук билимдонлари бўлган илмий-тадқиқотчи ва малакали муҳандис кадрларга эга. Корхонада меҳнат қилаётган 10 минг нафардан ортиқ олий маълумотли мутахассисларнинг 9 нафари фан доктори ва 27 нафари фан номзодидир. Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси, Марказий конструкторлик бюроси, Марказий лойиҳалаштириш бюроси, Шимолий кон бошқармасининг Марказий физик-кимёвий лабораторияси, 2 ва 3-гидрометалургия заводларининг марказий лабораторияларида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Комбинат мутахассисларининг кейинги йиллардаги муваффақиятли инновацион лойиҳаларидан бири – 3-гидрометаллургия заводида сорбциялаш жараёни чиқиндиларини юқори самарали куйдириш технологиясига асосланган янги мажмуанинг ишга туширилиши бўлди. Бу технологиянинг жорий этилиши натижасида хомашёдан олтин ажратиб олиш даражаси 8 фоизга, қимматбаҳо металл ишлаб чиқариш 11 фоизга ошди. Аниқроқ айтганда, сульфидли рудаларни қайта ишлаш жараёнида чиқиндига чиқиб кетадиган металл миқдорини икки баравардан кўпроққа камайтиришга эришилди. Бу муваффақиятга қандай юзага келди? Албатта, янги инновацион ёндашув эвазига. Мутахассисларимизнинг “Таркибида олтин бўлган, қайта ишланиши қийин сульфидли рудалардан олтин ажратиб олиш усули” мавзусида олиб борган илмий изланишлари натижасида Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигидан патент олинди. Мазкур ихтиро БМТнинг Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти томонидан тан олиниб, олтин медал билан тақдирланди. Бу технологик жараённи амалга оширадиган жиҳоз ва усуналар учун “ENGINEERING DOBERSEK GmbH” компанияси мутахассислари билан биргаликда Германияда халқаро патент олинди. Мазкур технологиянинг 3-гидрометаллургия заводида тадбиқ этилиши олтин ажратиб олиш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига олиб келди.
Президентимиз раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда Навоий кон-металлургия комбинатида йиғилиб қолган бир неча миллиард тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаб, қўшимча олтин, кумуш каби қимматбаҳо металлар олиш бўйича кўрсатмалар берилди. Комбинатда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда дунё бўйича техноген чиқиндиларни қайта ишлаш муаммолари долзарб масалалардан бирига айланган. Биринчидан, улар экологияга катта зарар етказади. Иккинчидан, хомашёнинг камайиб кетаётганлиги. Учинчидан, хомашё таркибидаги қимматбаҳо металларни тўлиқроқ ажратиб олиш каби масалалар унинг нечоғлик муҳимлигини кўрсатмоқда. Мутахассисларимиз олимлар билан ҳамкорликда мазкур муаммолар ечими бўйича янги технологияларни яратишга муваффақ бўлишди.
Хусусан, уюмдан эритмага ўтказиш цехи ҳудудида ҳар тоннасида 0,6 грамм олтин бўлган 300 миллион тоннадан кўпроқ техноген чиқиндилар тўпланиб қолган эди. Комбинат томонидан техноген чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича дунё амалиётида бўлмаган, ноёб инвестицион лойиҳани амалга ошириш бошланди. Бу борада Россиянинг “Иргиредмет” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда техноген чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича технологик регламент ишлаб чиқилди. Инвестицион лойиҳага кўра, йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга 7-гидрометаллургия заводи барпо этилмоқда. Жорий йилда заводнинг муддатидан олдин ишга туширилган 4 та тегирмонида 10 миллион тонна маъдан қайта ишланади. 2021 йилда завод тўлиқ қувватга эришгандан сўнг техноген чиқиндиларни қайта ишлаши ҳисобига йилига 7,5 тонна олтин олинади. Мазкур ҳудудда тўпланиб қолган чиқиндиларни 20 йил давомида қайта ишланиши натижасида қанча нодир металл олинишини ҳисоблаш қийин эмас. Бу оз эмас, кўп эмас — 150 тоннани ташкил этади!
Шунингдек, 1958 йилдан то 1991 йилгача Учқудуқ саноат ҳудудида уран конини очиқ усулда ўзлаштириш оқибатида таркибида уран бўлган 1 миллиард 400 минг куб метр чиқинди уюмлари ҳосил бўлиб, у 237 минг квадрат метр майдонни эгаллаган эди. Бу муаммони ҳал этиш мақсадида мутахассисларимиз томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва ҳудуд экологик муҳитини яхшилаш мақсадида “Радиоактив кон ағдармаларини рекультивация қилиш усуллари” мавзусидаги тадқиқот ишига Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигидан патент олинди. Натижада Шимолий кон бошқармаси геотехнологик конида таркибида уран метали мавжуд чиқиндиларни рекультивация қилиш участкаси ташкил этилди. Участка фойдаланишга топширилгандан буён 636 минг тонна чиқиндидан уран ажратиб олинди ва катта ҳудуд рекультивация қилинди. Бу ҳол иқтисодий самара бериши билан бир қаторда, экологик муҳитнинг яхшиланишига имкон яратди.
Комбинатнинг кўпминг кишилик жамоаси қўлга киритаётган бундай ютуқлар янгиланаётган Ўзбекистон иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Улкан корхонамизда таркибида қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳажмининг йилдан-йилга ошиб бориши биринчи навбатда ишлаб чиқариш жараёнларига илм-фан ютуқлари ва янги инновацион ишланмаларнинг кенг жорий этилаётганлиги самарасидир. Бу давр талаби. Комбинатнинг салоҳиятли жамоаси келгусида ҳам иқтисодий юксалиш омили бўлган бу борадаги ишларни изчил давом эттираверади.
Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори